Линклар

logo-print

АҚШ президенти Барак Обама 28 март куни Афғонистонга сафар қилди. Оқ уй раҳбарининг Афғонистонга илк ташрифи бир неча соат давом этди¸холос.

Америка раҳбари аввал эълон қилинмаган мазкур ташрифи давомида бу мамлакатдаги АҚШ ҳарбийлари билан ҳам учрашиб, "оғир меҳнат эвазига қўлга киритилган тинчликни тоблаш-мустаҳкамлаш"да афғонистонликларга кўмак кўрсатишга чақирди.

Президент Бағрамдаги ҳарбий-ҳаво базасида қарийб 2500 ҳарбий хизматчи билан учрашиб, улар олдида чиқиш қилди.

АҚШ олий бош қўмондонини олқишлар билан кутиб олган ҳарбийлар билан учрашар экан, президент уларни 9 йилдан бери давом этаётган урушда кўрсатаётган матонат ва қаҳрамонликларини тилга олди. Уларнинг бу мамлакатдаги хизмати америкаликларнинг хавфсизлиги учун зарур эканлигини таъкидлади.

- Биз зўравон экстремистларнинг ғорларини ташлаб қочганини кўрдик. Биз Ал-Қоидаю Толибонга асосий зарбаларни бердик, деди Барак Обама.

Ал-Қоиданинг таҳдиди сақланиб қолаётганидан огоҳлантирар экан, Обама, агар Афғонистон Толибон назоратига қайтгудай бўлса, АҚШ хавфсизлигига путур етади, деди.

Айни пайтда АҚШ раҳбари ҳарбийлар ўз олдиларидаги вазифани уддалашларига ишончи комиллигини билдирди.

- Олдинда бизни оғир кунлар кутмоқда. Балки, қўлга киритганимиз баъзи муваффақиятларни бой берармиз ҳам. Ахир бизга қарори қатъий душман қарши турибди. Бироқ биз шуни ҳам биламизки, АҚШ ҳеч қачон ярим йўлда тўхтаб қолмайди, бошлаб қўйган ишини чала ташлаб кетмайди, деди Барак Обама.

Кобулга етиб бориши биланоқ АҚШ раҳбари Афғонистон президенти саройига йўл олди. Президент Карзай билан сўзлашувлар чоғида Обама ҳамкасбини коррупцияга ва наркотиклар савдосига қарши курашни кучайтиришга даъват қилди.

Афғонистон раҳбари ўз навбатида Кобул – Вашингтон ҳамкорлиги ўзини ўзи ҳимоя қиладиган барқарор, кучли ва осойишта Афғонистонни яратишга кўмак беражагига ишониши билдирди.

Хабарларга қараганда, Обама Карзайни Вашингтонга таклиф қилган. Ташриф 12 майга белгиланди. Бу ташриф Афғонистон президентининг ўтган йилги сайловда қайта сайланганидан бери амалга оширадиган биринчи сафари бўлади.

Кечаги сафари Обаманинг ҳам АҚШ президентлигига сайланганидан буён Афғонистонга қилган биринчи ташрифидир.
XS
SM
MD
LG