Линклар

logo-print

Ўзбекистонга сайёҳлар қизиқиши ортмоқда, бироқ...


Ўзбекистонга борган россиялик сайёҳлар ҳуқуқ-тартибот ходимларинингг ўзларига бўлган муносабатидан норози.

Ўзбекистонга борган россиялик сайёҳлар ҳуқуқ-тартибот ходимларинингг ўзларига бўлган муносабатидан норози.

Москвада 2010 йилнинг март ойида бўлиб ўтган “Интурмаркет” халқаро сайёҳлик кўргазмасида “Ўзбектуризм” Миллий компанияси Ўзбекистоннинг сайёҳлик масканларига россияликларнинг қизиқиши ошганини эълон қилди. Ҳақиқатан россиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқишлари ортмоқдами?

Mосквалик 65 ёшли Сергей Матвеев яқинда Ўзбекистонга саёҳат қилди. Сергей Юревич полшалик дўсти билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига сайр қилганини ва Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротга эга бўлганини айтди:

- Мени Ўзбекистонда қойил қолдирган нарса, бу одамлар: оқкўнгил, самимий, барчаси бизни уйларига таклиф қилди. Дўстим билан меҳмон бўлдик. Меҳмондорчиликда биз аёлларни деярли кўрганимиз йўқ. Фақат эркаклар. Шарқда каби дастурхон атрофида ўтирдик, кўрпа- тўшак. Ширинликлар ва ажойиб таомлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади! Бизга жуда ёқди. У ердаги маданият, айниқса, Самарқанд эртакнинг ўзгинаси. Сўзлар билан тасвирлаб бўлмас ажойиб манзаралар, мақбаралар. Маҳаллий маданият сўзсиз лол қолдиради. Мисол учун ўша Улуғбек қурилмалари, расадхонаси¸ дейди Сергей Матвеев.

Лекин Сергей Матвеев Ўзбекистонга саёҳат қилиш бошқа давлатларга нисбатан анча мушкуллигини ҳам яширмади.

- Мени таажжублантирган яна бир жой Тошкентнинг эски шаҳари. У ердаги ёш қизчалар...Биласанми, худди гадойларга ўхшаб эски-туски кийимда. Кейин маҳаллийлар умуман йўл қоидаларига риоя қилишмас экан.. Мен биринчи маротаба кузда бўлган эдим Ўзбекистонда. Тошкентдан Самарқандга борганимизда нохуш бир воқеа рўй берди. Пахта даласида тўхтаган эдик. Далалар дефолиант билан дориланган экан. Кечга бориб менинг иссиғим ошиб кетди, яъни мен заҳарланиб қолдим. Шунинг учун ош қилишни ўрганаётган даврда менга пахта ёғидан фойдаланмасликни тавсия қилишди, чунки унда химикатлар кўп экан. Кейин, кўзга ташланган одамлар ўртасидаги фарқ, ҳашаматли бинолар олдида жойлашган хароба кулбалар, оёқда лой қилаëтган одамлар...Бу албатта салбий таассурот қолдирди.

Мен билан Ўзбекистонга саёҳат қилган полшалик дўстим виза олишда роса қийналди. Билишимча, ҳатто қўшни бўлган Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан виза режимининг ўрнатилгани бизни таажжублантирди. Биз пойтахтда пулларимизни алмаштира олмасдан қийналдик. Банкомат кам, бўлса ҳам пули йўқ¸ дейди Сергей Матвеев.

Айни пайтда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси Ўзбекистонга россиялик сайёҳларнинг қизиқиши ошганини ва жорий йилда уларнинг сони 15 фоиз ўсиши кутилаётганини таъкидламоқда.

“Ўзбектуризм” компаниясига қўнғироқ қилиб, ушбу баёнот борасида қўшимча маълумотлар олишга ҳаракат қилдик. Бироқ компания ходимлари билан боғланиш имкони бўлмади.

Тошкентдаги “Роксана” туристик фирмаси ходими Антонга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонга хорижлик сайёҳларнинг, жумладан, россияликларнинг ҳам қизиқиши ошаяпти.

– Тўғрисини айтсам, бизда сайёҳлар билан ҳеч қанақа муаммо йўқ. Чунки уларга биттадан ҳайдовчи бириктирилади. Кимгадир баъзан меҳмонхона ёқмаслиги мумкин, кимгадир хизмат ёқмайди. Бу энди ҳамма жойда бўладиган ҳолат. Ўнтадан битта! Россияда бизнинг доимий ҳамкорларимиз йўқ. Ўз кучимиз билан мижоз билан алоқа қиламиз. Асосан Интернет орқали. Ҳар қайси меҳмонхонамизда қайд қиламиз. Бизга энди миллий руҳдаги экзотик меҳмонхоналар етишмайди. Умуман олганда сайёҳлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда¸ дейди Антон.

Россиядаги "Вега-тур" сайёҳлик компанияси вакили Олга россияликларнинг Ўзбекистондаги тарихий обидаларга қизиқиши катталигини ва ушбу мамлакатга сайр қилувчи россияликлар сонининг ошишига икки мамлакат ўртасида виза режимининг йўқлиги сабаб бўлаётганини айтди.

- Мана биз Ўзбекистон йўналиши билан 6 йилдан бери шуғулланамиз. Шу давр давомида биздан норози бўлган бирорта ҳам сайёҳ бўлмади. Сервис бизнинг мижозларимиз учун шу даражада юқорики, улардан бирорта ҳам шикоят тушмайди. Бошқа давлат вакиллари учун билмадиму, айниқса россияликлар учун Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммо йўқ¸ дейди Ольга.

Ўзбекистонга россиялик сайёҳларнинг қизиқиши ошаётгани таъкидланаётган бир пайтда петербурглик Игор Кириллович Ўзбекистонга сайр қилишнинг машаққатлари кўплигини айтади.

Яқинда Игор Кириллович оиласи билан Ўзбекистон сафаридан қайтди. У бу сафари кўнгилсиз таассуротларга бой бўлганини, иккинчи бор Ўзбекистонга сайр қилмаслигини айтади.

- Мен Ўзбекистонга меҳмонга бордим. Биринчиси, бу ердаги муносабат, айниқса, россияликларга бўлган салбий муносабат “қойил” қолдирди. Ўзбекистонга киришдаги биринчи постдаёқ (эсимдаям йўқ, қанақа пост эканлиги) мендан қандайдир солиқ талаб қилишди. Номи экологик солиқ экан¸ дейди Игор.

Баъзи мутахассисларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон сайёҳлигининг мамлакат Ялпи Ички Маҳсулотидаги улуши бор-йўғи 0,5% ташкил этади.

- Мен улардан бу қанақа солиқ деб сўрадим. Менга сиз Ўзбекистон экологиясини машинангизда бузяпсиз, деб тушунтиришди. Ҳа, мен Қорақалпоғистон орқали кетаётган эдим. “Солиқ нимага олинади?” десам, менга берилган жавоб “Ўзбекистон экологиясини тиклаш учун!” бўлди. Уларга менда Россиянинг техосмотри борлигини тушунтиришга уриндим. Россияда машина жуда қаттиқ текширувдан ўтган эди. Йўқ, охир-оқибат мендан 70 минг сўм солиқ сўрашди. Барча ҳужжатларимни олиб қўйишди.

Мен уларга тўлашдан бош тортдим. Натижада 20 минг пора бериб қутулдик. Деярли ҳамма постларда бизни тўхтатишиб тинтув қилдилар. Бу қанақа муносабат одамга? Бу нима, қаерга кетяпсиз ва шунга ўхшаш саволлар....Мен ҳайрон қолдим...Хотиним туғилган шаҳарга келиб, бу ерда на свет, на газ, на сув, на тузук йўл бор. Хулласи калом, биз ҳаммамиз шам ёқиб, бир-биримизга қараб ўтирдик.

Кейин, қайд масаласи. Мен навбатда 3 кун қатнаб, бир тўда ҳужжат тўплаб зўрға қайдга турдим. Мен бир террористдек ҳис қилдим ўзимни. Петербургда масалан мен хотинимга 1 соатда ўзим бориб қилиб келганман. Мени ростини айтсам сайёҳларга бўлган, умуман одамларга бўлган муносабат лол қолдирди¸ деди Ўзбекистонга саёҳат қилган россиялик Игор Кириллович.

“Ўзбектуризм” маълумотига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 700 дан ортиқ турфирма фаолият кўрсатади. Лекин “Ўзбектуризм”нинг расмий сайтида эълон қилинган рўйхатда жами 180 туристик компания номи келтирилган, холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG