Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:20

159 болалари - "Ўғлимнинг қасоскор бўлишини истайман!"


Бугун Швейцарияда қўним топган Сафар Бекжоннинг катта ўғли Жалолиддин юзини ҳали-ҳамон ҳазинлик тарк этмайди.
Бугун Швейцарияда қўним топган Сафар Бекжоннинг катта ўғли Жалолиддин юзини ҳали-ҳамон ҳазинлик тарк этмайди.

Турмуш ўртоғи конституцион тузумга тажовузда айбланиб¸ қўлида қолган икки яшар гўдаги билан жаҳаннам азобини тортган Қурбоной опа зулм ва зўравонлик қаршисида тилдан қолган ўғлининг зулмкорлардан ўч олишини орзу қилишини яширмайди.


Ўзбекистон жазо қонунининг 159-моддасида мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилганларга 20 йилгача қамоқ белгиланган. Ота ëки она¸ баъзи ҳолларда ҳам ота¸ ҳам она узоқ йиллик қамоққа ташланар экан¸ улар болаларининг ҳоли не кечади?

"159 нинг боласи” деган тамға болаларнинг ўзидан олдин боғчага, мактабга, маҳалла қўмитаси ва ҳарбий комиссарликка махсус мактуб тарзида етиб боради.

Бу болаларнинг умри қамоқхона эшиклари олдидаги навбатларда ўтади. Уларнинг егани заҳар заққум, эшитгани дарду ҳасрат. Бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондай арзанда. Улар қалбидаги алам ва ўч туйғуси улар билан биргаликда улғаймоқда.

"159 болалари" деб номлаганимиз туркумнинг навбатдаги лавҳасига отаси қамоққа олинганида даҳшат боис тилдан қолган хозир 18 ëга кираëтган Жалолиддинни қаҳрамон қилдик.


*********************************


Жалолиддин мухолифат фаоли ва собиқ сиëсий маҳбус Сафар Бекжоннинг тўнғич ўғли. У ҳозир Швейцариядаги врачлар кўмагида шифо топиб¸ мактабда таҳсил олмоқда. Мусиқага¸ тоғ чўққиларига тирмашишга ва фотографияга қизиқади. Жалолиддин ўтмиш хотираларини гапиришни ва эслашни истамагани боис унинг ҳикоясини онаси Қурбоной тилидан эшитамиз.

- Менинг ўғлим Жалолиддин баъзан мени эрталабдан кечгача МВД да ушлаб сўроқ қилиб ушлаб ўтиришган пайтда уларнинг қўлида қолиб кетган ва бунинг натижасида бутунлай соғлиғини йўқотди. У ерда нима қилишганини аниқ билмайман. Шунинг натижасида ўғлим сўзлаш қобилиятини ва ақлан¸ руҳан ўсиш қобилиятини бутунлай йўқотди. Маҳбуснинг рафиқаси бўлиш ҳам¸ унинг фарзандини тарбиялаш ҳам дунëда энг оғир иш. Эри қамалган аëлнинг ўзига нафрат билан қарагани етмагандек норасида гўдакларини ҳам улар жуда ëмон кўради ва улардан нафратланади. Уларга худди халқ душманининг ўғли ëки қизи каби қарашади. Мен бундан жуда ҳам кўп азоб чекдим.

Кейин қамоқхоналарга борган пайтларимизда¸ менинг ўғлим ўша пайтда бир ярим-икки ëш арафасида эди¸ лекин уч-тўрт яшар қизларни¸ ўғил болаларни кўрганимда¸ уларнинг кўзида ҳамиша мунг кўрганман. Яъни ғам¸ алам кўрганман. Улар болалигини йўқотган болалар эди. Ўзингизнинг болангизнинг ўзининг болалигини билмай кўзида ғам-алам кўриш¸ юзида ташвиш кўриш ва кўчада ўз тенгдошлари каби кулиб¸ яйраб¸ қувнаб ўсмаëтганини кўриш ҳар бир она учун жуда ҳам оғир. Болалар боғчасида ҳам уларга ўгай кўз билан қаралади.

Жалолиддин 1991 йил 23 ноябрда туғилди. Дадаси 1993 йил 27 июлда қамалди. Дадаси қамалгандан кейин икки ëшга тўлди. Дадаси билан унинг бир ëшга тўлганини бирга нишонлаганмиз. Дадаси чиқиб келганда тўрт ярим ëш эди. Кейин беш ëшга тўлган кунини дадаси билан бирга нишонлади. Бир ҳолат ҳали ҳам менинг эсимдан чиқмайди. Дадаси чиқиб келгандан кейин бу кўчага чиқиб ҳаммага “Энди менинг ҳам дадам бор” деб айтиб чиққан¸ дейди Қурбоной.

159 болалари калимаси Каримов даври яратган энг даҳшатли жумла. Бу болаларни дарди ҳасрати ичига кўмилган. Француз ëзувчиси Экзипюренинг “Кичик шаҳзода” ҳикояси қаҳрамони филни ютиб юборган илон суратини чизганида¸ ҳамма бу илон эмас шляпа деб ўйлайди. Катталар бу болаларнинг мурғак қалбига филдек улкан ҳасрат кўмилганини тасаввур ҳам қила олмайди.

159-модда билан қамалиб Жаслиқдан жасади келган маҳбуснинг онаси Фотима опа Муқадирова етти неварасининг одамови бўлиб қолганини айтади.

- Дарди ичида юрадида. Тенгдошларининг ичида бунинг дадаси нима бўлиб турса¸ ичида алами бўладида¸ дейди Фотима Муқадирова.

Қаҳрамонимиз Жалолиддин ҳам одамови¸ ичидаги дардни ташқарига чиқаргиси келмайди. Фотима опанинг гаплари тўғри¸ дейди Жалолиддиннинг онаси Қурбоной.

- Тўппа-тўғри. У айтганингиз тўғри. Мана ўзимнинг ўғлим Жалолиддин. Ҳеч гапирмайди. Одамови. Ичида нима борлигини на дадаси¸ на мен билмаймиз. Ҳеч очилишиб бирор марта гапирмайди. Жуда ҳам оғир¸ вазмин. На севинчини кўрсатиб билади¸ на бир нимага аччиқланганини. Ҳаммасини ичига ютади. Етти ëшига қадар гапиришни билмас эди. Олдинига сув деб ҳам айтолмас эди¸ қўли билан ишора қилиб кўрсатар эди. 1998 йил 7 майда биз Швейцарияга келдик ва 2003 йилгача¸ яъни беш йил давомида уни даволашди. Бу ердаги педагоглар унинг қўлига қоғоз ва қалам бериб¸ “Сен истаган нарсангни чизиб бизга кўрсат” дейишган. Ўша пайтда Жалолиддин битта эркак¸ битта аëл¸ битта каттароқ бола ва кичикроқ боланинг расмини чизган. Қўли бор¸ оëғи бор¸ кўзи бор¸ қоши бор¸ сочларигача бор. Лекин оғзи бўлмаган. Яъни оғиз чизилмаган. Шундан кейин “Бунинг ота-онасининг ҳам ўз давлатида гапиришга ҳуқуқи бўлмаган” деб хулоса чиқаришган. Ундан кейин бу ерда унинг соғлиғи билан жиддий шуғулланишди¸ дейди Қурбоной.

Жалолиддиннинг болалиги ГУИН (Жазони ижро этиш бошқармаси ) эшикларида¸ калтакланаëтган маҳбусларнинг дод-войлари янграëтган прокуратура даҳлизлари¸ қамоқхонанинг зах учрашув хоналарида кечди. Яна Қурбоной ҳикоясига қулоқ берамиз.

- Сафар оға қамалган пайтида Тошкентдаги бир ой¸ бир ярим ой қамаладиган қамоқхоналарнинг ҳаммасини кўриб чиққанман. Чунки қаердалигини айтишмаган. Бу ишга кетдим¸ деб кетган. Кейин қаерда эканини билмаганмиз. Ҳамиша қўлимда ўғлим билан борганман. Ëзнинг иссиғида жуда ҳам қийналиб кетар эдим. Биринчи марта Тошкент шаҳар Собир Раҳимов прокуратурасида жанжал қилдим. “Агар ўлик бўлса¸ ўлигини¸ тирик бўлса¸ тиригини айтинглар. Мен неча марта келдим бу ерга. Қайси қамоқхонага қамалди” деб жанжал қилганимдан кейин Бахтиëр Сайфуллаев деган битта ходим мен билан учрашди ва Тошкент МВД ертўласида эканини айтди. Ўша ерга борганман ва мени Ҳусан Аҳмедов деган терговчи қўлимда ўғлим билан бирга тергов қилган. Бу ҳол ойларча давом этган. Кейин буни МВД дан Тоштурмага ўтказишди. У ерга ҳам ҳамиша қўлимда ўғлим билан борганман. Кейин унинг касал эканини эшитиб¸ қамоқхоналар касалхонасининг ўша пайтдаги началниги бор эди Абдукарим Шодиев деган¸ у кишининг ҳузурига ҳам ўғлим Жалолиддин билан борганман. Ўғлим ўшанда дадаси билан учрашган. Қаршидаги Шайхали қамоқхонасининг номери 64/49. Биз 49 зонага ҳам ўғлим билан борганмиз ва ўғлим қамоқхонанинг зах учрашув хоналарида дадасини кўрган. Дадасини¸ ҳатто мен танимаганман. Биринчи кўришган пайтимизда ўғлим бутунлай танимаган. У ерда Жалолиддинга ўхшаган бир нечта кичкина болаларни¸ қизларни кўрганман¸ дейди Қурбоной.

159 болалари ва уларнинг оналари ҳасратларини эшитдик. Ўз болаларини қамоқхона панжараси ортидан кўришга маҳкум маҳбус оталарнинг дилидан нима кечади? Ўзбек қамоқхоналарининг собиқ маҳбуси Сафар Бекжон хотирасини тинглаймиз.

- МВД нинг подвалида ўтирган пайтимда¸ автозек деган машинаси бор¸ ўшанда олиб чиқиб кетаëтган пайтда тешикдан кўриб йиғлаганман. Лекин учрашган пайтда ўғлимнинг олдида йиғламадим. Меҳр беришга ҳаракат қилдим. Унинг кўнглини ўкситмасликка ҳаракат қилдим. Унга “Мен қамоқда ўтирибман. Азоб чекаяпман” деб айтмадим. Унинг кўнглини кўтаришга¸ умид беришга ҳаракат қилдим. Эсимда қолгани ўша. Шайхалида учрашганмиз. Шайхалида рухсат беришган биринчи марта. Шайхалида 1994 йилда учрашганман. У бола мен қамоққа кетаëтган пайтда сезган. Мен сезмаганман. Ишга кетаяпман¸ деб кетдим. Ҳеч йиғламайдиган бола ўша куни қаттиқ йиғлаган. Дарвозанинг олдига келиб ëлвориб туриб олган. “Болада энди¸ йиғлайди” деб кетдим. Бориб бир соат ўтмасдан қамоққа олиб кетишди мени. Орқамдан унинг жуда қаттиқ йиғлагани оддий йиғлаш эмас¸ ўксиб йиғлаганлиги эсимда сақланиб қолган. Болаларда биз билмайдиган сезги бўлар экан. У менинг қамоққа кетаëтганимни сезган экан¸ деб кўп ўйлаганман¸ дейди Сафар Бекжон.

159 болалари туркумидан таъсирланган сирдарëлик шоир Ëғду ўз туйғуларуини шеърий мисраларда ифода қилибди.

Маҳзун ота дийдорига зор¸
Кўзларида мунгли жоласи¸
159 боласи.

Жондан ўтиб кетса гар жабр¸
Нишин санчар ҳатто болари¸
Алам ичра ўсмоқда ахир¸
Чинорларнинг ëш ниҳоллари.

Тошкентлик Фотима опанинг икки фарзанди 159 билан қамалган¸ улар ортида қолган етти фарзанд буви қарамоғида. Бу болаларнинг ота меҳрига бўлган чанқоғини ким қондиради¸ дейди Фотима опа.

- Ҳамманинг отаси эшикдан ҳар хил егуликни кўтариб келса¸масалан¸ кўчада бойваччаларнинг болалари бир нималарни еб турса¸ болаларни “Бу ëққа кел. Қараб турма” деб қайириб олиб кириб кетаман. Ўшаларнинг егиси келмайдими? Болаку. Улар ҳам орзу қилмайдими? Буларнинг қалбидаги армонни ким ўлчайди? Қалбидаги дардини ўлчайдиган ўлчови бормикан? Бу бировга гапирадиган гап эмаску. Болаларнинг қалбидаги алами¸ ўкинчи¸ дейди Фотима опа.

Қаҳрамонимиз Жалолиддин отаси қамоқда пайтида кўчада ота-онаси билан етаклашиб юрганларни кўрса¸ юраги ғуссага тўлар эди. Яна Қурбоной хотираларига қулоқ берамиз.

- Биласизми¸ Жалолиддин жуда ҳам кўп касал бўлар эди. Энг оддийсини айтай. Ўша пайтда касалхонага олиб борганимда¸ битта эр-хотин қўлида қизлари билан келишган. Қиз эди шекилли. Дадаси кўтариб олганда. Жалолиддин ўша ерда шунақа эзилиб кетди. Кўчада ота-онаси билан бирга паркни айланиб юрганларни кўрганда¸ Жалолиддиннинг кўзига ëш тўларди. Сассиз йиғи бўладию. Фақат кўзидан ëш оқади. (Хотираларини эслаëтиб Қурбонойнинг ҳам кўзларидан ëш оқди) Овози чиқмайди. Шунақа йиғларди. Бу кунларни эслаш мен учун даҳшат. Шунинг учун ҳам паркка инсонлар кам пайтида олиб боришга ҳаракат қилар эдим¸ дейди Қурбоной.

Қурбоной мана неча йилдирки ватандан олисда¸ бехавотир бир ўлкада яшайди. Аммо эски хотиралар соядай эргашиб¸ уни беҳаловат қилади.

- Бу ҳеч унутилмайдиган қўрқинчли бир туш. Сиз билан ҳар доим ë ўнг тарафингизда¸ ë чап тарафингизда ўша кунларнинг хотираси туради. Ҳеч вақт уни унута олмайсиз. Ўша пайтларда мен билан¸ ҳатто қўни-қўшни гаплашмас эди. Ҳеч ким¸ ҳеч бир қўшним мен билан борди-келди қилмас эди. Агар менинг ўғлим кўчага чиқиб ўйнамоқчи бўлса¸ битта қўшни боласини ўйнатмас эди. Ҳаммаси уйига олиб кириб кетар эди. Мени кўрса¸ ҳамма вабодан қочгандай қочар эди. Чунки улар мен билан гаплашгани учун маҳалла комитетига бориб ҳисобот бериш мажбуриятида эди. Мен икки йил давомида уй қамоғида ва бир ярим йил давомида маҳалла мухторининг назорати остида ҳаëт кечирдим. Бу Тошкент шаҳри¸ Бектемир туманидаги Бузовчи деган маҳалла. Ўша ернинг маҳалла комитетининг Сарсенбой Убайдуллаев деган мухтори бор эди. Ўшанинг кабинетида мени ҳамиша МВД дан келиб сўроқ қилишар эди. Бу Наврўз бўладими¸ 8 март бўладими¸ янги йил бўладими¸ мустақиллик куними¸ байрамлардан ташқари ҳар 15 кунда бир марта ва бир ойда икки марта¸ агар байрамлар ўртага тушса¸ бир ойда уч-тўрт марта суҳбат бўлар эди. Битта аëл менга бириктирилган эди. Битта ўқитувчи аëл. У ҳар уч кунда бир марта келиб хабаримни олиб кетар эди. Чунки у МВД га ҳисобот ëзиб берар эди. Менинг уйимга ким келса¸ ўшани ҳам сўраб-суриштирарди. Ҳатто қариндошим келадими¸ акам келадими¸ жияним келадими “Нимага келади? Нима учун келади сенинг уйингга?” деган савол берилар эди. Мен уч йил жаҳаннам ҳаëти яшаганман. На кечаси¸ на кундузи бирор марта тинч ухлаб ҳаëтим кечмаган. Уч йил давомида мен бир кун ўтириб бемалол бир пиëла чой ичмаганман¸ дейди Қурбоной.

159 болалари қалбидаги алам ва ўч туйғуси улар билан биргаликда улғаймоқда. Кошки менинг ўғлим бу зулмга нуқта қўя олса¸ кошки қасос ола олса¸ деб умид қилади Қурбоной.

- Менга қолса¸ қасоскор бўлса яхши бўлар эди. Менинг қалбимдаги нафрат шу даражада кучлики¸ Ўзбекистонда милиция формасини кийган-киймаган¸ ўша соҳага хизмат қилган ҳамма одамлардан нафратланаман. Чунки улар ҳеч вақт инсонларга яхшилик олиб келишмайди. Уларнинг қадам босган еридан фалокат чиқади¸ дейди Қурбоной.

Қурбонойнинг бу сўзларига 159-модда билан айбланган ва ҳозирда Швецияда қочқин мақомида яшаëтган Ҳасан Темиров ҳикояси ўрнакдай кўринади.

- Масалан¸ кимдир 159 билан қамалса¸ қамалган одамга жуда қийин. Тазйиқлар остида бўлади. Унинг оиласига¸ болаларига ундан ҳам қийин бўлади. Мен битта воқеани сизга айтиб беришим мумкин. Жаслиқдан келаëтган экан. Энди у эрини кўриб поездда иккита боласи билан қайтиб келаяпти. Поезднинг ичида купеда иккита милиционер билан бўлиб қолган. Беш ëшли ўғилчаси бор экан. Қараса иккита милиционер. Поездда сотувчилар юради ҳар хил нарсалар сотиб. Ҳалиги бола онасига “Ўйинчоқ милтиқ олиб берасиз” деб қаттиқ туриб олибди. “Милтиқни нима қиласан?” деса¸ “Мана бу милицияларни отиб ташлайман. Булар менинг дадамни қамаб қўйган. Мен буларни отиб ташлайман” дебди. Милициялар эшитиб¸ улар ҳам кулармиш. Уларнинг миясида шу нарса қолиб кетган экан¸ дейди Ҳасан Темиров.

Сўнг сўз ўрнида

159 болалари туркумидаги мақолаларда ҳазин бир руҳ ҳукмрон. Аммо бу қайғу юки остида ҳам қувончли бир дамлар бор эди¸ дейди Жалолиддиннинг отаси Сафар Бекжон.

- Самандар ака бор. Бу ëқда менга свидание берилишига оилам¸ ўғлим келади. Ўшанинг ҳаммасининг хабари бор. Бир кун олдин свидание берилади¸ деб айтилган. Ўша пайтда ҳаммада нимаси бўлса¸ ëзиб-ëзиб қўйган. Аҳмаджон ака Одиловда эскидан қолган битта асал бор экан. “Бу 50 йилдан бери сақланган асал” деди. “Нимага мени бу билан боқаяпсиз?” десам¸ “Сиз чиқмайдиган бўлсангиз¸ болангиз чиқадида” дейди. “Қанақа бола?” десам¸ “Келин билан учрашасизку. Кейин жўнатиб юборасиз озодликка. Вужудингиздан битта парча” деди. Ҳақиқатан дуо қилишган экан¸ ҳақиқатан шунақа бўлди. Эсимда қолган ҳангомалардан мана шу. Қамоқда иккинчи ўғлимнинг пайдо бўлишида баъзи бировларнинг¸ исмини айта олмайман¸ ҳам дуоси бор¸ дейди Сафар Бекжон.

14 йил один қамоқдан чиққан Сафар Бекжонниг иккинчи ўғли Озодбек хозир 14 ëшга кирди.

Озодбек ҳикояси эса бошқа эшиттириш учун мавзу.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
ozodlikmail@gmail.com
Skype: OzodSkype

XS
SM
MD
LG