Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:13

Ўзбекистон тожик вагонларини ўтказа бошлади


Тожикистон расмийларига кўра¸ юк вагонларининг 95 фоизи ҳали ҳам Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилмоқда.
Тожикистон расмийларига кўра¸ юк вагонларининг 95 фоизи ҳали ҳам Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилмоқда.

25 мартдан Ўзбекистон ўз темир йўлларида туриб қолган Тожикистон юк вагонларини ўтказа бошлади. Аммо Душанбе расмийлари вагонларнинг танлаб ўтказилаëтгани ва Роғун қурилиши учун зарур ускуна ортилган вагонларнинг жойидан жилмаганини айтмоқдалар.

22 март куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон темир йўл станцияларида 1000 дан ортиқ юк вагонлари асоссиз ушлаб турилгани иддаоси билан Ўзбекистон томонига норозилик нотаси топширган эди.

Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасининг номи ошкор этилмаслик шарти билан гапирган масъулларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон томони Тожикистон ҳукумати нотасига жавоб қайтарган.

Манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистон ўз жавобида “Юк вагонларининг темир йўл станцияларида туриб қолишида ҳеч қандай сиёсий мотив йўқлиги,аксинча темир йўллар Америка ва НАТОнинг Афғонистонга юбораётган ноҳарбий юклар ортилган вагонлар билан ўта бандлиги тафайли шундай ҳолат юзага келгани” билдирилган.

-Ўзбекистон ҳукумати имкони борича бу масалани тезроқ ҳал қилиб, юк вагонлари транзитини йўлга қўйишга Тожикистон томонини ишонтирган, дейди шу манба.

Ўзбек дипломатининг билдиришича, расмий Тошкент Тожикистон нотасини олган куниёқ, “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъулларига Тожикистон юк вагонлари тарнзити бўйича янги жадвал тузиб, шу жадвал асосида тез фурсатларда вагонларни ўтказишни топширган.

Айни пайтда Ўзбекистон томони Тожикистонга жавоб қайтарганини тасдиқламаётган тожик расмийлари, Ўзбекистоннинг 25 мартдан бошлаб юк вагонларини ўтказа бошлаганини маълум қилди.

Тожикистон Темир йўллари давлат ширкатининг юк ташиш бўлими бошлиғи ўринбосари Андрей Тропиннинг Озодликка маълум қилишича, ўтган шу икки кун давомида 158 та юк вагони Ўзбекистон орқали мамлакат ичкарисига киритилган.

- Асосан¸ Талко алюминий ишлаб чиқариш заводи учун зарур бўлган гил тупроқ ортилган 111 та вагон ва яна буғдой, хўжалик маҳсулотлари ортилган 47 та юк вагонини қабул қилиб олдик, дер экан Андрей Тропин Ўзбекистон темир йўл станцияларида Тожикистонга тегишли юк вагонларининг 95 фоизи ушланиб қолаётганидан ташвиш билдирди.

Тожик расмийси айни баҳорги экин-тикин, авиация қатнови учун зарур бўлган ёнилғининг катта қисми, ҳамда булдозерлар ва машиналар ортилган юк вагонларининг ҳамон қўйиб юборилмаётганидан шикоят қилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 22 март куни мамлакатга тегишли 1000 дан ортиқ юк вагонларининг Ўзбекистон темир йўл станцияларида асоссиз тутиб турилгани иддаоси билан Тошкентга норозилик нотаси йўллаган эди.

БМТнинг сув масалаларига бағишлаб Ню Йоркда ўтказилган сўнгги анжуманида қатнашган Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов ҳам юк вагонлари масаласи баҳонасида, илк бор юқори минбардан туриб, ўз давлатининг қўшни Ўзбекистон билан муаммолари ҳақида ошкор гапирган эди.

- Биз илгари ҳам юкларимизни бу мамлакат ҳудуди орқали олиб ўтганимизни ҳамма яхши билади,аммо сўнгги икки ой мобайнида Ўзбекистон бизнинг вагонларимизни,хусусан юк вагонларимизни транзит қилишга қаршилик кўрсатиб келмоқда. Ваҳолангки, ҳозир айни экин мавсуми. Тожикистон аҳолисининг 70 фоиздан ортиқроғи деҳқончилик билан шуғулланади. Бу муаммо ортидан улар ўз вақтида ерга уруғ ташлай олмайди, деди БМТ йиғинида Душанбе ҳукумати раҳбари.

Кузатувчилар Роғун ГЭСи лойиҳаси атрофида бошланган даҳанаки жангларнининг тобора авж олаётгани ортидан Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар ҳам тобора кескинлашаётгани ва Роғун қурилиши учун зарур бўлган ускунларнинг Ўзбекистон ҳудудида сақлаб турилиши ана шу кескинликнинг навбатдаги босқичи эканини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG