Линклар

Москва метросида портлашлар содир этилди


Қутқарувчилар Москва метросининг "Маданият боғи" станциясидаги портлаш қурбонлари жасадларини олиб чиқмоқдалар.

Қутқарувчилар Москва метросининг "Маданият боғи" станциясидаги портлаш қурбонлари жасадларини олиб чиқмоқдалар.

29 март куни эрталаб Москва метросининг “Лубянка” ва “Маданият боғи” станцияларида кетма-кет иккита портлаш содир этилди ва дастлабки ҳисоб-китобларга кўра¸ 30 дан ошиқ одам ҳаëтига зомин бўлди.

Москва метросининг “Лубянка” станциясидаги портлаш эрталабки соат 8 ларда содир бўлди. Портлашда, турли маълумотларга кўра, 20 га яқин одам ҳалок бўлган, 11 киши жабрланган.






Портлашдан омон қолган ўзбек ҳикояси

Эрталаб ҳамма ишга шошаëтган пайтда содир бўлган бу портлашларга Москвадаги ўзбекистонлик муҳожирлардан бири Шавкат ҳам гувоҳ бўлди.

- Менинг исмим Шавкат. Самарқанддан бўламан. Деярли 10 йилдан бери Москвада ишлайман. Шунча терактлар бўлди¸ бирортасига гувоҳ бўлганим йўқ. Эрталаб бўлган мана шу терактдан кейин ҳали ҳам ўзимга келганим йўқ. Оëғимда қандайдир бошқача қалтирашлар турибди. Ярим соат бўлдики¸ ҳаммамизни чиқариб қўйиб юборишди. Шунақанги ваҳима¸ шунақанги ваҳима.

Озодлик: Портлаш бўлганда сиз қаерда эдингиз?

- Мен ўзим Семëновский метросида тураман. Спортивний метросида Лужники деган катта бозор бор. Ўшанда чиққан эдим. Через Преображенский майдонидан тушиб Спортивнийдан чиқаман деганимда¸ охирги мана бу "Парк Културы"га етганда¸ охирги вагонга минган эдим. Худога минг қатла шукурки¸ ўша охирги вагонга минган эканман. Қулоғимда наушнигим бор эди. Ҳеч нарсани эшитганим йўқ. Жуда ҳам қаттиқ силкинишни сездим. Наушникни чиқариб олганимдан кейин қанақадир¸ нима десам сизга¸ бир кучли зарба эшитилди. Эшитилгани йўқ¸ мен сездим ўзим. Вагон қалтираб кетди жуда ҳам. Вагондан ҳамма чиқа бошлади. Шунақа овозлар¸ аëлларнинг бақир-чақири¸ додлагани. Кейин шунақа сасиган тутун босиб кетди. Текстолит куйса агар¸ шунақа ҳид чиқадию¸ шунақа аралаш тушуниб бўлмайдиган ҳидлар эди.

Озодлик: Химикат ҳидими?

- Қанақадир химикатларнинг ҳиди.

Озодлик:
Сиз ўзингиз соғмисиз? Тан жароҳати олмадингизми?

- Ўзим яхши. Тан жароҳати олганим йўқ¸ лекин одам психолический қанақадир бошқа аҳволга тушиб қоларкан бунақа йиғилардан¸ бунақа додлашлардан кейин. Бирданига эскалаторни тўхтатиб қўйишди.

Озодлик: Сизга¸ бошқаларга қандайдир ëрдам кўрсатилдими?

