Линклар

logo-print

Покистонда ўзбек жангарилари ҳануз фаол


Покистон матбуоти тарқатган хабарга кўра, Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасида жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб борилишига қарамай, минтақада ҳануз кўп сонли хорижлик жангарилар фаолият юритмоқда.

Sify News сайтининг минтақадаги манбаларга таяниб ёзишича, Шимолий Вазиристонда Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқаси бўлган 1500дан ортиқ ўзбек жангариси фаолият юритмоқда.

Айни пайтда Покистон армияси қўмондонларидан бири “The Times” нашрига берган интервюда хавфсизлик кучлари 2009 йилнинг кузида Жанубий Вазиристонда 1500 дан ортиқ ўзбек жангарисига тўқнаш келганини маълум қилди.

Қўмондонлардан яна бири яқинда Вазиристонда олиб борилган амалиётлар чоғида йўқ қилинган 300 га яқин жангариларининг салкам 10 фоизи хорижликлар бўлганини билдирди. Покистон ҳарбийси, шунингдек, қабилалар истиқомат қилувчи ҳудудда Марказий Осиёдан бўлган кўп сонли жангарилар беркинаётганини таъкидлади.

Айтилишича, 2001 йилда толиблар Афғонистондан қувилгандан сўнг ўзбек жангарилари ҳам Афғонистондан қочиб, Покистоннинг қабилалар истиқомат қилувчи ҳудудларига келиб жойлашган.

Айни пайтда ўзбек жангариларининг маҳаллий қабилалар билан муносабатлари яхши эмаслиги ва сўнги олти йил давомида ўзбеклар ва маҳаллий жангарилар ўртасида тўқнашувлар рўй бергани ҳам хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG