Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:33

Экоҳаракат Тожикистонга норозилик уюштирди


25 март куни Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида ҳукумат рухсати билан норозилик намойиши ўтказилди. Ўзбекистон Экологик ҳаракати тарқатган маълумотга кўра, 1200 киши Тожикистоннинг “Талко” алюмин заводида ишлаб чиқариш кенгайтирилишига норозилик билдирган.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Сурхондарё худудий бўлими ходимига кўра, 25 мартдаги норозилик митинги экоҳаракат фаоллари томонидан ташкил қилинган.

- Митингни экоҳаракат фаоллари ўтказган. Ўзбекистон экологик ҳаракатининг сайтида Сурхондарëда бўлиб ўтган тадбир ҳақида тўлиқ информация эълон қилинган. Шундан бемалол маълумотни ҳам¸ суратларни ҳам олишингиз мумкин, деди экоҳаракатнинг Сурхондарё худудий бўлими ходими.

www.eco.uz сайтидаги маълумотга кўра, норозилик митинги Термиз Давлат университети биноси олдида уюштирилган бўлиб, унда 1200 нафардан зиёд киши иштирок этган.

Eco.uz хабарига кўра, митинг иштирокчилари Экоҳаракатнинг сурхондарёлик фаоллари, Термиз давлат университети талабалари, аҳолининг турли қатлам вакиллари бўлиб, улар "Тожикистонлик биродарлар! Табиатни асраш – келажакни асраш эканлигини унутманг!" каби мазмундаги бир қанча шиорларни кўтариб чиққанлар.

Шунингдек, митинг қатнашчилари овоз кучайтиргичлар ёрдамида Тожикистон алюмин заводининг атроф-муҳитга таъсири ошиб бораётганига ўзларининг норозилигини билдирганликлари ҳақида хабар қилади eco.uz.

Термиз Давлат университети мутасаддиларидан бирига кўра, норозилик митинги стихияли тарзда амалга оширилган.

- Талабалар қилган буни. Улар ўзлари чиққан. Ҳеч ким уларни бошқаргани йўқ. Талабалар ўзи чиққан плакатлар билан. Менинг хабарим ҳам йўқ эди, дейди университет мутасаддиларидан бири.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўзини Термиздаги митинг ташкилотчилари сифатида эълон қилган бўлса-да, негадир мутасаддилар митингни стихияли ўтказилганини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистонда митинг ва пикетлар ўтказиш амалиётининг йўққа чиқарилгани инобатга олинса, берухсат 1200 кишининг стихияли равишда бир жойга йиғилишининг имконсиз экани ойдинлашади.

Таҳлилчилар Термиз митингининг айнан ҳукумат рухсати билан уюштирилганига шубҳа йўқлигини айтишади.

Одатда Ўзбекистондаги рухсатсиз намойишлар пайти милиция ходимлари воқеа жойида ҳозиру нозир бўлишса, Термиздаги митингда эса милиция ходимлари учрамади.

Айни митинг махсус хизмат ходимлари эмас, балки маҳаллий матбуот, жумладан телевидение ходимлари эътиборида бўлгани кузатилди.

Сурхондарёдаги расмий мулозимлардан бири норозилик митинги айни давр талаби эканини айтар экан, 30 йилдан ортиқ вақт давомида тожик алюмин заводи 580 минг киши истиқомат қилаётган Сурхондарё атроф-муҳитига, атмосферасига ўта заҳарли фторли водород ташланаётгани Тожикистон раҳбариятини умуман ташвишга солмаётганига норозилик билдиради.

- Кеча шундай бўлди. Жуда катта митинг бўлди. Кеча шу масалани кўтариб чиқишдида. Алюмин заводнинг бизга таъсирини. Жуда қаттиқ таъсир қиладида. Шамол фақат ўша ëқдан эсади. Тутун борку¸ фторли тутун ҳаммасини биз томонга олиб келиб тўкиб ташлайди. Филтрация қўйилмаган. Филтр қўйишса¸ бошқа қўйишса бўлади. Жуда катта таъсири бор. Молларнинг тиши тушиб кетаяпти. Болалар ногирон бўлиб туғилаяпти, қўл йўқ¸ панжа елкадан чиқиб қолган. Бир хилларининг танглайи йўқ¸ бир хилларининг бурни йўқ. Дала-даштни энди сўраб ўтирманг. Эски Дашнободнинг анорларидан¸ хурмоларидан ҳеч нарса қолмади. Бечоралар узум ҳам¸ олма ҳам ейишолмайди. Анор ҳам¸ хурмо ҳам йўқ. Олдин Тошкентга¸ Москвага¸ ЦК нинг приëмигача Дашнободнинг анори ва узуми борарди. Ҳозир ҳеч нарса қолмади. Ҳамма томонни қуритиб юборди, дейди расмий мулозим.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистондаги алюмин заводининг салбий таъсири айнан ўзбек-тожик чегарасида жойлашган Сариосиё, Узун ва Денов туманларига катта бўлаяпти.

Сариосиёлик Фахриддин Тожикистондаги алюмин заводидан 40 километр узоқликдаги масофада яшайди. Фахриддин ушбу завод айниқса инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини айтади.

- Заводнинг шу кеча-кундузда тўртта трубаси ишлаяпти. Нечта цехининг ишлашини билмадиму¸ тўртта труба орқали заҳарли тутун чиқишини кузатаяпмиз. Бизга уйдан яққол кўриниб туради. Сариосиë¸ Узун¸ Денов туманларига жуда катта таъсири бўлаяпти. Ҳозир туғилаëтган ëш чақалоқларнинг бош давлениеси билан туғилиши. Бу битта таъсири. Иккинчиси болалар ички органида микроблар билан туғилаëтгани. Айрим ҳолларда суякларнинг мўрт ҳолда туғилиши кузатилаяпти. Сариосиë тумани бўйича оладиган бўлсангиз¸ аëлларнинг 10 фоизи саратон касаллигига чалиниб бўлди. Бу ҳaм ўшанинг таъсири. Ичадиган сувимизда ҳам заводнинг мўриларидан чиққан заҳарли фторли водород бор. Нафас олиш ҳам қийин, дейди сариосиёлик Фахриддин.

Тожик алюмин заводининг Сурхондарёга салбий таъсири йиллар давомида кузатилаётгани маълум.

Нега унда норозилик айнан бугунга келиб пайдо бўлди дея сўраймиз сурхондарёлик расмий мулозимдан.

- Йўқ, бизда ҳар йил ҳаракат бор. Даже ҳар кун деса ҳам бўлади.

Озодлик: Масалан нима қилаяпсизлар?

- Шу чегараларга бориб одамлар бечоралар илтимос қилишаяпти. Қанча-қанча учëныйлар келиб кетди¸ ядоршиклар келиб кетди. Экосан юрибди¸ бошқа юрибди. Энди митингни Тошкентдаги Тожикистон элчихонасининг олдида қилиш керак. БМТнинг резиденцияси бор. Ўша ерда қилиш керак. бизда йўқку бу. Консулство йўқ даже. Биз митинг қилиб ëтибмиз¸ телевидениеда кўрсатади. Улар бизнинг телевидениени кўрмайдию. Ўзимизда қолиб кетаяпти ҳаммаси. Президентимиз ҳам чиқди. Бир-икки марта чиқдиларку. Бу йил ҳам чиқдилар. Ҳар йил чиқадилар. Мана Роғун ГЭСи бўйича яқинда қандай чиқиш бўлди. Мана бу Имомали Раҳмон дегани бор уларнинг президенти. Шу шохини ерга тираб олганда. Ўша ҳеч қанақа иш қиламяпти. Мана Роғун ГЭСини ҳозир акция билан қуриб ëтибди. Просто халқни бўғиб ташламоқчи¸ ўзини ўзи гегемон қилиб олмоқчи. У ўзига қаратмоқчи. Биз эланишимиз керак¸ йиғлаб-сиқташимиз керак. Кечирасизку¸ буни политическая проституция дейди, деди сурхондарёлик расмий мулозим.

Термиздаги норозилик намойиши борасида Тожикистоннинг “Талко” алюмин заводи раҳбариятининг муносабатини билиш мақсадида, компаниянинг расмий сайтида эълон қилинган телефон рақамларига қўнғироқ қилдик.

Бироқ ушбу рақамларнинг барчаси факс телефонлари бўлгани учун завод мутасаддилари фикрини билиш имкони бўлмади.

Eco.uz хабарига кўра, Термиздаги митинг иштирокчилари Тожикистон раҳбариятининг минтақада экологик вазиятни таранглаштиришга сабаб бўлаётган сиёсатига норозиликларини мурожаатнома кўринишида тайёрлаб уни халқаро ташкилотларга йўллашни мўлжаллашган.

Шунингдек, Термиздаги каби норозилик митингларини вилоятнинг барча туманларида ва қўшни вилоятларда ҳам ўтказишни режалаштирилган.

Митинг пайти Термиз Давлат университети талабаларидан иборат ташабускор гуруҳ тузилиб, уларга кейинги режалар масъулияти юкланган.

Митингнинг эртасига эса Ўзбекистон телеканали орқали “Ифтихор” кўрсатуви намойиш қилиниб, унда Термиз Давлат университети ҳақида илиқ фикрлар айтилди.

Талко Тожикистоннинг энг йирик саноат иншооти бўлиб, алюминий ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди.

Алюминий Тожикистон экспорт салоҳиятининг 35% ини ташкил қилади.

Ўтган йили Талко алюминий ишлаб чиқариш ҳажмини 10 %га қисқартирди. 2009 йили Талко 360 минг тонна алюмин ишлаб чиқарди. Бу 2008 йил билан таққослаганда 39,2 минг тоннага камдир.

Жорий йилнинг март ойида Тожикистон ҳукумати Хатлон вилоятида янги алюминий завод қуришга киришди.

1994 йилнинг 17 ноябрда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Тожикистон алюминий заводи фаолияти таъсир кўрсатадиган ҳудудларда экологик вазиятни юмшатиш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланган эди.
XS
SM
MD
LG