Линклар

logo-print

Греция молия бўҳрондан қутқарилади


Грецияга ëрдам бериш масаласида асосий гап Париж ва Берлин раҳбарларида қолган эди.

Грецияга ëрдам бериш масаласида асосий гап Париж ва Берлин раҳбарларида қолган эди.

Европа иттифоқи раҳбарларининг 25 март куни Брюссел шаҳрида бошланган баҳорги саммитида катта қарзга ботган Греция ҳукуматига молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлаб чиқилган режа хусусида келишувга эришилди.

Европа иттифоқининг етакчи икки давлати, яъни, Германия ва Франция раҳбарлари Ангела Меркел ва Николя Саркози¸лозим бўлса, молиявий бўҳрондан қутқариш учун Греция ҳукуматига ёрдам бериш ҳақида ишлаб чиқилган режага рози бўлдилар.

Мазкур режага кўра, Греция учун зарур бўлган ёрдам фондининг асосий қисмини Европа комиссияси ва Европа иттифоқи Марказий банки ишлаб чиққан қатъий шартлар асосида евро ҳудудига кирган давлатлар таъминлайди. Халқаро валюта жамғармаси ҳам Грецияга қарз ажратиш баробарида экспертиза хизматини кўрсатади.

Франция расмийлари Греция ҳукумати молиявий бўҳронни якка ўзи бартараф қила олмай бошқа чора қолмаган тақдирдагина бу режа ишга тушишини айтди.

Брюссел саммитига жўнаб кетиши олдидан Германия парламентида чиқиш қилган Ангела Меркел Грецияда юзага келган молиявий бўҳрон бутун Европани ўз домига тортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

- Агар евро ҳудудига аъзо бўлган бир давлат ўз қарзини тўлай олмаса, бу Европадаги ҳамма давлат, жумладан Европада энг йирик иқтисодиётга эга бўлган Германияга ҳам жиддий таҳдид солади, деди Ангела Меркел.

Ҳозирда Греция ҳукуматининг қарзлари 300 миллиард еврони ташкил қилмоқда. Бу бир йил давомида мамлакатда ишлаб чиқариладиган ялпи маҳсулот ҳажмидан кўп. Греция ҳукумати қайта молиялиштириш учун бир ой ичида 20 миллиард пул топиши кераклиги айтилмоқда.

Давлат хазинаси бўшаб қолгани ва Афина ҳукумати ижтимоий сарф-харажатларни қисқартираётгани сабабли аҳоли орасида кучайиб бораётган норозилик мамлакатдаги сиёсий барқарорликка таҳдид солмоқда.

Аммо Европа иттифоқи, айниқса, евро ҳудудига аъзо давлатлар раҳбарларини маблағни ўйламай сарфлайдиган бошқа ҳукуматлар ҳам Грециядаги каби бўҳронга дуч келишидан хавотирда.

Айни пайтда, Грецияда молиявий бўҳрон юзага келгани ва унга Европа иттифоқининг жавоби евро қийматининг АҚШ долларига нисбатан сўнгги 10 ой давомида энг паст даражага тушишига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG