Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:30

Уяли алоқа бозорида ўсиш суръати сусайди


Бугунги кунда уяли алоқа хизмати Ўзбекистоннинг энг чекка қишлоқларигача кириб борди.
Бугунги кунда уяли алоқа хизмати Ўзбекистоннинг энг чекка қишлоқларигача кириб борди.

Ўтган йил давомида Ўзбекистонда уяли алоқа мижозлари сони 29 фоизга ошиб, қарийб 16 миллион кишига етди, дея хабар қилади Газета.уз сайти Avesta Research таҳлилий маркази ҳисоботига таянган ҳолда. Аммо бу кўрсаткич аввалги йилларга қараганда анча камдир.

Маълумотларга кўра, 2009 йилда Ўзбекистонда уяли алоқа мижозлари сони аввалги йилларда бўлгани каби икки баробар ошмаган. Бу эса Ўзбекистон уяли алоқа бозорида мижоз жалб қилиш суръати пасайганини англатади. Avesta Research таҳлилчилари фикрича, бу ҳолат муҳтамал мижозларнинг ҳаммаси ҳозирги пайтда мамлакатдаги уяли алоқа операторларига уланиб бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эндиликда уяли алоқа мижозлари сони аҳолининг мазкур алоқадан фаол фойдаланмайдиган қатлами ҳамда аввалги мижозларнинг янги рақамларга уланиши ҳисобига ошиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон уяли алоқа бозорида фаолият кўрсатаётган операторлар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиради.

Ҳозирда Ўзбекистондаги энг йирик уяли алоқа оператори бўлган МТС мижозлари сони 7,07 миллион кишини ташкил қилади. Бу ширкат мижозлари сони ўтган йили 25,3 фоизга ошган.

2009 йилда мижоз жалб қилиш бўйича энг яхши натижага UCell уяли алоқа оператори эришган. Бу ширкат ўтган йили ўз мижозлари сонини 89,1 фоизга оширишга муваффақ бўлган. Эндиликда UCell хизматидан 5,07 миллион мижоз фойдаланмоқда.

Билайн мижозлари сони эса, маълумотларга кўра, ўтган йилда аксинча қисқарган. Ҳозирда бу оператор хизматидан 3,326 миллион, бошқа маълумотларга кўра эса 3,515 миллион ўзбекистонлик фойдаланмоқда.

Шунингдек, Perfectum Mobile мижозлари сони 12,9 фоизга ошиб, 300 мингга етгани, UzMobile мижозлари сони эса 1,5 баробар ошиб, 35 мингга етгани айтилмоқда.

2009 йил натижалари кўра, уяли алоқа операторлари томонидан 3,55 млн мижоз жалб этилган бўлиб, ундан 2,4 миллиони Ucell ширкатига, 1,43 миллион эса МТС-Ўзбекистон ширкатига уланган.

Ҳозирда Ўзбекистондаги уяли алоқа мижозларининг 44,8 фоизи МТС, 32,1 фоизи UСell, 21,1 фоизи Билайн, 2 фоизи CDMA-операторлари (Perfectum Mobile ва UzMobile) хизматидан фойдаланади.

Avesta Research таҳлилчилари тахминига кўра, жорий йил охиригача Ўзбекистонда уяли алоқа мижозлари сони 25 фоизга ошиб, 19,7 миллионга етиши мумкин. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб 70 фоизи уяли алоқага эга бўлишини англатади.
XS
SM
MD
LG