Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

Қирғиз инқилоби 5 ёшда: Хазон бўлган "Лолақизғалдоқ"


"Қирғизистонда 5 йил олдин инқилоб бўлганмиди ёки давлат тўнтариши?" деган саволга қирғиз жамиятида якдил жавоб йўқ.
"Қирғизистонда 5 йил олдин инқилоб бўлганмиди ёки давлат тўнтариши?" деган саволга қирғиз жамиятида якдил жавоб йўқ.

Қирғизистонда 24 март куни 2005 йил инқилобининг 5 йиллиги нишонланди. Бироқ мамлакат жанубий вилоятларида халқ сайли сифатида ўтказилган бу байрам Бишкекда ўтган йиллардаги каби тантанали тарзда нишонланмади.

Қирғизистонда 2005 йилнинг 24 март куни содир этилган ва инқилоб деб аталаётган ижтимоий-сиёсий ҳодисага беш йил тўлди.

Бу беш йил¸ демократик жараёнларни ўрганувчи халқаро ташкилотлар наздида мамлакат учун орқага чекиниш бўлди. Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Исмоил Исақов 8 йилга қамалди, яна бир нуфузли мухолифатчи Аликбек Жекшенқулов 5 йил муддатга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинди. Қирғиз мухолифати заифлаштирилди. Қирғизистонда сўз эркинлиги бўғилаётгани борасида кўплаб халқаро ташкилотлар ташвиш билдирди.

Иқтисодий жараёнларни ўрганувчи халқаро ташкилотлар наздида эса инқилобдан сўнг Қирғизистон бизнес юритиш қулай бўлган дунё давлатлари 50талигидан жой олди. Давлат бюджети 2005 йилга нисбатан 400 фоизга кўпайди. 2005 йилда ўртача иш ҳақи 50 долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда у 200-220 доллар даражасига етди.

Қирғиз жамиятида ҳам инқилобга муносабат бир хилда эмас. Қирғизистон собиқ давлат котиби Ўсмўнақун Ибраимов фикрича, 24 март воқеаси давлат тўнтаришидир.

- 24 март воқеасини 5 йил олдин давлат тўнтариши сифатида баҳолаганман ва бу борадаги фикрим ҳалигача ўзгаргани йўқ, деди Ўсмўнақун Ибраимов.

24 март куни¸ ўзи ҳокимиятдан ҳайдалганидан беш йил ўтиб Озодликнинг Москвадаги мухбири билан суҳбатлашган Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев эса 2005 йил инқилобидан сўнг ҳокимиятга авторитар дунёқарашдаги сиёсатчилар келди ва мамлакат “демократия оролчаси” сифатидаги нуфузини йўқотди, деган фикрда.

- Бугун Қирғизистонда демократия йўқ. АҚШ президенти Рузвелт демократиянинг тўрт белгиси борлигини айтган. Биринчиси, дин эркинлиги, иккинчиси, сўз эркинлиги, учинчиси, тазйиқ ва босимларнинг йўқлиги, тўртинчиси, қуллик ва қашшоқлидан холи бўлиш. Бу эркинликлардан бугунги кунда Қирғизистонда фақатгина дин эркинлиги қолган. Сўз эркинлиги тўлиқ йўқ қилинди, деди Асқар Ақаев.

Асқар Ақаев билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:12 0:00
Бевосита линк


Айни пайтда қирғиз мухолифатининг ҳозирги лидерлари - амалдаги президентнинг ҳокимиятга келишига асосий сабабчилар бўлган Рўза Ўтунбаева ва Азимбек Бекназаровлар қирғиз халқидан Қурмонбек Бакиевни ҳокимиятга олиб келганлари учун расман кечирим сўраган эдилар.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистонда 24 март воқеаси инқилоб бўлган эди, деб ҳисобловчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Инқилоб куни Қирғизистоннинг жанубий вилоятлари - Ўш, Жалолобод ва Боткенда кенг тарзда, тантанали нишонлангани бунга далилдир. Шу билан бир қаторда “24 март воқеаси давлат тўнтариши бўлган эди”, деб ҳисобловчилар кўпроқ бўлган Бишкекда инқилобнинг 5 йиллиги тантанали тарзда нишонланмади.

