Линклар

Тожикистон Ўзбекистонга норозилик нотасини топширди


22 март куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг бу мамлакатдаги элчиси Шоислом Шоқосимовни вазирликка чақириб, Тожикистонга тегишли зарур техника ҳамда ёқилғи юкланган 1000 дан ортиқ вагон ҳамон Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилганига оид норозилик нотасини топширган.

Тожикистон Ташқи ишлар расмийси Давлат Назриев мазкур ҳужжат элчи жанобларига юк вагонлари билан боғлиқ масала тезроқ ҳал этилиши учун топширилганини маълум қилди.

Унинг билдиришича, феврал ойи бошидан буён Ўзбекистоннинг Ховос, Қарши, Сариосиё, Жайрон ва Қудуқли станцияларида ушлаб турилган юк вагонларининг сони борган сайин ортаётир.

Тожикистон Темир йўллари ширкати расмийси Усмон Қаландаровнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон томони юк вагонларнинг ўз ҳудудида туриб қолаётганини темир йўлларнинг бир қисмида олиб борилаётган қурилиши ишлари ҳамда темир йўлнинг асосан Туркманистонга тегишли вагонлар билан банд бўлиб қолаётгани билан изоҳлаган.

- Аммо бу Ўзбекистон томонининг навбатдаги баҳонаси. Аслида бу Ўзбекистон томонидан Тожикистон иқтисодиётининг блокада қилинишидир, дейди тожик расмийси Қаландаров.
XS
SM
MD
LG