Линклар

logo-print

Дошқозонда сумалак - ўчоқ бошида она

  • Гулнора Равшан

Наврўз дастурхони атрофига жамланган тожикистонлик момолар юрт тинчлигию тўкинчилигини тилаб дуо қилмоқдалар.

Наврўз дастурхони атрофига жамланган тожикистонлик момолар юрт тинчлигию тўкинчилигини тилаб дуо қилмоқдалар.

Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидан бўлгани каби Тожикистонда ҳам айни кунда кексаю ёш Наврўзнинг асосий таоми ҳисобланмиш сумалак пишириш билан машғул.

Рудакий туманида яшовчи Холиса ая йил сайин Наврўзда сумалак қайнатади. У сумалак тайёрлашни онаси Лайли момодан ўрганган.

- Аввал буғдойни икки кун сувга ивитиб қўямиз. У нишлагандан сўнг лаганларга ёйиб, ҳар куни мунтазам сув сочиб турамиз. Буғдой нишлари салгина кўкарганидан кейин сумалакни қозонга соламиз. Агар буғдойимиз жуда баланд бўлиб ўсиб кетса, сумалагимизнинг таъми аччиқ бўлиб қолиши мумкин, дейди Холисахон ая.

Суҳбатдошимизнинг гапига қараганда, сумалак асосан буғдойнинг илдизидан тайёрланади, шунинг учун бу таомга шакар солинмаса ҳам ширин бўлади.

Баҳор таоми сумалакни қайнатиш катта заҳмат талаб қилгани учун Холиса ая яқинлари ва қўни-қўшнилари билан биргаликда сумалак солади.

Масаллиғ қозонга солингач, шу қишлоқнинг ёши улуғ аёлларидан бири қозон бошида туриб, дуога қўл очади.

- Янаги йилларга ҳаммамиз соғ-саломат етайлик. Қизларимиз, ўғилларимиз бахтли–тахтли бўлишсин, замонимиз тинч бўлсин, деган ниятда сумалак қўямиз, дейди сумалак базмига тўпланганлар орасидаги улуғлардан бири Гулноза Гулаева.

Сўнгра кўнглида тугилган яхши орзу ниятларига етиш орзусида бўлган ёшу қари навбат билан қўлига кафгир олиб, сумалакни қўзғайди.

- Мўл-кўлчилик бўлсин, омборларимиз буғдойга тўлсин. Янаги йилги сумалакларга етайлик. Биз, ўзбек-тожик халқлари азалдан қуда-андамиз. Истайманки, ўзбек-тожик халқи мана шу сумалакдек аралашиб, бирга юрсин, дея тилак қилади қаҳрамонимиз Холиса ая.

Икки қондош халқ ўзбек ва тожикларнинг сумалак қайнатишида ҳеч қандай фарқ йўқ. Ўзбек ҳам, тожик ҳам қайнаётган сумалакнинг ичига тош ва ёнғоқ солади.

- Бунинг маъноси бошимиз тошдек қаттиқ бўлиб, ризқимиз фаровон бўлсин деганида, дейди Холиса ая.

Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан халқаро эътирофга эга бўлганидан сўнг тожикистонликлар ҳам Марказий Осиёнинг бошқа халқлари қаторида бу байрамни янада кенгроқ ва янада файзлироқ ўтказиш имкониятига эга бўлганларини айтишмоқда.

Тожикистон ҳукумат қарорига биноан бу йил Тожикистонда Наврўз 4 кун нишонланади. Аммо қаҳратон қишни ортда қолдириб, соғ-саломат кўкламларга етиб олган тожикистонликлар бу байрамни яна бир ой давомида нишонлашади. Қишлоқларда қозон-қозон сумалаклар қайнатилиб, қизлар базми қизигандан қизийди.
XS
SM
MD
LG