Қизиғи шундаки, 24 март воқеаси инқилоб бўлган эди, деб ҳисобловчиларнинг асосий қисми бугунги кунда президент Бакиевнинг мухолифларидир ва улар инқилоб ғоялари амалга ошмаганини, президент Бакиев бу ғояларга ҳиёнат қилганини айтиб келадилар.

Қирғизистондаги сиёсий жараёнларни кузатар эканмиз, бу давлатнинг парадокслар, қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар мамлакати эканини назардан қочирмаслик зарур.

Бир қарашда мамлакатда сўз эркинлиги йўқдай кўринади, айни пайтда турли газеталарда президент ва ҳукуматга чизилган комиксларни, танқидларни ўқиш мумкин.

Қирғизистонда демократия қолмагандай кўринади, айни пайтда исталган одам президентни очиқдан-очиқ, унинг ҳузурида танқид қила олиши мумкин.

Қирғизистонда норозилик
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00
Бевосита линк


Шу жиҳатдан олиб қаралганда, 23-24 март кунлари Бишкекда ўтказилган Бирдамлик қурултойи бунга мисол бўла олади. Сиёсатшунослар ва ҳукуматга яқин доиралар президент Бакиев бу қурултойни ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва бу борада халқнинг қўлловига эга бўлиш мақсадида ташкил этганини айтган эдилар. Бироқ амалда бунинг тескариси бўлди.

Қурултойга келган 742 делегатнинг асосий қисми Бакиевни ва унинг ҳукуматини танқид қилди. Президент квотаси билан қурултойга делегат сифатида чақирилган беш киши эса Бакиев сиёсати билан келиша олмаслигини айтиб бу қурултойга келмади.

- Қурмонбек Солиевич, мухолифатчилар ҳам, уларнинг ортида ҳайқириб юрган одамлар ҳам қирғизнинг фарзандлари. Улар билан тил топишмасангиз, оқибати чатоқ бўлади, деди Қирғизистондаги энг нуфузли сиёсатчи ҳисобланган Усен Сидиқов.

Қурултойнинг яна бир делегати Бўдўш Мамирова эса, Қирғизистонда мухолифатга нисбатан босимнинг кучайиб бораётганидан норозилик билдирар экан, мана буларни айтди:

-Қурмонбек Солиевич, биз бундай тазйиқларни сиз билан биргаликда бошимиздан ўткизганмиз! Бугун сизнинг инқилобчи сафдошларингиз қамалди, айримлари чет элларга қочиб кетди. Бу қамоққа олишлар ва тазйиқлар юқори раҳбарият бўйруғи билан бўлаётганини ҳуқуқ-тартибот идоралари ва судлар бизга очиқ айтмоқда, деди Бўдўш Мамирова.

Айни пайтда президент Бакиевнинг мухолифатга муносабати ўзгармай қолаётир. У бирдамлик қурултойида сўзлаган нутқида мухолифатсиз давлат равнақи бўлмаслигини айтди ва шу билан бир қаторда қирғиз мухолифатини кесин танқид қилди:

- Мухолифат “кетсин, кетсин”, деб ҳайқиришга кўникиб қолган кўринади. Агар уларнинг бундан бошқа айтадиган гаплари бўлганида бугунги қурултойга келган бўлар эдилар, деди Қурмонбек Бакиев.

Кузатувчилар фикрича, Бирдамлик қурултойида президент оддий халқ вакилларининг қаттиқ танқидига учради. Қирғиз инқилобининг 5 йиллиги куни ўтказилган бу қурултой президент Бакиевга ўз сиёсатини ўзгартириш учун дастак бўлармикин?

Қирғизистон халқи мана шу савол жавобини интиқлик билан кутмоқда.
XS
SM
MD
LG