Линклар

Карзай хитойлик ҳамкасби билан учрашди


Карзай Афғонистон иқтисодини оëққа қжйиш учун Хитой сармоясига кўз тикмоқда.

Карзай Афғонистон иқтисодини оëққа қжйиш учун Хитой сармоясига кўз тикмоқда.

Хитой халқ республкасига уч кунлик сафар билан борган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай 24 март куни Пекинда Хитой президенти Ху Цзинтао билан учрашди.


Хитой раҳбари Ху Цзинтао афғонистонлик ҳамкасби Ҳамид Карзайнинг мамлакатга ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига катта ишонч билдирди.

Хитой президентининг ушбу баёноти Пекинда афғонистонлик ҳамкасбини қабул қилиб олиш маросими чоғида янгради. Учрашув аввалида Хитой раҳбари, шунингдек, Ҳамид Карзай билан учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик мауммолар юзасидан фикр алмашиш ниятида эканини билдирди.

Шу куннинг ўзида Ху Цзинтао Ҳамид Карзай билан музокаралар ўтказди. Расмийларнинг билдиришича, президентлар учрашувида ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ривожига оид масалалар, минтақа хавфсизлиги ҳамда Хитой сармоясини Афғонистонга жалб қилиш каби масалалар муҳокама қилинган.

Президентлар учрашуви якунида эса икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожига оид бир нечта келишув, жумладан, Афғонистон-Хитой ўртасидаги олди-сотти тартибларини енгиллаштиришга оид шартнома имзоланди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан биргаликда Пекинга юқори мартабали расмийлар ҳамда бир гуруҳ тадбиркорлар сафар қилдилар.

Хабарларга кўра, Минераллар ва қазилмалар бўйича Афғонистон вазири Жузжон ва Маймана вилоятларида табиий газ конларини ўзлаштириш билан боғлиқ маълумотларни ўрганиб чиқмоқда. Айтилишича, афғон газ конларини ўзлаштириш борасида халқаро тендер ҳам эълон қилинган.

Хитой томони анчадан буён қўшни Туркманистонда газ конларини ўзлаштириш ишларини олиб бормоқда. Декабр ойида эса Туркманистонни Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитой билан боғловчи янги газ қувури ишга туширилган эди.

2007 йилда Хитой давлат металлургия корхонаси Афғонистоннинг Логар вилоятидаги шу кунгача ўзлаштирилмаган ва жаҳонда энг кўп заҳирага эга экани деб айтилаётган Айнак конини ўзлаштириш борасида ўтказилган тендерда ғолиб чиққан эди. Ушбу тендер қиймати салкам 3 миллиард долларни ташкил қилади ва у Афғонистон тарихида энг йирик хорижий сармоялардан биридир.

Хитой корхонаси айни пайтда Бамиён вилоятидаги темир конларини ўзлаштириш ҳаққини қўлга киритиш борасида ҳам фаол ҳаракат қилмоқда.

Саноат соҳасидаги ҳамкорликдан ташқари Хитой томони бир неча йилдан буён Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келмоқда. Яқинда эса Пекин Афғонистонни қайта тиклаш ишларига ҳам кўмаклашишга ваъда берган.

Бироқ Хитой расмийлари Афғонистондаги хавфсизлик вазиятидан жиддий ташвиш билдириб келмоқдалар. Расмий Пекин Афғонистондаги зўравонликларнинг мусулмон уйғурлар истиқомат қилувчи Шинжон Уйғур мухтор ўлкасига ёйилиши ҳамда АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистонда узоқ муддат қолиши мумкинлигидан хавотир билдириб келмоқда.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг 25 март куни Хитой Бош вазири Вен Жиабао билан ҳам музокаралар олиб бориши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG