Линклар

logo-print

Россияда норозилик чиқишлари бўлиб ўтди


20 март куни Москвада норозилик намойишига чиққан мухолифат тарафдорларининг анчагинаси пойтахт милицияси томонидан ушлаб кетилди.

20 март куни Москвада норозилик намойишига чиққан мухолифат тарафдорларининг анчагинаси пойтахт милицияси томонидан ушлаб кетилди.

“Ғазаб куни” муносабати билан уюштирилган намойишларда иштирок этмиш минглаб россияликлар бош вазир Владимир Путин етакчилигидаги ҳукумат истеъфосини талаб қилдилар.

Россия ҳукумати сиёсатига қарши қаратилган оммавий норозилик намойишлари Владивостокдан тортиб Иркутск, Барнаул, Омск, Қозон, Новосибирк ва Санкт Петербург шаҳарларида бўлиб ўтди.

“Ғазаб куни”нинг биринчи намойиши чекка Владивосток шаҳрида бошланди. Шаҳар марказига тўпланган мингдан ортиқ намойишчи бош вазир Владимир Путин истеъфоси ва солиқлар қисқартирилишини талаб қилдилар. Намойишчилар бош вазир Владимир Путин, маҳаллий раҳбарлар, жумладан, Владивосток губернатори Серкей Даркин ва шаҳар ҳокими Игор Пушкарёвни оддий халқ ҳисобидан олигархларни боқаётганликда айбладилар.

- Бугун мен Медведев ва Путинни ҳамда Даркин ва Пушкарёвларни олигархлар буйруқларини бажараётганликда ва давлатимизни жар ёқасига олиб келганликда айбламайман. Бир сўз билан айтганда буни геноцид, деб аташ мумкин, деди намойишчилар олдида нутқ сўзлаган мухолифат фаолларидан бири.

Норозилар, шунингдек, губернатор Даркин истеъфоси ҳамда янги губернатор сайлови ўтказилишини талаб қилдилар.

Маҳаллий расмийларнинг билдиришича, Владивостокдаги намойишда 500 га яқин фуқаро қатнашган, бироқ Озодлик радиосининг мухбирига кўра, норозилар сони икки мингдан ортиқ бўлган.

Иркутск шаҳридаги намойишда эса “Солидарность” ҳаракати етакчиси Борис Немцов қатнашди.

- Сизлар бутун Россия учун ўрнаксизлар. Россияда кўп одамлар қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, деб ўйлайди. Кўп одамлар эса партиялар порахўр бюрократларга тегишли ҳамда олигархлар партияси давлат бошқарувини қўлга киритган ва бутун умр шундай қолади, деб ҳисоблайдилар. Бироқ биз Иркутск шаҳрида халқ кўп нарсани билдиришини намойиш қилдик, деди Борис Немцов.

Россия ҳукуматига қарши норозилик намойишлари 20 дан ортиқ шаҳарларда бўлиб ўтди. Кўпгина шаҳарларда эса маҳаллий ҳукумат норозилик намойиши ўтказишни таъқиқлаб қўйди. Хусусан, намойишлар пойтахт Москва ва Калининградда таъқиқланди.

Пойтахт Москвада ҳукумат буйруғига эътибор қилмай, намойиш ўтказишга уринган 60 дан зиёд шахс милиция томонидан қўлга олинди.

Интерфакс агентлигининг билдиришича, 30 га яқин намойишчи Пушкин майдонида ва яна 30 дан зиёд киши Трубной майдонида милиция томонидан ушлаб кетилган.

Москва милициясининг намойишчиларга нисбатан куч қўллагани ва бир неча шахсни калтаклагани хусусида ҳам хабар тарқатилди.
XS
SM
MD
LG