Линклар

logo-print

"Бугунги фермердан кечаги чоракор афзал"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги оддий фермерлар техникага пул топа олмай¸ куни эшак-аравага қолганидан гапиради.

Ўзбекистондаги оддий фермерлар техникага пул топа олмай¸ куни эшак-аравага қолганидан гапиради.

Умид билан ерга чигит қадамоқчи бўлган ўзбек деҳқонининг бугун аҳволи қандай? Бир қарич бўлиб ўсиб қолган буғдойига тикилиб нималар ҳақида хаёл сурмоқда у?Унинг ташвишларига шерик бўладиган одам борми бугун мамлакатда?

Бу ва ўзбек деҳқонини ўйга толдирадиган бошқа муаммолар ҳақида Наманган вилоятининг Чуст туманидан бўлган фермер Абдураҳмат ака Қурбонов билан суҳбатлашамиз.

Озодлик: Ассалому алайкум, ҳорманг энди деҳқон бува, баҳор келиб қимирлаб қолдингизми?

- Ваалайкум ассалом, раҳмат. Ҳа энди тирикчилик, қимирламасанг бўлмайди.

Озодлик: Ҳут кириб, пайтавангизга қурт тушиб қолганига ҳам анча бўлди, ҳозир нима иш қиляпсизлар?

-
Нима ҳам қилардик, ерни тимдалаб ётибмизда. Ўзбекистонда энди ер тимдаламасанг тирикчилик қилолмайсан, деган бир ақида борку. Бошқа тирикчилик манбаи бўлмагандан сўнг ерни тимдалаб ётибмиз.

Озодлик: Қандай тимдалаяпсиз, техника-пехника етарлими?

- Техника йўқ, йўқ. Эшак, от қилиб ётибмиз.

Озодлик: Нега энди. Ахир хўжаликларда МТП дегани бор, улар фермерларга техника билан ёрдам бериши керагу?

- МТП номи бору ўзи деярли йўқ. Асосан шахсий тракторлар қолган. Шуларни амал-тақал қилиб, гаплашиб ишлатяпмиз.Хуллас, аҳвол оғир, жуда оғир, ерни тайёрлаш масалалари жуда оғир.

Озодлик: Неча гектар ерингиз бор, Абдураҳмат ака?

- 15 гектар ерим бор.

Озодлик: Нима экасиз?

- Ўн гектарига пахта экамиз, беш гектарига буғдой экканмиз. Ана шу ўн гектар пахтанинг ҳар гектарига камида бир милллион сўмдан харажат қилишим керак.Лекин шу харажат йилнинг охирида чиқадими ёки йўқ. Шуни ўйлашиб турибмиз ҳозир.

Озодлик: Нега ўйлашасиз? Ўтган йилги хирмондан фойда бўлмадими?

- Мени ҳисоб китобим бўйича Ўзбекистонда ҳар гектар сувли, яхши жойдан пахта етиштириш тахминан бир миллион, бир миллион юз минг сўм харажат талаб қилади. Агар бир гектар ер 3 тонна пахта берадиган бўлса, фақат ўша харажатни қоплайдиган пахта чиқади. Пахтадан ортиқча даромад олишнинг имкони йўқ.

Озодлик: Масалан, сизнинг қўлингизда ҳам ишчилар ишласа керак. Агар даромад бўлмаса, улар қандай тирикчилик қилишади, ўзингизчи?

- Агар мени 15 гектар ерим бўлса, шундан беш гектарига буғдой экаман. Агар шу буғдойдан беш тонна буғдой ортиб қоладиган бўлса, ишчиларимга бўлиб бераман. Менга қоладигани эса, буғдойнинг сомони ва буғдойдан бўшаган ерга кечки экин -картошками, маккажўхорими экаман, шу. Ана шу учун умрни ўтказиб ишлаб ётибмизда.

Озодлик: Абдураҳмат ака, илгари, яъни хонлар замонида “чорaкор” деган ёлланма деҳқонлар бўларди. Масалан....

- Мен сизни нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Улар ер эгаси билан шартномга кўра даромаднинг 25 фоизини олишган. Яъни чорак қисм даромад олган. Ҳозирги деҳқонларимизни оладиган даромадини ҳисоблаб кўрдим. Уларга ҳосил даромадининг 10 фоизи ҳам тегмайди. Биз ҳозир чорaкордан кўра икки ярим баравар кам даромад оламиз.

Озодлик: Абдураҳмат ака, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда фермерлик ривожланаётганини доим иддао қилиб келади. Ўзбекистон телевидениесида миллионлаб сўм даромад олаётган фермерлар ҳақида кўрсатувларни кўргандирсиз?

- (кулади) Энди дўстим, буларни ҳаммаси эртак, эртак. Ўзбекистонда фермерларнинг ҳаёти жуда яхши деган гаплар юрибди, лекин бу ҳаётга умуман тўғри келмайди. Ерларни фермер хўжаликларига бергани билан, лекин фалон тонна пахта берасан, буғдой берасан, унинг нархи мана бунча дегандан кейин, ҳосилдан олинган даромад харажатни қоплама-а-яптиии... Қизиқ, бутун дунёда фойда келтирган фермерлик ҳаракати Ўзбекистонда эса нолга тушиб қолган. Бизнинг эшитишимизча, Европада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган бир гектар ерга 700 доллар дотация берилади экан. Бизда дотацияни қўя туринг, даромад харажатни қопламаяптию.

Озодлик:
Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонда фермерликнинг ривожланмаслигига яна қандай сабаблар бор?

- Ҳа, энди бунингсабаблари ойдек равшанку. Масалан, мен фермер бўладиган бўлсам, мени устимда ўнта хўжайин турибди. Ҳоким, прокурор, солиқ, банк ва бошқа бошқалар. Хуллас, битта ишловчига ўнта қошиғи бор одам турибди-да. Бу бир томони. Иккинчидан эса, мана буни қаранг, Америкада бир литр бензинни нархи 550 сўм бўлиб турган бўлса, бизда бир литр бензин ёки соляркани нархи 1100сўм бўляпти. Ёки буғдойга сепиладиган сульфатомон деган дори бор. Масалан, Россияда бир тонна сульфатомон 1000 рубл ёки бизни пулга 60 минг сўм туради экан. Бизда эса беш баравар юқори, 280-290 минг сўм турибди. Харажат жуда катта, лекин даромад жуда паст. Шундай экан, демак фермерга ҳеч нарса қолмайди. Йўқ, қолади. Буғдой сомонию иккинчи ҳосилдан олинадиган даромад. Ана шунинг учун ҳиқиллаб ётибмиз, чунки бошқа борадиган жой йўқ. Аслида Қирғизистонга ўхшаб ерлар жон бошига қараб бўлинганда эди бизда ҳам, ҳар квадрат метрдан олинадиган даромад 5-6марта кўпайган бўларди, Россияда юрган миллионлаб ўзбекистонлик мардикорлардан 80 фоизи ўзимизда қолган бўларди...

Озодлик: Сиз айтмоқчисизки, ер одамларга бўлиб берилса, фақат солиқ солинса, ана шу солиқнинг ўзи бюджетга ҳозиргидан кўп даромад келтирарди....

- Ҳа, ҳа, ўлманг, ўлманг. Ахир ерни одамларга бўлиб бериб солиғингни қўймайсанми, гектарига 500 минг сўмми, бир миллионми? Эплаган одам қиларди, эпламаган ўзи ташлаб кетарди. Лекин ҳозир бошқача. Ҳокимлар ўзларини гумашталарига 300-400 гектарлаб ер бериб қўйган ва уларга енгил шароитлар яратиб берилган. Шунинг учун айни пайтдаги фермерлик ҳаракати Ўзбекистонга ҳеч қандай ижобий натижа олиб келмайди. Одамлар яқин ўртада ерларни ташлаб қочади.
XS
SM
MD
LG