Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

“Божалар” Бишкекда концерт берди


28 март куни Бишкекда Ўзбекистондаги машҳур “Божалар” гуруҳи концерти бўлиб ўтди. Саккиз қўшиқ ижроси билан якунланган бу концерт мухлислар томонидан олқиш билан кутиб олинди.

Бишкекдаги Қўжўмқул номли спорт саройи олдига келганимизда сарой олдидаги майдон “Божалар” гуруҳининг концертини кўришга иштиёқманд қирғизистонлик мухлислар билан тўла эди.

Сарой чиптахонасида чипталар тамом бўлган, аксарият чипталар олибсотарлар қўлига ўтиб кетганди.

"Божалар" Бишкекда концерт берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00


“Божалар”ни кўриш учун 10-15 доллардан чипта олган қирғизистонлик мухлислар орасида маҳаллий ўзбеклар ҳам кўп эди.

- “Божалар”нинг мусиқалари ёқади. Ҳамма мусиқаси яхши. “Мўмин йўқ, қандай қўшиқ айтаркин?” деб қизиқиб, ўйланиб келувдик. “Божалар” киноларда яхши ўйнашади. Менга ёқади, дейди Бишкекда нонвойлик билан шуғулланувчи ўшлик Ёдгорбек .

Биз “Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов билан бевосита концерт бошланишидан олдин учрашдик ва ундан “Озодлик”ка интервью беришини сўрадик.

- Майли, концертни ўтказиб олайлик, концерт вақти бўлиб қолибди, деди Жаҳонгир.

Ниҳоят, концерт бошланди. “Божалар” солисти Жаҳонгир Позилжонов илк қўшиғини гуруҳнинг марҳум солисти - 2009 йил ёзида ҳалок бўлган дўсти Мўминжон Орипов хотирасига бағишлаб ижро этди.

- Юрагингларни яраламоқчи эмасдим. Аммо дўстимни эслаб ўтмасам бўлмас эди, деди Жаҳонгир Позилжонов.

Шундан сўнг у машҳур “Бойвачча” қўшиғининг русча талқини - “Олигарх” ни тақдим этди.

“Божалар” гуруҳининг хит қўшиқларига ашаддий мухлислар рақсга тушдилар, Жаҳонгир билан биргаликда куйладилар.

Шинавандаларини ўз ҳазил-ҳузули билан кулдириб, концертни улар севган қўшиқлари билан тўлдирган Жаҳонгир ўз дастурини кичикроқ қилди - атиги саккизта қўшиқ ижро этди.

Концертдан кейин эса кутилмаган воқеа рўй берди. “Божалар” гуруҳининг солисти Жаҳонгир Позилжонов мухлисларига дастхат бериб, расмга тушиб бўлиши биланоқ гуруҳ вакиллари уни кўтариб олиб чиқиб кетишди. Айтишларича, хонанданинг оёғи бехосдан оғриб қолган. Шу сабабли Жаҳонгир “Озодлик”ка ваъда қилган интервьюсини бера олмади.

Айтиб ўтиш жоизки, кейинги йилларда ўзбек эстрада юлдузлари концерт дастурлари билан Қирғизистонга тез-тез келиб турибди.

“Божалар” гуруҳининг Бишкекдаги концерти уюштирувчиси, қирғизистонлик Қабил Бўрубаев фикрича, Ўзбекистонда шоу-бизнес Қирғизистонга қиёслаганда анча тараққий этган.

- Шу сабабли ҳам ўзбекистонлик санъатчилар Қирғизистонга тез-тез сафар қилмоқда, бу ерлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашмоқда, деди Қабил Бўрубаев.
XS
SM
MD
LG