Линклар

Ливияда икки кундан буён давом этаётган Араб давлатлари саммити якунида анжуман иштирокчилари Исроилнинг Қуддус шарқида янги турар-жой биноларини қуриш режасига қарши ягона стратегия ишлаб чиқишга уринмоқдалар.

Яқин Шарқ тинчлик жараёни Араб давлатлари лигаси етакчиларининг икки кунлик саммитининг диққат марказида бўлмоқда.

Сирте шаҳрида ўтказилаётган саммит доирасида журналистлар билан учрашган Фаластин ҳукумати расмийси Соҳиб Эрекатнинг айтишича, саммит иштирокчилари Исроилнинг Фаластинга қарши юритаётган сиёсатига қарши чора кўриш борасида ўз имкониятларини қайта кўриб чиқмоқдалар.

- Исроилнинг бу каби ҳаракатларига тоқат қилиб бўлмайди. Комил ишонч билан айта оламанки, ҳозир Араб давлатлари ўз имкониятларини қайта кўриб чиқмоқдалар, деди Соҳиб Эрекат.

Жорий ой бошида Исроил ҳукумати Қуддус шарқида яҳудийлар учун 1600 та янги хонадон қуриш режасини маъқуллади. Исроилнинг ушбу ҳаракати эса Яқин Шарқ тинчлик жараёнини қайта бошлаш борасида қилинаётган АҚШ уринишларини йўққа чиқарди.

Исроил 1967 йилда Қуддус шарқини Иорданиядан тортиб олиб, ўз ҳудудига қўшиб олган. Халқаро ҳамжамият, ўз навбатида, Исроил ҳаракатларини кескин қоралаб, Қуддус шарқини Исроил ҳудуди деб тан олмаслигини билдирган.

27 март куни саммитда чиқиш қилган Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Исроил томони Фаластинга нисбатан юритаётган сиёсатини ўзгартирмас экан, АҚШ таклиф қилаётган норасмий сўзлашувларда иштирок этмаслигини билдирди.

Маҳмуд Аббос Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу етакчилигидаги Исроил ҳукуматини Қуддусдаги вазиятни атайлаб чигаллаштиришга уринаётганликда айблади.

Бенямин Нетаняҳу эса фаластинликларни ўз позициясида қатъий турган ҳолда тинчлик жараёнига путур етказаётганликда айблади.

Араб давлатлари лигаси Бош котиби Амр Мусса шанба куни қилган чиқишида Араб давлатлари тинчлик жараёнининг муваффақиятсизликка учраши мумкинлиги ва ушбу жараёнга муқобил ечим топишга шай туришлари лозимлигини таъкидлади.

- Бизни олдинда нима кутаётганидан хабардор бўлишимиз ва барча имкониятларни ўрганиб чиқишимиз лозим. Тинчлик жараёнининг муваффақиятсизликка учраши мумкинлигига шай бўлмоғимиз лозим. Ишончим комилки, ёпиқ эшиклар ортида ўтказиладиган йиғинда сиз ушбу масалаларни муҳокама қиласизлар, деди Амр Мусса.

Саммитда иштирок этган Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исролнинг Фаластинга нисбатан тутган позициясини “тентаклик” дея атаб, Исроилни ўзини-ўзи яккалатиб қўйиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирди.

Мазкур саммитда меҳмон сифатида иштирок этган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, ўз навбатида, Араб давлатларини Исроил ва Фаластин ўртасида норасмий сўзлашувлар ўтказишга оид АҚШ ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Айни пайтда Араб давлатлари лигаси Бош котиби Амр Мусса Араб давлатлари лигасига аъзо 22 давлат етакчиларини Эрон билан унинг минтақада тобора ортиб бораётган таъсири ва можароли ядровий дастури юзасидан тўғридан тўғри мулоқот бошлашга чақирди.

Амр Мусса, шунингдек, Эрон ва Туркия вакиллари иштирокида минтақавий ҳамкорлик форуми ўтказишни ҳам таклиф қилди.
XS
SM
MD
LG