Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:18

Ё икки юз сўм, ё айланма йўл


Гувоҳларнинг айтишларича, виза олишдаги муаммолар ва чегарачиларга пул бермаслик истаги айрим тожикистонлик ва ўзбекистонликларнинг расмий чегара пунктларидан эмас, балки айланма йўллар орқали чегарадан ноқонуний ўтишга мажбур қилмоқда.
Гувоҳларнинг айтишларича, виза олишдаги муаммолар ва чегарачиларга пул бермаслик истаги айрим тожикистонлик ва ўзбекистонликларнинг расмий чегара пунктларидан эмас, балки айланма йўллар орқали чегарадан ноқонуний ўтишга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг ўзаро чегарада тожикистонликлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилаётганига оид иддаолари Душанбе тарафидан рад этилмоқда.

Ўзбекистон Миллий ҳавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган маълумотда айтилишича, Ховос туманида чегарадан ноқонуний ўтган икки тожикистонлик ушланган. Чегара бузувчилар ҳужжатсиз бўлганлиги учун туман ички ишлар бўлимига топширилган.

Маълумотда, шунингдек, жорий йил март ойи бошида Бекобод туманида тожикистонлик 30 фуқаро ушланиб, уларга нисбатан маъмурий чора кўрилгач, депортация қилингани айтилади.

Бироқ Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш Cўғд вилоят бошқармаси вакиллари республиканинг Зафаробод ва Ўзбекистоннинг Ховос туманлари ўртасидаги чегарада тожикистонликлар ушланганлиги ҳақидаги хабар асоссиз эканлигини айтмоқдалар.

Исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган бошқарма мулозимининг сўзларига кўра, бу хабардан кейин маълумотда зикр этилган Исмоилов Акбар Шодибекович ва Жамолов Жаббор Зокировичлар шахсини аниқлаш ишлари олиб борилган, лекин Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Сўғд вилоятининг тўртта туманида бундай фуқаролар борлиги аниқланмаган.

Боз устига, тожик мулозими сўзларига кўра, жорий йил март ойида Бекобод туманида 30 тожикистонлик ушланганлиги ҳақидаги хабар ҳам ёлғон бўлиб чиққан.

Сўғд вилоятининг Спитамен туманида истиқомат қилувчи Раҳматулланинг айтишича, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари сўнгги пайтларда чегарадан ўтиш тартиби кучайтирган. Бунинг натижасида шу кунда чегара нуқтасида одамлар соатлаб навбат кутаяпти.

- Чегарадан ўтиш нуқтасида одамлар кўп. Чунки илгари фақат паспортни текшириб, муҳр босиларди. Эндиликда ҳар бир одам ва унинг нарсалари синчковлик билан текширилмоқда. Бу эса ҳам Тожикистон томонидан, ҳам Ўзбекистон томонидан навбатда турган одамлар кўпайишига олиб келди. Улар орасида кексалар, ёш болали аёллар ҳам бор, дейди Раҳматулла.

Айни пайтда ўзбек-тожик чегарасидан ўтишда ҳар доим ҳам, ўзбек чегарачилари иддао қилганларидек, қонунга мутлақо риоя қилинган ҳолда иш олиб борилаётгани йўқ. Айрим тожикистонликларнинг гувоҳлигича, айни кунда ўзбек-тожик чегара масканларида коррупция авжига минган.

- Виза бўлмаса, чегарадаги ҳар бир постга 200 ўзбек сўмидан бериб ўтади, дейди ўзбек-тожик чегара масканларидан тез-тез ўтиб турувчи суҳбатдошларимиздан бири.

Чегарачиларга берадиган пул ёнига қолишини истаган визасиз фуқаролар эса чегарадан ноқонуний равишда ўтишга уринаяптилар.

- Пул тўлашни хоҳламаганлар мана шу совуқ кунларда белигача сувга кириб, каналдан ўтиб келаяпти. Пули борлар мана шу постдан ўтаяпти, дейди бошқа бир суҳбатдошимиз.

Панжакент туманида истиқомат қилган Аҳмаджон Хўжандга олиб борувчи довон йўлини қор босганлиги сабабли Ўзбекистон орқали йўлга чиққан. Аҳмаджон Хўжандга Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари орқали ўтиб келганини айтади. У бундан буён уйига асло Ўзбекистон орқали қайтмасликка қарор қилган. Чунки, Аҳмаджоннинг айтишича, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари вакиллари унинг ва шеригининг бор пулини тортиб олишган.

- Панжакент шаҳридан Саразм чегара постига бордик. У ерда Ўзбекистон божхонасидан ўтмоқчи бўлдик. Сумкаларимизни очиб тинтишди. “Бор нарсангни ёзгин” дея бир варақ беришди. Кейин икки мелиса келиб, бир хонага олиб кирди. У ерда 200 сомоний (тақрибан 45 АҚШ доллари – таҳр.) пулимизни олишди, дейди Аҳмаджон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 200 километр йўл босиб, Хаштияк постига етиб келишганда бу ерда хам Ўзбекистон чегарачилари тожикистонликларнинг қолган пулларини тортиб олишган.

Таҳлилчи Махина Ваҳобованинг айтишича, Ўзбекистон томони 2008 йилда ёпиб қўйган олтита чегарадан ўтиш нуқталарини ҳанузгача очмаган. Бироқ бу ҳолат икки республика аҳолиси учун тўсиқ бўлмаяпти.

- Ўзбеку тожикларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтишларига, биринчи навбатда, иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлмоқда. Бу икки халқни азал- азалдан дўстлик ришталари, савдо-сотиқ алоқалари боғлаб келади. Шўролар даврида чегара нималигини билмаган қўшниларнинг қариндош-уруғчилик ришталари шунчалик қаттиқ боғланган эдики, эндиликда улар билиб-билмай чегарани бузишга мажбур бўлмоқдалар, дейди таҳлилчи.

Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда Сўғд вилоятида хорижлик фуқаролар томонидан бир қатор жиноятлар содир этилган. Бу жиноятчиларнинг асосий қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган. Улар чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, ўғирлик, ноқонуний банг моддаси савдосига қўл уриш ва ҳаттоки қотилликда айбланиб ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG