Линклар

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан санкцияларни кучайтиришга рози бўлишига умид билдирди. Айни пайтда Клинтон хоним бу режани амалга ошириш анча вақт талаб қилишини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Ҳиллари Клинтон АҚШ маъмурияти Исроил хавфсизлигини қўллаб-қувватлашини айтди.

- Халқаро ҳамжамият орасида Эрон раҳбарияти танлаган йўлини ўзгартириши учун унга нисбатан босимни кучайтириш, керак деган фикрдагилар кўпайиб бормоқда, деди Ҳиллари Клинтон.

АҚШдаги Исроил тарафдорларини бирлаштирган Жамоатчилик ишлари бўйича Америка-Исроил қўмитасининг анжуманида сўзлаган АҚШ Давлат котиби Теҳронга қарши санкциялар қўллаш масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашида уч марта овозга қўйилганини айтди.

Аммо бу чоралар Эронни ўз ядровий дастури борасида шаффоф қилмади. Кўпчилик Эрон атом қуролини қўлга киритишга уринмоқда, деган фикрда. Теҳрон бу иддаоларни рад қилиб ўз дастури тинч мақсадларни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.

АҚШ Давлат котиби анжуман қатнашчиларига Эронга нисбатан жиддий чоралар кўрадиган пайт келганини айтди.

- Мақсадимиз босқичма-босқич санкциялар жорий қилиш эмас, балки қаттиқ таъсир этадиган санкциялар қўллаш. Бу албатта вақт талаб қилади. Аммо биз ўз уринишларимиз имкон қадар кенг миқёсда қўллаб-қувватланиши учун вақт сарфлашга арзийди, деб ўйлаймиз, деди Ҳиллари Клинтон.

Бу масала Исроил учун муҳим аҳамиятга эга. Боиси Исроил узоқроқ масофага учадиган ракеталар қураётган Эронни Исроил учун кучайиб бораётган таҳдид, деб ҳисоблайди.

Жамоатчилик ишлари бўйича Америка-Исроил қўмитаси анжуманида Ҳиллари Клинтоннинг Эрон ҳақида айтган гапларини делегатлар бир неча марта гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Аммо Давлат котибининг АҚШ-Исроил муносабатлари ҳақидаги шарҳи қизғин қўллаб-қувватланмади.

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден 10 март куни Исроилга ташриф буюрган пайтда Исроил ҳукумати Қуддус шаҳрининг босиб олинган шарқий қисмига яҳудийлар учун 1600 та янги уй қуриш лойиҳасини эълон қилганидан кейин икки давлат ўртасида дипломатик бўҳрон юзага келди.

Байден ва Клинтон Исроилнинг бу режасини кескин қоралади. Давлат департаменти маълумотига кўра, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан 40 дақиқалик телефон сўзлашуви пайтида Клинтон Нетаняҳуга бу режа Исроил-АҚШ муносабатига салбий таъсир этишини таъкидлаган.

22 март куни Жамоатчилик ишлари бўйича Америка-Исроил қўмитаси анжуманида сўзлаган Клинтон Фаластин давлати тузилганидан кейин унинг назоратида бўладиган ҳудудга Исроил яҳудийлар учун янги уйлар қурмаслиги кераклигини яна бир марта қайтарди.

- Қуддус шаҳрининг шарқий қисмига ёки Ғарбий Соҳилга янги уйлар қуриш ўзаро ишончга путур етказади ва икки томон ҳам рози бўлган кенг кўламли музокаралардан олдин бўладиган сўзлашувларга таҳдид солади. Бу АҚШ ва Исроил ўртасидаги фарқни кўрсатади, қайсики ундан минтақадаги бошқалар ўз мақсадида фойдаланишга умид қилмоқда. Шунингдек, бу тинчлик жараёнидаги Американинг ўзига хос ролига путур етказиши мумкин, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон АҚШнинг эътирозлари икки давлат барпо этиш орқалигина Исроил давлатининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мумкин, деган ишончга асосланганини айтди.

АҚШ Давлат котиби фаластинликлар ишончини қозониш бўйича Тел-Авив қандай чоралар кўриши кераклиги борасида Нетаняҳу билан музокаралар олиб борилаётганини айтди.

23 март куни АҚШ президенти Барак Обама Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуни қабул қилиши режаланган.
XS
SM
MD
LG