Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

Эркин микрофон - "Ҳамма нарсанинг ечими халифаликда"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"Қурултой" дастурининг қадимчилик ва жадидчилик муаммосига бағишланган сони эфирга узатилганидан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам унда билдирилган айрим фикрларга эътироз билдириш истагидагилар Озодликка сим қоқмоқда.

Бухоро амирининг олтинлари Бухорога қайтадими

деб савол берди Бухородан қўнғироқ қилган ëш тингловчимиз.

- Бухоро амири амир Олимхон Бухорога мерос қилиб қолдирган экан. Ҳозир Швейцария банкида экан. Бухорога мерос қилиб қолдирган экан хазинами¸ бойликми. Ҳозир шу Швейцариядаги банкда экан¸ дейди бухоролик суҳбатдош.

Бухоронинг охирги амири бир неча файтон олтин билан Афғонистонга қочиб кетгани ва йўлда бир файтон олтин Шофиркон ëнидаги ботқоққа ағанаб кетгани ривоят қилинади.

Ҳатто Бухородаги Талли сафед қишлоғида бу олтинларнинг қаердалигини биладиган кексалар ҳам борлиги ҳақида гап юради. Аммо Олимхон олтинларининг қаердалиги номаълум.


Ягона идеал давлат тузуми бу ислом халифалиги

деган Абдураҳмон исмли ўзбекистонлик "Қурултой" дастурида муҳокама қилинган қадимчилик ва жадидчилик мавзуига муносабат билдириш ва Зебунисо билан муноқашага киришиш орзусини билдирди.

Абдураҳмон: Зебунисо билан гаплашсам бўладими?

Озодлик: Бўлади. Ҳозир чақираман Зебунисони. Зебунисо¸ сизни тингловчиларимиздан бири чақираяпти.

Зебунисо: Ало¸ ассалому алайкум.

Абдураҳмон: Ваалайкум ассалом. Саломатмисиз¸ соғликларингиз яхшими?

Зебунисо: Раҳмат Худога шукур. Ўзингиз яхшимисиз?

Абдураҳмон: Ишларингиз яхшими? Худога шукур. Охирги марта "Қурултой" эшиттиришларингиз бўлдию¸ ҳалиги жадидчилар тўғрисида...

Зебунисо: У охиргидан олдингиси эди. Охиргиси маърифатпарвар бойлар ҳақида бўлди.

Абдураҳмон: Тўғри¸ тўғри¸ унисини эшитмай қолибман. Ўша бўйича телефон қилаëтган эдим. Бир фикр билдирмоқчи эдим.

Зебунисо: Марҳамат. Эътирозингиз менгамиди?

Абдураҳмон: Ҳа. Сиз айтдингизки¸ ўзбекистонлик ëшлар¸ нафақат ўзбекистонлик ëшлар қолаверса Ўзбекистондан ташқарига чиққанлари ҳам бирорта мақола ўртага муҳокамага ташланса¸ бунинг ечими фақат ислом деяпти¸ шу хавотирли нима дедингизку. Ўша гапларга эътирозим бор эдида.

Зебунисо: Марҳамат¸ гапираверинг.

Абдураҳмон: Аслида бирорта масаланинг ечимини топишликда кўп фикрни олаверади¸ аммо ечим битта бўладида, тўғрими? Бизнинг ҳаммамизни¸ нафақат инсонни¸ бутун оламни яратган Яратувчи бор. У инсониятни¸ бутун дунëни яратаëтганда битта қонуниятга бўйсундирганда. Ҳамма нарсанинг ечими исломда деганда шуни назарда тутаяптида. Масалан ҳар хил фикрни билдирган билан¸ масалан ҳозир демократик давлатларда йиғилишлар бўлаяпти¸ раҳбарлар у ëққа бориб бу ëққа келаяпти¸ бекордан бекорга давлатнинг пулларини сарфлаб нима қилаяптию¸ лекин ичидан ҳеч ким бирор конкрет ечимни айтмаяпти. Айтган ечимлари узоққа бормасдан ўзининг кучини йўқотиб¸ нотўғрилигини кўрсатиб бераяпти. Ҳозирги кундаги инсониятнинг¸ умуман бутун дунëнинг мана шунақа таназзулга учраб кетишлиги¸ ана шуларнинг нотўғри фикрлари синалаяпти ҳаëтда одамлар. Инсонларнинг бахтли ҳаëт кечиришлари ҳақиқий мақсад қилиб олинадиган бўлса¸ ўша битта тўғри ечим олингани афзал эмасми?

Зебунисо: Сиз айтаëтган гап тўғри бўладиган бўлса¸ қани менга битта мисол берингчи? Одамлар бахтли¸ адолатли яшаëтган бир исломий давлатни айтингчи? Қаерда бор?

Абдураҳмон: Саудияда ҳам исломмас¸ Покистонда ҳам¸ Эронда ҳам.

Зебунисо: Унда қаерда бор? Узоққа бормайлик. Яқин 100 йилларда шунақа модел борми?

Абдураҳмон: Йўқ¸ йўқ. Бу биз айтаëтган нарса¸ биз айтаëтган ислом¸ ҳақиқий ислом¸ халифалик тузуми борку¸ ана ўшани айтаяпмиз.

Зебунисо: Қаерда бор шунақа халифалик ҳозир?

- Ҳеч қаерда йўқда. Айнан ўша ечим бўлишлигини назарда тутиб айтаяптида ҳозир¸ дейди Абдураҳмон ака.

Абдураҳмон ака қайта тилга олган мавзуни янаги "Қурултой"да яна давом эттирамиз.


Наврўз табриклари

Қорақалпоғистондан келиб Россиянинг Твер шаҳрида ишлаëтган меҳнат муҳожири ўз яқинларини Наврўз билан Озодлик орқали қутлаш ниятини билдирди.

- Асли мен ўзим Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлиданман. Наврўз байрами билан ҳаммани чин дилдан табриклайман. Элликқалъа туманидан Ўрунов Анвар деган укамиз бор. Оиласига сиҳат-саломатлик. Оила аъзоларимизни табриклаймиз¸ дейди тўрткўллик суҳбатдошимиз.

Хоразмнинг Янгибозоридан бўлган Жуманазар ака ҳам Наврўз тилакларини онаси Солия опага етказиш ниятида.

Жуманазар ака: Ассалому алайкум Абдуллажон.

Озодлик: Яхшимисиз? Ҳорманг.

Жуманазар ака: Раҳмат.

Озодлик: Наврўзлар муборак бўлсин.

Жуманазар ака: Сизларни ҳам байрам билан табрикламоқчи эдим. Ўзбекистон халқини¸ юртимизни¸ биз ҳам мана муҳожирликда юрибмиз¸ онажонимизни Наврўз байрами билан табрикламоқчи эдим. Ҳозир мен Санкт-Петербург шаҳрида муҳожирликда ишлаб юрибман.

Озодлик: Асли қаердансиз?

Жуманазар ака: Хоразмнинг Янгибозор шаҳридан.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

Жуманазар ака: Ëшимиз 45 га бораяпти. 45 дан ўтдик. Исмим Жуманазар.

Озодлик: Янгибозорнинг қаеридансиз? Туман марказиданми?

Жуманазар ака: Ҳа. Мана онажонимизни кўрмаганимизга икки йил бўлаяпти.

Озодлик: Исмлари билан айтинг.

Жуманазар ака: Онажонимизнинг исми Солия опа. Ўғил-қизларимни¸ қариндош-уруғларни¸ мана Хоразмда бўлмаганимизга икки йил бўлаяпти¸ баҳор айëми билан муборакбод этмоқчи эдим. Онажонимга атаб битта шеър ëзган эдим. Айтсам бўладими?

Озодлик: Марҳамат.

Жуманазар ака:

Юрагимда айтар гапларим кўп¸
Сизга айтар сўзларим кўп¸
Онажоним¸ соғиндим сизни.

Она демак бу буюк зотдир¸
Таърифлашга бу инсон хосдир¸
Сиз учун мен бу дунëда бордир¸
Онажоним¸ соғиндим сизни.

Бугун элимизда Наврўз айëми¸
Айтиб ўтган буни Умар Ҳайëми¸
Нима деб айтарман бу дунëни¸
Онажоним¸ соғиндим сизни.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG