Линклар

Баҳор келиши билан ўзбекистонликлар тўй тараддудига тушиб қоладилар. Тўйлар мавсумида бозори чаққон бўлиб қоладиган ўртакашларга кейинги пайтларда қўйилаётган талаблар ҳам кучайиб бормоқда.

Тирикчилик сабаб касбини ўзгартириб, ўртакашлик билан шуғулланаётган бухороликлар орасида турли соҳа вакиллари бор.

Нишон Отамуродов Бухоронинг таниқли санъаткорларидан бири. Шу билан бирга Нишон ака бир неча йилдан бери тўй олиб бориш билан ҳам шуғулланиб келмоқда.

- Ҳаёт тақазоси билан бошловчи бўлдим. Энди ҳар ким ҳар хил йўлга кетганда. Менинг йўлим шу бўлиб қолган, дейди Нишон Отамуродов.

Бошқа тўй бошловчиларидан фарқли ўлароқ суҳбатдошимиз тўйларга замонавий ноутбук, микрофонлари билан боради. Нишон аканинг айтишича, бугунги кунда замонавий тўй бошловчи ҳар бир тўйга катта тайёргарлик кўриши керак.

- Ҳар йил мен янги ва хилма-хил конкурслар билан тўйни бошқача қилиб олиб боришга ҳаракат қиламан. Бу йил ҳам худди шундай - янги конкурслар устида ишлаяпман, дейди Нишон ака.

“Ўзбегимнинг тўйлари бор бўлсин” дея оғзидан бол томиб турувчи ўртакашлар тўйдаги меҳмонларнинг турли хил хурмача қилиқларини ҳам кўтаришга мажбур. Ахир тўй эгаси ўртакашнинг ишидан рози бўлиши учун у барчанинг кўнглини ола билиши лозим.

- Тўй, бу албатта, ичкилик билан боғлиқ. Мен ўзим-ку ичмайман, озгина қийинроқ бўлади. Бошқалар мени тортиб қолади. “Бу ерга ўтиринг, Нишон ака, мен билан 50 грамм олинг, ҳурмат қилмайсиз” деб. То унга тушунтиргунингизча ҳам вақт кетади, ҳам асаб бузилади. Бунақаси кўп бўлади, дейди Нишон ака.

Бухоролик яна бир тўй бошловчиси Мурод ака ҳозирги тўй маросимларида ўртакашларга қўйилаётган талаб ҳам кучайиб бораётганини айтади:

- Аввалги тўйларда қизиқчилик қилсангиз ҳам қабул қилар эди. Озгина майнавозчилик қилсангиз ҳам, кулдириб одамни, тўйни ўтказиш мумкин эди. Ҳозир оддий шеърларни қабул қилмаяпти, шеърларнинг мантиқига қараяпти. Тўйларимизнинг кўпида Россиядан, чет элдан меҳмонлар иштирок этишаяпти. Рус тилида ҳам гапиришга тўғри келаяпти, дейди Мурод ака.

Суҳбатдошимиз ўзини ноқулай аҳволга соладиган бошқа бир жиҳатга ҳам тўхталади:

- Энг ёмон томони, мен учун бошловчи сифатида агар сен билан тўйга борган санъаткорларнинг репертуари жуда хароб бўлса ва тўйда қўйилган аппарати талабга жавоб бермаса, дейди Мурод ака.

Айни пайтда тўй эгаларининг ҳам бошловчилар олдига қўядиган ўз талаблари бор. Яқинда тўйи бўлиши керак бўлган бухоролик қизлардан бири ўртакашлар репертуари янада кенгроқ бўлишини хоҳлашини айтади.

- Зерикарли бўлмасин. Фақат ривоят, шеър эмас-да. Ўйинлар бўлсин ҳар хил, ҳам ёшларбоп, ҳам ёши кексаларга мос бўлсин, дейди суҳбатдошимиз.

Бухородаги бошловчилар бугунги кунда тўйдаги хизмати учун ўртача 50 минг сўм ҳақ олади. Тошкентдаги ўртакашлар эса битта тўйда хизмат қилиш учун камида 100 АҚШ доллари сўрайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG