Линклар

logo-print

Руслан Чагаев:"Худо хоҳласа, фақат ғалаба!"

  • Ҳурмат Бобожон

Жанг олдидан Руслан ўзининг рисоладаги формада эканини таъкидламоқда.

Жанг олдидан Руслан ўзининг рисоладаги формада эканини таъкидламоқда.

Қарийб бир йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон чемпиони унвонига даъвогарлик ҳаққини қайта қўлга киритиш учун навбатдаги жангга ҳозирланаëтган ўзбекистонлик машҳур боксчи Руслан Чагаев Озодлик билан суҳбатда ўзининг ғалабага ташна эканини айтади.

Ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев WBA версияси бўйича оғир вазндаги Жаҳон чемпиони унвонига даъвогар сифатида 22 май куни Германияда австралиялик Кали Миан билан рингга чиқади. 31 яшар Чагаев 2008 йилда “Рус деви” лақабли Валуевни енгиши ортидан халқаро профессионал бокс оламида шуҳрат қозонган, аммо ўтган йили июн ойида украиналик Владимир Кличкога жангни ютқазганидан сўнг чемпионлик унвонидан маҳрум қилинган эди.

Асли андижонлик боксчи Руслан Чагаев яқинда Австриянинг Алп тоғлари қўйнидаги Зёлден дам олиш масканида янги мураббийси Магамед Шабуров билан бўлғуси жангга тайёргарлик кўриб қайтди.

Озодлик радиоси мухбири бўлажак жанг олдидан Руслан Чагаев билан суҳбатлашди.

Озодлик: Руслан, бўлажак жанг олдидан кайфиятлар қанақа?

Руслан Чагаев: Ҳаммаси яхши, тайёргарликлар яхши бўляпти. Жангни кутяпмиз.

Озодлик: Рақибингиз австралиялик Кали Миан ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Руслан Чагаев: Кали Миан бу кучли рақиб ва уни ютсам¸ Худо хоҳласа¸ кейин жаҳон титули учун жангга чиқсам бўлади. Уни ютсам¸ Худо хоҳласа.

Озодлик: Украиналик Владимир Кличко билан бўлган сўнгги жангни ютқазиб қўйган эдингиз. Мағлуб бўлишингиз сабаби нимада бўлган деб ўйлайсиз?

Руслан Чагаев: Тайёргарликдан десам бўлади. Жангга тайёрганлигим қиёмига етган пайти асли 30 майда, Валуев билан бўлиши керак бўлган жанг куни эди. Жанг қолдирилгач¸ уч ҳафтадан кейин ана шу жанг бўлган Кличко билан. Орада жуда қисқа вақт бўлди. Асосий жанг асли 30 майда, Николай Валуев билан бўлиши керак эди. Лекин бу жанг қолдирилди. Ана шундан кейин қисқа бир фурсат ичида бу жанг бўлди.

Озодлик: Руслан, австралиялик рақибингиз билан бўладиган жангда ҳам Ўзбекистон байроғи остида рингга чиқасизми?

Руслан Чагаев: Албатта.

Озодлик: Сўраётганимнинг сабаби Ўзбекистонда ҳукумат назоратидаги матбуот анчадан бери сиз ҳақингизда гапирмай қўйган. Сизнинг Ўзбекистондаги мухлисларингиз ҳам Чагаев ҳақида кўпдан бери эшитмай қўйдик дейишяпти.

Руслан Чагаев: Бир йилдан бери жанг ўтказмаяпман. Мен ҳақимда шунинг учун ҳеч қанақа ахборот йўқ. Шунинг учун бўлса керак, менимча.

Озодлик: Ўзбекистондаги сизни қўллаб-қувватлаётган миллионлаб мухлисларингизга гапингиз бўлса айтинг.

Руслан Чагаев: Мен уларнинг қўллаб-қувватловини ҳар доим ҳис қиламан ва бу менинг учун катта ёрдам беради. Бунинг учун мухлисларимга катта раҳмат.

Озодлик: Руслан, бўлажак жангдан қандай натижа кутамиз энди?

Руслан Чагаев: Худо хоҳласа, фақат ғалаба. Жангни ютиб, олдинга яна кетамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG