Линклар

Депутатлар жамоатчилик телевидениеси яратмоқчи

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистондаги телеканаллар¸ оддий ўзбекистонликлар фикрича¸ асосан халқ диққатини мамлакатдаги асл вазиятдан чалғитиш мақсадида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистондаги телеканаллар¸ оддий ўзбекистонликлар фикрича¸ асосан халқ диққатини мамлакатдаги асл вазиятдан чалғитиш мақсадида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда жамоатчилик телевидениеси ташкил қилиш тараддуди бошланган. Оддий халқ ҳамëнидан олинадиган пул ҳисобига ишловчи бундай телеканалларнинг эркин матбуот йўқ бир мамлакатдаги истиқболи шу халқ вакилларига қоронғу кўринмоқда.

Ўзбекистонда жамоатчилик телевидениеси ташкил қилиш тўғрисидаги ғоя Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Aхборот ва коммуникация технологиялари масалалари бўйича қўмитасида муҳокама қилинган.

Регнум агентлигининг ёзишича, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган янгича ғояни Халқ демократик партияси вакиллари ўртага ташлаган.

Ўзбекистонда бу ғояни ҳаётга тадбиқ этиш имкониятлари ҳақида ХДПнинг нашри бўлмиш “Ўзбекистон овози” газетаси журналистларига қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Бугунги кунда жамоатчилик телвидениесини ташкил қилиш эҳтиëжи қанақа Ўзбекистонда? Бу қанақа бўлади?

- Ҳозир сизга телефон бераман. 233-10-13. Беҳзод Шукуров шуғулланади. Ҳаммасини айтиб беради сизга.

Озодлик: Сиз журналист сифатида ўз муносабатингизни билдира олмайсизми? Партия вакили бўлсангиз керак сиз ҳам.

- Бошлаëтган ишга ўзлари баҳо берсин. Кейин бизлар ҳам қўшиламиз. Ўзи бошлаганда ўзи.

Озодлик: Беҳзод бошлаганми бу гапни?

- Шунақа бўлса керак¸ деб суҳбатдошимиз хайр-маъзур қилди.

Суҳбатдошимиз маслаҳатига кўра, Беҳзод Шукуров билан боғландик.

Беҳзод Шукуров: Мен кейинги бир ҳафтада ишга чиқмаган эдим. Шунинг учун бу ҳақда мен ҳозир сизга чуқур¸ сиз ўйлагандай маълумотларни бера олмайман.

Озодлик: Умуман шу нарса билан сиз шуғулланаëтган экансиз. Ҳозир журналист сифатида нима дейсиз - бугунги кунда Ўзбекистонда жамоатчилик телевидениеси керакми ëки керак эмасми? Керак бўлса¸ қанақа бўлади жамоатчилик телевидениеси? Шу ҳақда фикрингизни билдира оласизми?

- Ҳозир эмас¸ майлими? Мен ҳозир бутунлай бошқа мавзу устида жуда қаттиқ ишлаëтган эдим. Хаëлим ҳаммаси ўшанда. Агар ҳозир бу мавзуда суҳбатлашсак¸ биринчидан сиз ўйлагандай суҳбат чиқмайди¸ иккинчидан мен чалғиб кетиб қоламан¸ дейди Беҳзод Шукуров.

ХДП нашри “Ўзбекистон овози” газетасидаги ҳамкасбларимиздан жўяли жавоб ололмагач, Ўзбекистон телевидениеси Ёшлар каналидаги ҳамкасбларимизни безовта қилдик. “Давр” ахборот бўлимининг ўзини таништирмаган мухбири Ўзбекистонда жамоатчилик телевидениесига эҳтиёж борлигини айтди, лекин бу эҳтиёж нима билан шартланганини изоҳлаб беришдан ўзини тийди.

- Керак ¸ деб ўйлайман. Яқинда ҳам таъкидланди назаримда. Ҳозир аниқ эслай олмаяпман. Яқинда Олий Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлисида айтилди.

Озодлик: Нима учун бугун шу масала долзарб бўлаяпти? Мана Ўзбекистонда иккита марказий телеканал – Ўзбекистон ва Ëшлар канали бор. Булар Ўзбекистон аҳолисини информация билан етарлича таъминлай олмаяптими ëки бунинг бошқа сабаблари борми?

- Билмадик ака. Саволингизга жавоб бериш... Мен очиғини айтсам¸ бу ерда янги ходимман. Мен бу борада ҳозир бир нарса дея олмайман.

Озодлик: Умуман жамоатчилик телевидениеси деганда нимани тушунасиз? Жамоатчилик телевидениеси ўзи нима? Ëшлар каналидан фарқи нима?

- Исм-шарифингизни ким дедингиз ака?

Озодлик: Фаррух Юсуфий.

- ................... (шу ерда суҳбатдошимиз телефон гўшагини қўйиб қўйди)

Жамоатчилик телевидениеси ўзи нима ва унинг Ўзбекистон шароитида истиқболлари қандай, деган масалага бироз кейин қайтсак.

Ҳозир эса Америкадаги National Geografic каналига ўхшаш “экотелеканалини” ташкил қилиш масаласига тўхталсак.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қуйи палатаси депутати, Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоси Шоира Ҳайдарова Озодлик радиоси билан суҳбатда, янги телеканалларни ташкил қилишга оид муҳокамаларада қатнашмаганини айтди. Лекин суҳбатдошимиз фикрича, экология масалаларини ёритувчи телеканални ташкил қилиш Ўзбекистон учун фойдадан холи бўлмайди.

Шоира Ҳайдарова: Менинг ўзимнинг шахсий муносабатим агар шундай бўлса¸ яхши бўлар эди.

Озодлик: Бугунги кунда экологик масалалар Ўзбекистон матбуотида¸ телевидениесида етарли даражада ëритилмаяпти¸ деб ҳисоблайсизми?

- Бу борада янаям ишлаш керак. Янаям яхшироқ ишлашимиз керак. Аҳолининг экологик маданиятини оширишимиз керак. Экологик маданиятни оширганимиздан кейингина экология тўғрисида гапиришимиз¸ аҳолининг маданиятини оширсаккина мақсадга мувофиқ бўлади, дейди ЎзЛиДеП вакили.

Энди жамоатчилик телевидениеси масаласига қайтсак. Жамоатчилик телевидениелари¸ айниқса¸ Ғарб мамлакатларида яхши ривожланган. Буларга Британиянинг ВВС ёки Американинг PBS медиа ташкилотларини мисол қилиш мумкин.

Масалан, PBS медиа корпорациясига болаларга мўлжалланган дастурлардан тортиб, сиёсий ҳаётни ёритувчи 350дан ортиқ телеканал аъзо бўлиб, уларнинг фаолияти асосан хусусий шахслар ёки тадбиркорлар берган маблағлар ва қисман давлат ажратган субсидиялар ҳисобидан молияланади.

ВВС корпорацияси ўз харжларинининг каттагина қисмини ҳар бир британиялик оилага солинадиган йиллик солиқ ҳисобидан қоплайди.

Бунинг учун корпорацияга аъзо телеканаллар ўз эфирларидаги рекламадан умуман воз кечади ёки унинг миқдорини камайтиради.

Хўш, Ўзбекистонда жамоатчилик телевидениеси ташкил қилиниши учун ўз ҳамёнидан пул ажратадиган оддий ўзбекистонликлар топиладими?

Қўқонлик тадбиркор Отабек ака Ўзбекистонда жамоатчилик телевидениеси ташкил этилиши истиқболларига ишонмайди.

Отабек ака: Йўқ¸ мен бунақа нарсага ҳеч қачон ҳомийлик қилмас эдим¸ қилмайман ҳам.

Озодлик: Нимага?

Отабек ака: Чунки биз хоҳлайдиган телевидение бўлмайди¸ бу бир. Эркин масалалар кўтарилмайди¸ бу икки. Ўша давлат дастури бўйича олиб борилади. Ўйин-кулги¸ хурсандчилик. Бошқа ҳеч нарса қўйилмайди.

Озодлик: Шунақа жамоатчилик телевидениеси тузилса¸ қанақа бўлишини истаган бўлардингиз? Қанақа телевидение бўлса¸ шу телевидениега ҳомийлик қилган бўлардингиз?

- Ақлимга сиғмайди бунақа нарсани яратишлари. Яратиб бўлмайдида бизда. Буни ақлга сиғдириб бўлмайди. Чунки эркин гапирадиганларни давлат системасида ишлатмайди. Ишламайди ҳам. Демак¸ бу ўзидан ўзи бунақа телевидениени яратишнинг иложи йўқ дегани, дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

Яна бир суҳбатдошимиз наманганлик Набижон ака.

Набижон ака: Мен бир тийин ҳам бермайман. Чунки у менинг бирорта сўзимни чиқара олмайди. Только президент Ўзбекистонда хўжайин. Ана шунинг гапини эшитсангиз¸ роса зўр. Аммо амалдаги қонунларнинг бирортаси ишламайди.

Озодлик: Сизнинг айтган сўзингизни ëки бор ҳақиқатни гапирадиган телевидение бўлса¸ ўшанга пул беришга тайëрмисиз?

- Пенсиядан қолганини беришим мумкин¸ агар халқнинг талабини бемалол қўрқмасдан эшитишса. Бу зўр бўладику. Унда беришга тайëрмиз¸ дейди наманганлик Набижон ака.

Лекин, деб қўшиб қўяди Набижон ака ҳам, Ўзбекистон шароитида аҳолини қониқтирувчи жамоатчилик телевидениеси ташкил қилинишига ишониш қийин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG