Линклар

Парламент болаларни ўйлаб қолди


Ўзбекистондаги интернет кафелари ва компютер ўйинхоналарининг кунда-шундаси асосан вояга етмаганлардир.

Ўзбекистондаги интернет кафелари ва компютер ўйинхоналарининг кунда-шундаси асосан вояга етмаганлардир.

Ўзбекистон парламентида қабул қилинган янги қонунга биноан тунги вақтда вояга етмаганларнинг катталар қарамоғисиз ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека ва компьютер залларига, интернетга уланган ҳар қандай мослама билан жиҳозланган биноларга кириш тақиқланди.

Ўзбекистон парламентининг Қуйи палатаси “Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тўғрисида” қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилди. Қонун тафсилотлари ва уни ҳаётга тадбиқ этиш механизмларига оид саволлар билан Қонунчилик палатасига мурожаат қилдик. Ўз исмини ошкор этишни истамаган Қонунчилик палатаси мутасаддиси оддий ўзбекистонликлар кундалик ҳаëтига дохил бу қонун ҳақидаги саволларимизга қисқа гап билан жавоб қилди.

- Сизга бу ерда ҳеч ким ҳеч нарса демайди, чунки қонун асос беради. Лекин ундан ташқари турли қонун ости ҳужжатлари дегани бор. Ҳаётга тадбиқ қилмоқчи булган нарсангизни сиз қонундан айнан топа олмайсиз, дейди қонучилик палатаси мутасаддиси.

Қонунчилик палатасининг бошқа телефонларига қилган мурожаатларимиз ҳам натижасиз қолди.

Ўзбек болаларининг тунда назоратсиз юришини тақиқлаб¸ уларнинг жамоат жойларида интернетга уланишига нисбатан маъмурий жазо белгиловчи қонун ота-оналар томонидан анчайин ижобий қабул қилинмоқда.

- Менимча¸ яхши. Ота-оналарнинг назорат қилишига яхши бўлади. Кечки пайт вояга етмаган болалар кўчага чиқиб Худо билади нима бўлиб кетиши мумкин. Балки ëмон болаларга қўшилиб кетиши мумкин. Интернет кафеда ўтиргандан кейин тарбиясига зид бўлган ҳар хил ўйинларни ўйнаши мумкин¸ ҳар хил порнографик сайтларга кириши мумкин. Умуман кечки пайт вояага етмаган боланинг кўчага чиқиб интернет кафеда ўтиришига шахсан мен ҳам қаршиман. Ота-онанинг бўйнида бу нарса. Ота-оналар назорат қилса¸ керакли пайтда болаларини ташқарига чиқармаса¸ бу қонуннинг кераги ҳам йўқ. Қонун қабул қилинса¸ амал қилинадиган бўлса¸ бу ота-оналар учун фойда бўлади.

- Қўллаб-қувватлайман мен. Бизларнинг қадриятлар шундоқки¸ ҳозир ота-оналарнинг кўпчилиги ҳаддан ташқари иш билан машғул. Болалар назоратсиз қолаяпти. Бу ижобий натижа бермайди. Жиноятчилик ҳам назорат қилсак¸ камаяди. Номаъқул ишларга болалар қўшилмайди. Тасдиқланса¸ ижобий қадам бўлди деб ўйлайман¸ дейди Озодлик боғланган ота-оналардан айримлари.

Аксар ота-оналар фикрича¸ бу қонун аллақачон қабул қилиниши керак бўлган муҳим қонундир. Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисмини 15 ёшга етмаганлар ташкил қилиши ва Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ вояга етмаган бола яшаши инобатга олинса¸ янги қонуннинг кўлами анча кенг муаммога тааллуқли экани ойдинлашади.

Интернетдан фойдаланувчиларнинг аксарияти эса¸ интернет кафе фойдаланувчиларидир. Интернетдан фойдаланувчи ёшлар асосан ота-онасидан олган майда пул, овқатидан тежаган пулга компьютер залларига боришади. Кўплаб интернет кафеларининг тунда ўз хизматларини деярли икки баробарга арзон қилиши болалар учун ўзига хос оҳанрабодир.

- Ўзи эконом қилган пулимдан бераман овқатига. Интернет кафега пул бермайман. Уйда ўтиришимиз мумкин иккаламиз. Интернетда бир хиллари умуман тушунмасдан ўтиради. Мақсад бўлиши керак¸ дейди ота-оналардан бири.

“Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тўғрисида”қонуннинг қабул қилиниши¸ агар у амалга кўча бошласа¸ Ўзбекистондаги каттаю кичик интернет кафеларига фаолияти¸ хусусан улар даромадига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

- Ота-оналар пиражкага¸ сомсага пул беришади. Ўшани емасдан эконом қилиб¸ келиб компютер ўйнашади. Бу нарсанинг болаларга таъсири бор. Безори болалар вақтини ўша ерда ўтказади¸ ухлайдиган жойи йўқ¸ пулини тўлайди¸ ўтиради. Интернет кафега келади 12 да. Уч-тўртларда чиқади ва квартирага бориб у қилади¸ бу қилади. Ҳам яхши томони бор¸ ҳам ëмон томони бор. Фойда томони ҳам бор бунинг. Бизнесменларга яхши¸ лекин болаларга ëмон таъсири бор. Бу яхши эмас. Ҳозир кўпи структурани ëш болаларга эмас катталарга ривожлантираяпти. Ëш болалар кирганда 100-200-300 сўм билан киради. Ҳозир ҳамма интернет клублар ривожланаяпти. Ҳозир катта оборудование¸ play stationлар қўйиб¸ соатига 3000-4000 қилиб қўяяпти. Ëш болалар уже кира олмайди¸ дейди Тошкентдаги интернет кафеларидан бирининг эгаси.

2010 йил бошларига келиб Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 2,74 миллионни , ёки ҳар 1000 кишига 96,8 фойдаланувчига етди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG