Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:08

“Отим Президентга раҳмат”


22 март куни аёллар ўртасида ўтказилган от пойгасида душанбелик талаба Зарина Мирзоева ғалаба қозонди.
22 март куни аёллар ўртасида ўтказилган от пойгасида душанбелик талаба Зарина Мирзоева ғалаба қозонди.

Наврўз муносабати билан шу кунларда Тожикистоннинг турли жойларида от пойгаси бўлиб ўтмоқда. 22 март куни Душанбе отчопарида бўлиб ўтган мусобақада илк бор аёл пойгачилар ҳам иштирок этди.

Душанбе шаҳар ҳукумати ташаббуси билан 22 март куни отчопарда ўтказилган мусобақада қатнашиш учун республиканинг барча ҳудудларидан 80 нафар пойгачи йиғилди. Улардан 10 нафар ўзбек, тожик ва рус миллатига мансуб аёллардир.

Улардан бири Данғара туманининг Осмондара қишлоғидан келган 27 ёшли Матлуба Назарова от пойгасида эркаклар билан баравар қатнашишга тайёрлигини айтади.

- Қўрқмайман, от устида ғайратим яхши. Ғолиб келаманми, йўқми - уни тақдир билади, дер экан Матлуба бу йилги от пойгаси мусобақасида аёлларга ҳам йўл берилиши бу тожик жамиятида аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигининг исботи эканини айтади.

Республика мусобақасида илк бор қатнашаётган Матлуба айтишича, у яшаётган қишлоқда от пойгасига тайёргарлик кўриш учун махсус жойлар йўқ, от чоптиришни эса у отасидан ўрганган. Суҳбатдошимиз бугунги мусобақада қатнашиш учун рўйхатга ўз ихтиёри билан ёзилибди.

Шундай қилиб судья ишораси билан пойга бошланди.
Биринчи пойга икки ёшдаги от эгалари бўлган ўсмирлар орасида ўтказилди.

Иккинчи пойга уч ёшдаги от эгалари - 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган қиз ва жувонлар орасида бўлди. Ҳакам пойгага старт бериши билан мусобақани томоша қилиш учун шаҳар отчопарига йиғилган икки мингдан зиёд томошабиннинг қийқириғи қулоқни қоматга келтирди.

Мазкур пойга иштирокчилари орасида суҳбатдошимиз Матлуба Назарова ҳам бор эди. Аммо ғолиблик унинг рақибларидан бири - душанбелик Зарина Мирзоевага насиб қилди. Зарина 1000 метрлик масофани Президент исмли оти билан сал кам икки дақиқада босиб ўтди.

- Ростини айтсам, ҳаётимда биринчи марта от пойгасида қатнашаяпман, лекин таассуротим жуда зўр, менга ёқди. Отим Президентга раҳмат, бу жуда яхши от. Биз келгуси мусобақаларда ҳам албатта қатнашамиз, дейди 17 ёшли Зарина Мирзоева.

Республика от пойгаси ғолиби деб топилган Зарина Мирзоева Душанбе шаҳар ҳукумати ҳозирлаган соврин - Роғун ГЭСининг 2 минг сомонийлик акцияси (тақрибан 457 АҚШ доллари - таҳр.) билан тақдирланди.

Заринанинг бувиси Галина Ивановна неварасининг муваффаққиятидан суюнса-да, совриндан кўнгли тўлмаганини айтади.

- Талаба неварамнинг баҳорги мавсумга яхши уст-бош сотиб олиши учун ҳозир совриннинг пулини беришганида айни муддао бўлар эди, дейди Галина Ивановна ўзаро суҳбатда.

От пойгаси бўйича навбатдаги мусобақа, Душанбе шаҳар расмийларидан олинган маълумотга кўра, 27 июнда нишонланадиган Миллий бирдамлик куни ўтказилиши мўлжалланмоқда.
XS
SM
MD
LG