- Фақат юқорига чиқарилганда кўрдим мен. Анча тез ëрдам машиналари турган эди. 20 тами¸ 30 тами. Бизларни дарров чиқаришгани йўқ. Анча вақт ўтгандан кейин чиқаришди. Эскалаторни дарров тўхтатиб қўйишган эди. Кейин противогазда пастга милиция ходимлари тушиб¸ ҳаммани битта-битта текшириб кейин чиқариб юборишди. Ташқарига чиққандан кейин қанақадир психологларми бор экан. Шуларга муҳтожмисиз деб ҳар битта одамдан сўради. Бизнинг миллатимиз бошқаю. Биз рус эмасмизку. Бошида шубҳаланиб қарашди. Кейин “Йўқ¸ муҳтож эмасман” деб ўзим бошқа бир аҳволга тушиб қолганимдан кейин “Йўқ¸ йўқ¸ ҳеч нарса керак эмас” деб тушунмай қолдим нима бўлаëтганини. Даже мен бу ерда нимадир портиллаганини сезганим ҳам йўқ. Калламга келган дастлабки фикр¸ олдидан битта состав келиб урилдимикан деган хаëлга борган эдим. Тутунда ҳеч нарса кўрингани йўқ. Ташқарига чиққандан кейин тез ëрдамлар ҳаммага ëрдам беришди. Кейин бизларни ОМОНлар олиб кетишди. Ўша ерда сўроқ қилишди. “Нима қилдинг? Нима бўлди? Қайси вагонда эдинг? Қаерга кетаëтган эдинг?” каби саволлар бўлди.

Озодлик:
Сизга ўзбек бўлганингиз ëки рус миллатига мансуб бўлмаганлигингиз учун бошқача муносабат бўлмадими?

- Бўлди. Мен шуни айтмоқчиман. Шубҳаланиб қарашди. Ўша пайтда эшитдим мен¸ бир-иккита тожикистонлик болалар бор эди¸ Кавказ-Кавказ деб қидиршаяпти деганга ўхшаган оволар бўлди. Мен ўзимча кейин “Тамом. Энди бизларни ушлашади. Бизларни “чëрный” деб аташадию¸ допрос қилиб тиқиб юборишса керак” деб ўйладим.

Озодлик: Ҳужжатларингиз жойидами?

- Ҳаммаси жойида. Ҳужжатларни ҳам текширишгани йўқ. Фақат оғзаки. “Кимсан? Қаердансан? Фамилиянг нима?” деб ëзиб олишди. Пастда одам жуда ҳам кўп эди.

Озодлик:
Ҳозир нима бўлаяпти? Қаердасиз ҳозир?

- Ҳозир метро Кунцевскаядаман. Ҳамма ерда милициялар. Метрога киришдан олдим мени тўхтатишди. Ҳозиргина документ текшириб қўйиб юборишди. Ҳар битта метрода 10-15 нафардан милиция ходимлари турибди¸ дейди Москвада яшайдиган самарқандлик Шавкат.


Ўликлар жасади ҳамон ер остида қолмоқда....


Москва касалхоналаридан бирида ишловчи ўзбекистонлик врачлардан бири ҳам шаҳар метро бекатларида юз берган фавқулодда ҳолатга бевосита гувоҳ бўлди.

- Портлашларнинг ўзини кўрмадиму¸ мен киришимдан 10 минутлар олдин бўлган экан. Mен метрода эдим. Метрoдан келаëтганимизда поездни тўхтатиб¸ метродан чиқариб юборишди. "Парк Культуры" деган метрога келсам¸ у ерда одамлар ташқарига чиққан¸ яраланган одамлар бор. Спецслужбалар¸ милициялар йиғилиб келишаëтган экан.

Озодлик: Мана ҳозир одамлар шаҳарда пиëда юрган экан. Ҳақиқатан ҳам вазият шунақами?

- Ҳа¸ шундай. Mен ҳам тўртта станцияни пиëда ўтдим. Иккинчи портлаш бўлгандан кейин булар “Бошқа жойларга ҳам ўрнатилган бўлиши мумкин” деб текшириш учун одамларни киргани қўймади.

Озодлик: Қорамағизларга шу тобда муносабат қанақа? Ранги қорароқларга жуда қаттиқ туришибди¸ деб эшитдик.

- Менга эрталаб ҳеч ким нима қилган эмас. Лекин ҳозир интертнетдан ўқидим. Бир аëлга¸ Кавказданми ëки бошқа жойданми¸ нападение бўлибди деб ўқидим.

