Линклар

ЕИ Грецияга молиявий ёрдам беради


Германия канцлери Ангела Меркел евроҳудуд давлатларининг молиявий бўхрондан жиддий зарар кўрган Грецияга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги келишувини олқишлади.

Бундан бир оз аввал Меркел хоним бу каби келишувга қарши чиқиб келаётган эди.

Бу ҳақдаги келишув ЕИга аъзо давлат раҳбарларининг пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғини чоғида қабул қилинди.
Греция бюджетидаги дефицит ЕИ давлатлари учун белгиланган кўрсаткичдан тўрт мартта кўпдир.

Янги келишув қабул қилинар экан¸ ЕИ давлатлари Греция ҳукуматига бир қанча талаб қўйдилар. Греция ўз қарзларини тўлаш учун керак бўлган маблағни молия бозорларидан тўплай олмаган тақдирдагина Халқаро валюта жамғармаси ЕИ билан биргаликда расмий Афинага қарз бериши мумкин.

Ҳозирча Грецияни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган қарз миқдори ошкор қилинмади, бироқ айрим манбаларга кўра, бу рақам 22 миллиард евро атрофида бўлиши мумкин.

Айни пайтда Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо ҳам пайшанба куни қабул қилинган келишувни олқишлади.

- Юзага чиқаётган янги муаммоларни европача усул билан ҳал қила олиш мумкинлигини намойиш қила олдик. Европа комиссияси таклифларига тўлиқ мос келадиган ечим топилганидан бениҳоя мамнунман. Бу каби европача механизм Халқаро валюта жамғармаси учун ҳам ҳар доим очиқ. Буни яхши натижа деб биламиз, деди Хосе Мануэл Баррозо.
XS
SM
MD
LG