Линклар

logo-print

Хивада Умар Хайём ҳақида сериал олинаяпти


"Умар Хайём" сериалини суратга олиш жараёнидан бир кўриниш. Сурат "Дебют" кинокомпанияси расмий сайтидан олинди.

"Умар Хайём" сериалини суратга олиш жараёнидан бир кўриниш. Сурат "Дебют" кинокомпанияси расмий сайтидан олинди.

Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Хива туманида Москва шаҳар ҳукумати молиявий қўлловида Умар Хайём ҳаётига бағишланган “Соҳибкаромат” номли сериал суратга олинмоқда.

“Соҳибкаромат” дея номланувчи сериал айни пайтда Хива туманидаги Ичан Қалъа ва Хива тумани атрофида суратга олинаяпти.

Ўрта асрнинг машҳур риёзиётчиси, файласуф ва мунажжим олими, шоир Умар Ҳайём ҳаёти акс эттирилган Россия сериалининг иккинчи босқичи айнан Ўзбекистонда суратга олинишига сабаб бор.

Картина директори Абдул Абдулвасиев Озодлик билан суҳбатда мана шу ҳақда гапириб берди:

- Мана, ҳозир бизда йигирманчи, йигирма биринчи тасвирга олиш кунлари. Яна шунча тасвирга олиш кунлари қолди, Ўзбекистонда. Филмнинг асосий суратга олиш қисми шу ерда, Хивада олинмоқда. Чунки декорация, натура, интерер жиҳатидан бизнинг филм учун мос келди. Ичан Қалъа тарихий комплекси бизнинг тарихий сериалимиз учун ғоятда керак. Бу ерда тарихий обидалар яхши сақланиб қолинган, - деди Абдул Абдулвосиев.

Сериалда Умар Хайём образини россиялик ёш актёр Роман Матюнин ижро этмоқда.
Унинг айтишича, Умар Хайём ижодига қизиқиш ҳамма даврларда ҳам жуда катта бўлган. Шунинг учун ҳам Москва ҳукумати махсус дастур орқали филмни молиялаштиришга розилик берган.

“Ўзбекистонда суратга олиш учун рухсат олишда қийинчилик бўлмадими?” деб сўраймиз филм директори Абдул Абдулвосиевдан.

- Барча муаммолар тезлик билан ҳал бўлмоқда.Улар кўришаяптики, бу замонавий филм эмас, боевик ёки ўзбек, тожик миллатига тегиб кетадиган жойлари йўқ. Улар сценарийни ўқиб кўришди. Биз сценарийда Умар Хайёмни болаликдан ўлимига қадар бўлган ҳаётини қамраб олганмиз,-деди Абдул Абдулвосиев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Соҳибкаромат” сериали мусиқасини машҳур тожик хонандаси Далер Назаров басталаши кутилмоқда.

- Шундай режалар бор албатта. Суратга олиш ишлари тугаганидан сўнг Далер Назаров билан продюсеримиз музокаралар олиб боради, -деди суҳбатдошимиз.

Абдул Абдулвосиев сериалнинг баъзи қисми Эронда тасвирга олинганини ҳам айтиб ўтди. Филмда эронлик актёрлар ҳам иштирок этганлар.

Умар Хайём сериалини Россиянинг “Дебют” кинокомпанияси суратга олмоқда. Мазкур сериалга “Мени тарк этма, севги”, “Ошиқлар”, “Зоҳид” филмлари билан танилган Людмила Гладунко ҳамда Борис Токарев режиссёрлик қилмоқда.

Москва шаҳар ҳукуматининг махсус дастури асосида суратга олинаётган мазкур сериал томошабинларга шу йилнинг охирларида тақдим этилиши кутилмоқда.

Сериалда Умар Хайём ролини машҳур санъаткор Аркадий Райкин асос солган Москвадаги “Сатирикон” театрининг ёш актёри Роман Матюнин ижро этган.
XS
SM
MD
LG