Линклар

Бишкекдаги қурултой жанжал билан бошланди


Кузатувчилар қурултойдаги тортишувлар айнан президент Бакиев квотаси билан келган делегатлар томонидан бошлангани кутилмаган ҳол бўлганини айтмоқдалар.

Кузатувчилар қурултойдаги тортишувлар айнан президент Бакиев квотаси билан келган делегатлар томонидан бошлангани кутилмаган ҳол бўлганини айтмоқдалар.

Қирғизистон пойтахтида президент Бакиев ташаббуси билан ўтказилаётган Бирдамлик қурултойига президент квотаси билан делегат бўлганларнинг 8 нафари мазкур тадбирда иштирок этишдан қатъиян бош тортди.

Қирғизистонлик таниқли жамоат ва давлат арбоби Достон Сариғулов қурултойда иштирок этишдан бош тортган делегатлардан бири.

Унинг айтишича, президент квотаси билан сайланган 5 делегатнинг қурултой ишида иштирок этишдан бош тортишларига тадбир кун тартибининг аниқ эмаслиги ва мазкур делегатларнинг президент Бакиев сиёсати билан келиша олмасликлари сабаб бўлган.

5 делегат мухолифатга нисбатан тазйиқни тўхтатишни, арзон баҳога сотилган стратегик корхоналарни давлат ихтиёрига қайтаришни ва мамлакатнинг турли бурчакларида ўтказилаётган норозилик намойиши иштирокчилари талаблари бажарилишини талаб қилишмоқда.

Қурултойда қатнашишдан бош тортган делегат Қодир Қўшалиев эса анжуман партия фаоллари йиғинига ўхшаб қолмоқда, деб фикр билдиради:

- Бир доклад ўқилиб, кейин уни муҳокама қилиш партия фаоллари йиғилишига ўхшаб қолади. Бундай форматдаги йиғиннинг бизга кераги йўқ. Қурултой халқ ва ҳокимият ўртасидаги диалог бўлиши лозим, деди Қодир Қўшалиев.

Айтиб ўтиш лозимки, қурултой ишида қирғиз мухолфиати иштирок этмаяпти. Президент ташаббуси билан ўтказилаётган Бирдамлик қурултойидан бир неча кун олдин, яъни 17 март куни ўз қурултойини ўтказган мухолифат бу анжуманда иштирок этишдан бош тортган.

Айни пайтда Бишкек филармониясида бошланган қурултойнинг 742 делегати йиғин президумига сайлаш учун ҳукумат томонидан тавсия қилинган номзодларга қарши чиқиб, ўз номзодларини сайлашни талаб қилдилар.

Қурултой президиуми сайлангач, биринчи сўз президент Бакиевга берилди. Президент ўз нутқини Қирғизистонда авж олган қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик, ҳукумат амалдорларининг ўз яқинларини давлат лдавозимларига тайинлаши каби ҳолатлар мамлакат равнақига тўсқинлик қилаётганини айтиш билан бошлади.

Бу эса қурултойни кузатиб бораётган мухолифат вакилларида киноявий табассум пайдо қилмоқда. Чунки президент Бакиевнинг олти нафар қариндоши, жумладан, ўғли Максим Бакиев Қирғизистондаги энг олий лавозимларни эгаллаб турибди.

Президент Бакиев ўз сўзида давом этар экан, “қурултой хилма-хил фикрлар айтиладиган бир форум бўлиши”га ишонишини айтди.

Президентнинг бу ишончи қурултой давомида ўз исботини топгандек бўлди. Қурултой делегатлари президентни мақташдан кўра кўпроқ танқид қилдилар.

- Инқилобчи дўстларингизнинг ёши улуғлари оламдан ўтди, бир қисми қамоқхоналарга тиқилди, яна бир қисми эса чет элларга қочиб кетишга мажбур бўлди.

Қурмонбек Солиевич, бир вақтлар сиз ҳам мана шундай тазйиқларга учраганингзини эсингиздан чиқарманг.

Бу қамоққа олишлар ва тазйиқлар “юқори раҳбарият” буйруғи билан бўлаётганини ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ва судлар яширмасдан очиқ айтишаяпти бизга, деди президент квотаси билан қурултойга келган делегат Бўдўш Мамирова.

Йиғинда сўзлаган делегатларнинг кўпчилиги президент Бакиевдан суд мустақиллигини таъинлашни, мухолифатга босимни тўхтатишни, қамоққа олинган мухолифатчиларни озод қилишини, 250 фоизга оширилган коммунал хизматлар нархини аввалги ҳолига қайтаришни талаб қилдилар.

Айни пайтда мухолифатдаги “Оқ шумқор” партиясининг 20 га яқин фаоли қурилтой ўтказилаётган Бишкек филармонияси биноси олдида милиция томонидан қўлга олинган.

Мазкур партия фаолларининг айтишларича, улар Бирдамлик қурилтойи делегатлари билан учрашиб, мухолифат ҳукумат олдига қўйган талаблар ҳақида гапириб бермоқчи бўлганлар.

Қурултой иши 24 март куни ҳам давом этади. Бирдамлик қурултойи қабул қилган қарор халқ вакиллари буюртмаси сифатида бажариш учун Қирғизистон ҳукуматига жўнатилади.
XS
SM
MD
LG