Линклар

Ватанга қайтган андижонлик қочқин аëл 159 да айбланмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ўғлининг айтишича¸ Дилором Абдуқодировага Қирғизистондаги қочқинлар лагерида чет эл журналистларига интервю берганлик ҳам айб сифатида қўйилмоқда.

Ўғлининг айтишича¸ Дилором Абдуқодировага Қирғизистондаги қочқинлар лагерида чет эл журналистларига интервю берганлик ҳам айб сифатида қўйилмоқда.

Шу йил бошида Австралиядан Ўзбекистонга қайтиб борган андижонлик қочқин аёл икки хафтадан бери Андижонда ҳибсда сақланмоқда. 45 яшар Дилором Абдуқодировага Ўзбекистон Жиноят кодексининг оғир моддалари бўйича қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Дилором Абдуқодирова 2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган қонли қирғин пайти ҳукумат кучлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қочиб, Қирғизистон жанубига ўтишга муваффақ бўлган юзлаб андижонликларнинг бири.

Аммо ўша куни унинг эри ва тўрт фарзанди майдонни тарк этолмай, Ўзбекистонда қолиб кетишган. Кейинчалик Австралияда бошпана топган Дилором Абдуқодирова қарийб беш йил давомида оиласидан узоқда яшади.

Бу аёл билан бирга Австралиядан бошпана топган акаси Муҳаммаджон Мўминовнинг айтишича, эри уни Андижонда ҳеч нарса таҳдид солмаётганига ишонтирганидан кейин¸ у қайтишга қарор қилган.

- Бу ерда ҳамма шарт-шароитларимиз яхши эди. Опам оиласидан бир ўзи қолган эди бу ëқда. Тўрт фарзанди¸ эри¸ 80 ëшларга кирган қайнонаси қолган эди. Тўғри тушунасиз энди¸ соғинч. Биз поччани бу ëққа чақиришга ҳаракат қилдик. Лекин бунинг имкони бўлмади. Беш йил мобайнида уйларига мунтазам равишда милиция ходимлари келишиб¸ ҳар келганда “Келин келсин. Нимага келмайди? Президент аëлларни авф этган. Аëлларда айб йўқ. Айтинглар келишсин” деб такрор-такрор айтишгандан кейин¸ поччанинг бу ëққа келиши қийин бўлганлиги учун. Поччамга ўхшаганларнинг ҳаммаси мунтазам назорат остида. Вилоятдан чиқиш мумкин эмас¸ ҳар ой мунтазам чақирилади. Қолаверса поччам ëлғиз ўғил. Онаси ҳам ëрдамга муҳтож. Болаларга бош бўлиб онасига қараб турган эди. “Болаларингиз кутаяпти. Онамга кераксиз. Менга керкасиз” деб айтганидан кейин “Бормасам бўлмаса керак. Шунча гап-сўзлардан кейин ўйланиб қолдим” деди. Боришга қарор қилиб қўйгандан кейин ноилож жўнатдик¸ дейди Муҳаммаджон Мўминов.

Шу йилнинг 7 январ куни Ўзбекистонга қайтган Дилором Абдуқодирова аэропортда чегара хизмати тарафидан тўхтатилиб, тўрт кун ушлаб турилади.

Кейин Андижондаги уйига қўйиб юборилади. Икки ой ўтиб уни тағин милицияга чақира бошлашади. Абдуқодированинг Ички ишлар бўлимига 12 март кунги сўнгги ташрифи ҳибсга олиниш билан якунланди.

Абдуқодированинг ўғли Миролимжон гапиради.

- Тўрт кундан кейин Андижонга келди. Келиб меҳмонларни кутиб¸ бошқа қилиб бир чиройли яшаëтган эдик. Бир-икки марта терговга чақириб турди шаҳарникига. Горотделда изоляция қилиб қўйганига бугун 15 кун бўлди¸ дейди Миролим.

Миролимжоннинг айтишича, дастлаб, Абдуқодировага чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айби қўйилаётгани билдирилган.

Аммо кейинчалик бу айблов қаторига конститусиявий тузумга тажовуз қилиш ва диний экстремистик ташкилотга аъзолик каби бир қатор сиёсий моддалар ҳам қўшилган.

Миролим: Биринчиси 223-модда¸ иккинчиси 159-модда деяпти. 159 ва бошқа моддалар бор деяпти.

Озодлик: Нима қилган экан?

Миролим: Ҳозир бизга аниқ бўлгани¸ Қирғизистонда интервью берган дебди.

Озодлик: Нима ҳақда?

Миролим: Чет элга интервью берган дебди.

Озодлик: Ким айтди бу ҳақда?

- Биз адвокат ëллаган эдик. Адвокатга шунақа дебди экан. Қирғизистонда чет эллик журналистларга интервью берган¸ дебди¸ дейди Миролим.

Абдуқодированинг давлат ҳимоячиси эса “тергов сири” қонуниятидан келиб чиқиб, бу борада тергов якунланмагунича маълумот бера олмаслигини билдирди.

Дилором Абдуқодирова, Андижон воқеалари бўйича Тошкентда ўтказилган маҳкамада ҳукумат версиясига қарши кўрсатма берган Маҳбуба Зокированинг туғишган синглиси бўлади.

Судда берган кўрсатмасида Зокирова ҳукумат кучлари отмасликларини сўраб илтижо қилаётган қуролсиз одамларни қандай отиб ташлагани ҳақида гапирар экан “Ҳатто Гитлер бундай ишни қилмаган”, деган эди.

- Энг алам қилгани¸ немис Гитлер ҳам тўғриси оқ байроқ кўтарганда отмаган. Бунда отди. Мен кўзим билан¸ тўртта боламни ўртага қўйиб қасам ичиб айтаман¸ отди. Отиб ташлади. У ердаги даҳшатни қўяверасизлар¸ деган эди Маҳбуба Зокирова.

Дилором Абдуқодирова Ўзбекистонга қайтган ягона андижонлик эмас. 2006-2007 йиллар оралиғида Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларда паноҳ топган 50 дан зиёд андижонлик Ўзбекистонга қайтди.

Уларнинг Андижонга қайтиш қарорига келишларига АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасининг фаол тарғибот ишлари туртки бўлгани айтилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч ватанга қайтган андижонлик қочқинлар ҳукумат босимлари остида қолишгани ҳақида бир неча бор бонг урди.

Ўзбекистонга қайтиб борган айрим андижонликлар орасида тазйиқларга дош беролмай қайта қочқинликка юз тутганлари ҳам бўлди.

Чет давлатларда қочқинликда яшаётган юзлаб андижонликни ўзида бирлаштирган Андижон - Адолат ва тикланиш ташкилоти раҳбари Нурилло Мақсудовнинг айтишича, қайтиб борган андижжонликларга нисбатан таъқиблар бугун ҳам тўхтамаган.

- Чақир-чақири бор. Бир ҳафтада¸ узоғи билан 15 кунда бориб “Мана шу ердаман. Ҳеч қаëққа кетмадим. Кетиш режаларим ҳам йўқ” деб туришади. Доим кузатувда¸ назоратда бўлаяптида. “Бундан кўра индамасдан ичкарига олиб кириб қўйишса яхши эди” дейишаяпти. Нимага деса¸ қамалгандан кейин қамалдим деб тақдирга тан бериб юрадида. Ташқарида қаëққа қарашини¸ қаëққа юришини билмаса. Назорат ниҳоятда кучли. Кўз очишликка йўл бермаяпти¸ имкон бермаяпти¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Мақсудовнинг айтишича, ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб борган қочқинлардан эса шу пайтгача фақат Дилором Абдуқодирова ҳибсга олинди.

- Яхши ниятлар билан борса бу. Мана аëлни аëл демасдан олиб кириб қўйишлик демократиянинг қайси кўринишига сиғади¸ дейди Андижон – Адолат ва тикланиш ташкилоти раҳбари Нурилло Мақсудов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG