Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:51

Тошкент - Душанбе баҳси давом этмоқда


27 март куни Душанбеда ўтказилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат вакилларининг давра суҳбати тожикистонлик ва ўзбекистонлик расмийлар мунозарасига айланиб кетди.

КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа иштирокида ўтказилган бу давра суҳбатида “Марказий Осиё минтақасида коллектив хавфсизлик тизими: 2015 йилгача бўлган истиқболлар” мавзуси муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.

Аммо анжуман мавзуси бир томонда қолиб, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бу йиғинга таклиф қилинган вакиллари ўзаро баҳслаша кетдилар.

Баҳсни Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоқосим Шоисломов бошлаб берди.

Ўзбек дипломати минтақа хавфсизлигидан гап оча туриб, сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатларига, хусусан, Ўзбекистонга билимли, тажрибали ва махсус тайёрланган гуруҳлар ахборот хуружи уюштираётгани, бу эса, ўз навбатида, аҳолини, хусусан, ёшларни ғоявий жиҳатдан заҳарлаётганидан ташвишдалигини билдирди.

- Биз эса ниманидир ёпиб қўйиш ёки таъқиқлаш билан чегараланиб қолмоқдамиз. Масалан, биз “Фарғона.ру” ёки бошқа бир сайтини таъқиқлаб қўйганимиз билан ҳозир ўша сайтларга киришнинг замонавий техник йўллари мавжуд, дер экан ўзбек расмийси КХШТ қошида ахборот ҳужумчиларига қарши махсус тизим ташкил этиш таклифини ўртага ташлади.

Жаноб Шоисломов бу тизим минтақа давлатлари хавфсизлигига қарши иш олиб бораётган гуруҳларни фалажлантиришига ишонишини айтди.

Ўзбекистон элчиси Тожикистонга тегишли юк вагонларининг “ўзбеклар томонидан ушлаб турилгани” атрофида матбуот ва Интернет саҳифаларида ёзилаётган мақолаларга тўхталар экан, юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида узоқ вақт туриб қолаётганинг асл сабабларига тўхталди.

- Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўлларидан ўтувчи юк вагонлари Термиздаги ягона темир йўл кўприги орқали ўтади. Ўзбекистон жанубидаги Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида шу йилнинг биринчи кварталида сон-саноқсиз юк вагонлари тўпланиб қолган. Улар орасида Тожикистон ва Афғонистонга тегишли юклар ҳам бор. Аммо бу вагонларга бу тожикларники, америкаликларники ёки афғонлар вагони, деб ёзиб қўйилмаган. Уларни ҳеч ким қасддан тутиб тургани ҳам йўқ. Бу ерда ҳеч қандай сиёсий мотив йўқ. Бунинг асосий сабаби техник ва логистик сабабдир, дея билдирди Ўзбекистон элчиси Шоисломов.

Ўз сўзи сўнгида элчи жаноблари “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ҳукумат топшириғи асосида тез кунларда тожикларга тегишли юк вагонларини ўтказа бошлашини маълум қилди.

Шундан сўнг сўз навбати Тожикистон хавфсизлик Кенгаши раиси Амирқул Азимовга тегди.

Тожик расмийси дастлаб Ўзбекистон ҳукумат расмийсининг юқорида ўртага ташлаган таклифига муносабат билдирар экан, минтақа миллий хавфсизлигини қайсидир гуруҳларни фалажлаш орқали эмас, балки энг аввало давлатлараро муносабатларни яхши томонга ўзгартиш орқали таъминлаш мумкинлигини таъкидлади.

- Бунинг учун энг биринчи галда юзма-юз мулоқот ўтказиш зарур. Аммо, афсуски, сўнгги пайтларда давлатларимиз орасида юзага келаётган масалаларни юзма-юз мулоқот ёрдамида ҳал қилиш ўрнига бир-биримизни матбуот орқали огоҳлантираётирмиз. Бу эса, ўз навбатида, минтақа давлатлари келгуси муносабатларига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, деди Амирқул Азимов.

Тожик расмийси ҳам юк вагонларининг Ўзбекистон темир йўл станцияларида асоссиз ушлаб турилганига алоҳида тўхталиб ўтди.

- Ўзингизга маълумки, биз анча вақт бу борада оммавий ахборот воситаларига оғиз очмадик. Аксинча, Ўзбекистон ҳукуматига расмий мурожат қилиб келдик. Бироқ, афсуски, муаммоларимизга ечим топилмади. Биз мавжуд муаммоларни биродарларча, дўстлик ва қўшничилик йўли билан ҳал қилиш тарафдоримиз, дер экан жаноб Азимов матбуот эркин эканини ва ”юкини вақтида ололмаган савдогарлар бу борада матбуотга жар солишга ҳақли”лигини таъкидлади.

Тожикистон ҳукумати расмийси Роғун баҳсига ҳам тўхталди.

- Роғун Ўзбекистон билан чегараларимиздан 200 километр йироқликда қурилмоқда. Худо кўрсатмасин, агар бу иншоот билан бирор ҳодиса рўй бергудек бўлса, биринчи галда, Тожикистоннинг аксарият қишлоқ ва туманларини сув ювиб кетишини ҳукумат яхши англайди. Шуни назарга олган ҳолда, бу ГЭС энг замонавий технология асосида қурилаётир. Бу иншоот қурилиши атрофидаги баҳслар кўпроқ сиёсий характерга эга. Келинг, буни сиёсийлаштирмайлик, дейди Тожикистон хавфсизлик Кенгаши расмийси.

Азимов ўз маърузасида миналар ва виза масалаларини четлаб ўтмади.

- Биз хавфсизлик масаласи ҳақида гапирамиз. Лекин бир ташкилотга аъзо бўла туриб, орамизда виза режими сақланиб қолмоқда. Биз йўлларимизни нафақат тиконли симлар билан, балки миналар билан ҳам тўсдик. Статистика бўйича шу кунгача бу миналардан фақат тинч аҳоли қурбон бўлаяпти. Ҳозиргача бирорта террорчи ёки жиноятчи бу миналардан зарар кўргани йўқ, дея таъкидлади Азимов.

Шу ерга етганда ўзбек дипломатининг сабр косаси тўлиб кетди. КХШТга аъзо давлатлар вакиллари йиғилган тадбирда мезбон томондан Ўзбекистон ҳукумати шаънига айбловларни жим эшитиб ўтиришдан толиққан Шоисломов тилга кирди.

- Биздаги маълумотларга кўра, бандитлар минадан портлаган. Лекин улар ҳеч кимга шикоят қилишмайди, деди Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси.

КХШТга аъзо давлатлар вакилларининг бир кун давом этган баҳсларга бой йиғинида ҳеч қандай муҳим ҳужжат имзоланмагани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG