Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:26

Тожикистон Ўзбекистонга норозилик билдирди


Тожик расмийларига кўра, Ўзбекистон темир йўлларида Тожикистонга тегишли бўлган 1000дан ортиқ вагон тўпланиб қолган.
Тожик расмийларига кўра, Ўзбекистон темир йўлларида Тожикистонга тегишли бўлган 1000дан ортиқ вагон тўпланиб қолган.

22 март куни Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоислом Шоқосимовга топширилган норозилик нотасида айтилишича, Тожикистонга тегишли 1000 дан ортиқ юк вагонлари феврал ойидан буён Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилибди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назрининг “Озодлик”ка маълум қилишича, мазкур ҳужжат элчи жанобларига юк вагонлари билан боғлиқ масала тезроқ ҳал этилиши учун топширилган.

Тожик расмийсининг гапига қараганда, феврал ойидан буён Ўзбекистоннинг Хавос, Қарши, Сариосиё, Жайрон ва Қудуқли станцияларида тутиб турилган мингдан ортиқ юк вагонларида ёнилғи, зарур техника ва қурилиш маҳсулотлари бор экан.

- Биз бу юк вагонлари билан боғлиқ муаммо тезроқ ўз ечимини топиб, юклар мамлакат ичкарисига киритилишини истаймиз, - деди Давлат Назри.

Тожикистон Темир йўллари ширкати масъулларидан бири Усмон Қаландаровнинг билдиришича, сўнгги икки ой мобайнида Тожикистонга бирорта юк вагони киритилмаган.

Ўзбекистон темир йўл станцияларида дунёнинг турли бурчагидан Тожикистон учун мўлжаллаб юборилган юк вагонларининг сони кун сайин ортмоқда.

Тожикистон Темир йўллари ширкати расмийси Усмон Қаландаровнинг “Озодлик”ка маълум қилишича, Ўзбекистон томони юк вагонларнинг ўз ҳудудида туриб қолаётганини, темир йўлларнинг бир қисмида олиб борилаётган қурилиш ишлари, ҳамда темир йўлнинг асосан Туркманистонга тегишли вагонлар билан банд бўлиб қолаётгани билан изоҳлаган.

- Аммо бу Ўзбекистон томонининг навбатдаги баҳонаси. Аслида бу Ўзбекистон томонидан Тожикистон иқтисодиётининг блокада қилинишидир, - дейди тожик расмийси Усмон Қаландаров.

Тожик расмийси Ўзбекистон юк вагонларида “Талко” алюминий ишлаб чиқариш корхонаси учун гил тупроқ, самолётлар учун ёнилғи ҳамда Роғун ГЭС қурилиши учун булдозерлар ва машиналар борлигини билдирди.

Расмийнинг айтишича, юк вагонларининг мамлакатга киритилмаётгани ортидан Тожикистон иқтисодиёти тахминан 5 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига йўл олдик.

Элчихона қўриқчилари “журналистлар элчихонага киритилмаслиги” ҳақида топшириқ олишганини ва ҳар қандай савол билан ёзма ёки телефон орқали мурожат этишимиз зарурлигини айтишди.

Ишхонага қайтиб, шу масалалар бўйича мутасадди экани айтилган Ўзбекистоннинг Тожикистондаги консули Зафаржон Раҳимжоновга сим қоқдик.

Афсуски, бу борада ярим кун қилган урунишларимиз ҳеч қандай натижа бермади.

Аснода мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон ва Тожикистоннинг юк вагонлари устидан тортишувларини турлича таҳлил қилишмоқда.

Бир гуруҳ таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу вагонларда айнан Роғун ГЭСи қурилиши учун зарур бўлган юклар борлиги сабабли уларни тутиб турганини айтишса, бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса эса муаммо Роғун ГЭС қурилишида эмас, балки кўпроқ икки давлат раҳбарларининг бир бирига шахсий хусуматида эканини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG