Линклар

logo-print

Ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш қайта бошланади


Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усеновга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш комиссияси 15 апрелдан ўз ишини бошлайди.

Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усеновга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш комиссияси 15 апрелдан ўз ишини бошлайди.

Фаолияти беш йил олдин тўхтатиб қўйилган Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш давлатлараро комиссияси апрел ойидан бошлаб ўз ишини қайта жонлантиради. Бу ҳақда 26 март куни Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов баëнот берди.

Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усеновнинг айтишича, бугунги кунда бу мамлакатнинг Қозоғистон ва Хитой билан чегаралари тўла аниқлаб бўлинган. 1375 километрлик Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 600 километри эса шу кунгача аниқланмаган.

- Беш йилдан бери Ўзбекистон тарафи билан бу борадаги музокаралар тўхтаб қолган эди. 2009 йилнинг декабрида Тошкентга қилган сафарим чоғида бу масалани кўтарганман. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан чегараларни аниқлаш давлатлараро комиссияси фаолиятини апрел ойидан бошлаб қайта тиклашга келишиб олдик, деди Дониёр Усенов.

Бош вазирнинг айтишича, чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссияси ўз ишини бошлашидан аввал, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси ҳудудида жойлашган вилоятлар ҳокимларининг учрашувлари бўлиб ўтади.

- Комиссиянинг биринчи йиғилиши 15 апрелда ўтказилиши режалашитирилган. Эртага, яъни 27 март куни эса чегаролди вилоятлари губернаторлари учрашадилар. Бу учрашувда баҳсли ҳудудлар масаласи муҳокама қилинади, деди Дониёр Усенов.

Қирғизистон ҳукуматининг ҳудудий масалалар бўлими бошлиғи, Чегараларни аниқлаш комиссиясининг Қирғизистон томонидан раиси Саламат Аламановнинг айтишича, мазкур комиссия фаолияти айнан баҳсли ҳудудлар юзасидан келишмовчиликлар кучайиб кетгач тўхтаб қолган.

- Музокараларда чегаралар юзасидан позициялар қарама-қаршилиги жуда кучайиб кетган. Шунинг учун ўйлаб кўришга вақт берилди. Қирғиз томони комиссия фаолиятини эртароқ қайта жонлантириш тарафдори эди. Бироқ Ўзбекистон томони узоқроқ ўйланиб қолди, деди Саламат Аламанов.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Ўрўзбек Молдалиев фикрича, чегараларни аниқлаш ишининг қайта бошланиши, албатта, яхши. Лекин бу комиссия айни пайтда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг баҳсли бўлган ҳудудларини аниқлаши керак. “Бу масалада Ўзбекистон ва Қирғизистон олий раҳбарияти сиёсий иродасини намойиш қилмас экан, чегара комиссиясининг фаолияти самарасиз бўлиб қолаверади”, деб ҳисоблайди сиёсатшунос.

-Ўзбекистон томони ҳам, Қирғизистон томони ҳам масалани ҳал қилишга тайёр бўлиши керак. “Бўлди, бу ерни мен оламан”, деб қатъий туриб олиш ёки баҳсли ҳудудлар борасида муросага кела олмаслик вазиятни янада мураккаблаштиради. Бу эса чегараларнинг аниқланишини яна бир неча йиллар ортга суриб юбориши мумкин, дейди сиёсатшунос Ўрўзбек Молдалиев.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш иши 10 йил аввал бошланган. Шу кунгача 1375 километрлик Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 994 километри аниқланган. Чегаранинг қолган қисми баҳсли ҳудудлар бўлгани учун шу кунгача аниқланмай қолмоқда. Мутахассисларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 60 дан ориқроқ баҳсли ҳудуд мавжуд.
XS
SM
MD
LG