Линклар

Қарздорларни евро ҳудудидан чиқариш таклиф қилинмоқда


Германия Канцлери Ангела Меркел молиявий қоидаларни бузган давлатларни евро ҳудудидан чиқаришни таклиф қилмоқда.

Германия Канцлери Ангела Меркел молиявий қоидаларни бузган давлатларни евро ҳудудидан чиқаришни таклиф қилмоқда.

Европа Иттифоқининг иқтисодий жиҳатдан энг қудратли аъзоси бўлган Германия Европа Иттифоқнинг молиявий бошқарув қонунларини бажармай келган ҳар қандай аъзо давлатни умумий евро ҳудудидан чиқариб юборишни таклиф қилди.

Бу масала Берлин расмийлари томонидан кун тартибига қўйилишига Греция ҳукуматининг катта қарзга ботгани сабаб, халқаро молия бозорларида евро қадри сезиларли пасайгани сабаб бўлди.

Германия Канцлери Ангела Меркел Европа Иттифоқи еврони ягона пул бирлиги сифатида қабул қилган давлатлар учун умумий бўлган молиявий қоидаларни доимий равишда бузиб келган ҳар қандай аъзо давлатни гуруҳдан чиқариб юбориш танловига эга бўлиши кераклигини айтди.

Германия парламентида 17 март куни чиқиш қилган Меркел бу танлов евро ҳудудида қабул қилинган қонунларни бажаришнинг уддасидан чиқа олмай келган аъзо давлатга нисбатан “сўнгги чора” сифатида қўлланилиши мумкинлигини айтди.

- Келажакда биз (Лиссабон) шартномасига, қабул қилинган шартларни узоқ муддат давомида қайта- қайта бажармай келган аъзо давлатни сўнгги чора сифатида евро ҳудудидан чиқариш тўғрисидаги бандни киритишимиз керак. Акс ҳолда ҳамкорлик қилиш имконсиз, - деди Германия Канцлери.

Германия парламенти аъзолари Меркелнинг бу сўзларини қарсаклар билан қўллаб-қувватлади.

Ўтган ҳафта Германия Молия вазири Волфганг Шаубле 16 давлат томонидан умумий пул бирлиги сифатида қабул қилинган евронинг барқарорлигига таҳдид солган ҳар қандай аъзо давлатга нисбатан чора кўриш кераклигини тавсия қилган.

Ангела Меркел ўз чиқишида Грецияда юзага келган молиявий бўҳронни ”евро барқарорлиги учун пайдо бўлган энг жиддий муаммо” дея бахолади.

Германия раҳбари Европа Иттифоқининг “Барқарорлик ва тараққиёт ҳақида”ги келишуви бундай кўламдаги муаммони бартараф қилиш учун етарли эмаслигини таъкидлади.

Шартномада евро ҳудудига аъзо давлатларда бюджет камомади ялпи маҳсулот ҳажмининг 3 фоизидан ошмаслиги назарда тутилган.

Ҳозир Греция ҳукуматининг бюджет камомади 12,7 фоизни ташкил қилмоқда. Шу боис инвесторлар бу евро қадрининг пасайишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Грециядаги воқеалар евро ҳудудидаги катта қарзга ботган бошқа давлатларда, жумладан, Испания ва Португалия борасидаги хавотирни кучайтирди.

Германия парламентдаги чиқишида Ангела Меркел ўз қатъий позициясини бир оз юмшатиб, бўҳрон юз берган пайтда ҳеч бир давлат “ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги кераклиги”ни айтди.

Айни пайтда 18 март куни Брюсселда, Европа парламентида қилган чиқишида Греция Бош вазири Жорж Папандреус ўз ҳукумати юзага келган молиявий бўҳронни ҳал қилиш чораларини кўраётганини таъкидлади.

- Ҳозирда биз бюджетимизнинг улкан камомадини камайтириш чораларини кўряпмиз. Бу эса зудлик билан фундаментал ислоҳотлар ўтказишни талаб этади ва биз шундай кескин ислоҳотлар ўтказяпмиз, - дея баёнот берди Греция Бош вазири.

Евро ҳудудига аъзо давлатлар молия вазирларининг шу ҳафта бошида Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишида Грецияни бўҳрондан қутқариш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа қабул қилинди. Йиғилиш қатнашчилари агар Греция ҳукумати ўз қарзларини тўлашнинг уддасидан чиқа олмаган тақдирда, бу режа амалга тадбиқ этилиши хусусида келишиб олдилар.
XS
SM
MD
LG