Озодлик:
Бошқа қандай маълумотлар бор? Нималар кўрдингиз яна?

- Одамларнинг яраланиб чиққанини кўрдим. Метрода синган ойна парчалари билан жароҳатланганларни кўрдим. МЧС нинг вертолëтлари одамларни олиб кетаëтганини кўрдим. Кўзимнинг олдида вертолëт қўнди. Одамлар умуман қаëққа боришини билмай қолди. Таксининг нархи 3-4 километрга 3000-4000 бўлиб кетди.

Озодлик: Сиз ўзингиз ëрдам бермадингизми?

- У ерда мен ëрдам берадиган даражадаги одамлар қолмаган эди. Майда-чуйда жароҳатлар билан қолганлари ўзлари юриб кетишаëтган эди. У ерда камида 30-40 та тез ëрдам машинаси турибди.

Озодлик: Жароҳатланган¸ ўлганлар сони қанча эди тахминан?

- Метронинг ичидаги ўликларни¸ интернетда ëзишича¸ ҳалигача олиб чиқмаган. Фақат яраланганларни ташқарида кўрдим¸ дейди Москвадаги ўзбекистонлик врачлардан бири.


Портлашни ким ва нега уюштирди?

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари портлаш мосламаси террорчи худкуш томонидан ҳаракатга келтирилганини истисно қилмаяптилар.

- Портлаш бўйича Россия Жиноят кодексининг 205- моддаси (террорчилик) бўйича жиноий иш очилди, деди Россия Бош прокуратураси тергов бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Владимир Маркин 29 март куни Москвада қилган чиқишида.

Иккинчи портлаш, Интерфакс маълумотларига кўра, метронинг “Маданият боғи” станциясида содир бўлган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, бу станцияда 14 киши ҳалок бўлган, 7 киши тан жароҳати олган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников портлаш мосламаси 3 кг гексоген моддасидан иборат бўлгани ва бир вагоннинг портлаш оқибати буткул йўқ бўлганини айта туриб¸ расмий тахминни ҳам очиқлади.

- Дастлабки тергов тахминларига кўра¸ бу террорчилик Шимолий Кавказ минтақасига тегишли гуруҳлар томонидан содир этган. Бу тахминимизни ҳозирча расмий деб эълон қиламиз¸ деди Бортников.

Москва мэри Юрий Лужковга кўра, Москва метросида содир этилган портлашлар икки худкуш-террорчи аёл томонидан содир этилган:

- Улар “Жанубий-ғарбий” метро станциясида поездга ўтирганликларини камералар орқали аниқладик. “Маданият боғи” метросида террорчи аёллардан бирининг тана қолдиқлари топилди. Жароҳат олганларнинг барчасига давлат томонидан компенсация пули ажратилади¸ деди Москва мэри Юрий Лужков.

Айни шу метро бекатида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан яна бир “шоҳидлик камари”- 1,5 кг портлаш моддаси топилган.


Москвада транспорт қатнови издан чиқди¸ таксичилар кўчасида байрам...


Айни пайтда Москва метросининг “Спортивная” станциясидан “Комсомольская” станциясигача ҳар икки томонлама поезд қатнови тўхтатилган¸ мазкур йўналишда йўловчиларни ташиш мақсадида автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийлари метродаги поездлар ҳаракати портлаш жойидан ҳалок бўлганларнинг жасадлари эвакуация қилинганидан сўнг тикланишини билдирдилар. Портлаш содир бўлган шаҳарда яшовчи ўзбекистонлик ҳайдовчи Нозали Москва кўчаларидаги ҳолатни тасвирлаб беради:

- Пробка бор. Жуда катта пробка бор. Метро Выхино томонидан текшириб ўтказаяпти. Жуковскийдан метро Кузминкагача пробка. Садовой колцо, ҳаммаси пробка. Ленинский проспект пробка. Бошланди¸ бошланди текшириш. Мусулмонларни текширишаяпти экан. Ҳамма таксистлар нархни ошириб ëтибди. Ленинград ва Қозон вокзалидан поезддан тушаëтган одамларга метро ишламаяпти¸ деб таксистлар махинация ишлатиб¸ уч километр жойга 3000 бўлиб кетди. Ўзи 350 сўм эди¸ дейди ўзбекистонлик ҳайдовчи.


Портлашлар қайга элтади?


Озодлик радиосининг Чеченистон бўйича таҳлилчиси Андрей Бабицкий¸ дастлабки тахминданоқ кавказлик мусулмонларнинг тилга олиниши ва портлашлар учун маъсулиятни Кавказ гуруҳларидан бирининг ўз зиммасига олгани¸ Россияда мусулмонлардан чўчиш жараëнини кучайтиради¸ деган фикрда.

- Менимча, ўзбек, тожик ва Осиёдан келганларга нисбатан ҳеч қандай оқибатлар бўлмайди. Чунки бу террорчилик амалиёти ортида Кавказ гуруҳи тургани аён. Менимча ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идоралари кавказликларни марказий осиёликлардан яхши фарқлайди. Ўзбек-тожикларга нисбатан ҳам бир қадар ксенофобиянинг кучайишини кутиш мумкин. Лекин асосан Москва метросида содир бўлган аввалги ҳужумлардан биламиз¸ улар асосан кавказликларга нисбатан нафратни кучайтиради.

Озодлик:Россиядаги мусулмонлар учун бу нимани англатади? Бугуннинг ўзида троллейбусдан ҳижоб кийгана икки аёлннинг калтаклангани ҳақида хабар олдик.

- Менимча Ислом динига эътиқодни очиқдан очиқ намойиш этиш айрим одамларнинг ғашига тегади. Аёлларнинг ҳижоби, эркакларнинг узун соқоли каби аломатлар тақводорларга нисбатан ҳужумларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки бугунги кунда Россия аҳолиси радикал Ислом террорчилик таҳдид манбаи эканига ишонади. Россияликларни бу масалада толерант ёки бағрикенг¸ деб бўлмайди. Шунинг учун бугунги террорчилик амалиёти маиший даражада ксенофобиянинг кучайиши ортидан жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин¸ дейди Андрей Бабицкий.

Маълумот ўрнида:

Сўнгги 14 йил мобайнида Москва метросида бир неча бор портлаш содир этилган.

Хусусан, 1996 йилнинг 11 июнида Россия пойтахти метросининг Серпуховск йўналиши бўйлаб кетаётган поездда портлаш мосламаси ҳаракатга келтирилиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 12 киши тан жароҳати олганди.

1998 йилнинг 1 январида “Третьяковская” станциясида портлаш содир бўлган, ўшанда метрополитеннинг уч ходими тан жароҳати олган.

2001 йилнинг 5 феврал куни метронинг “Белорусская-кольцевая” станциясида 200 грамм тротила кучи эга мослама портлаши оқибатида 20 киши жароҳатланган.

2004 йилнинг 6 феврал куни Москва метросининг “Автозаводская” ва “Павелецкая” станциялари ўртасида кетаётган поездда яна бир қаттиқ портлаш содир этилган. Террорчилик хуружи ўлароқ баҳоланган бу портлашда 41 киши нобуд бўлиб, 250 чоғли киши яраланган.

2004 йил 31 августида “Рижская” метростанциясида террорчи аёл томонидан содир этилган портлашда 10 киши ҳалок бўлган, 50 киши жароҳатланган.


Муҳтарам муштарий¸

агар 29 март куни Москва метро бекатларида юз берган портлашларга гувоҳ бўлган бўлсангиз¸ ëки қутқарув жараëнига кўзингиз тушган бўлса¸ бу ҳақда Озодликка шарҳ йўллашингиз ëхуд "Эркин микрофон" - +42 06 02 61 27 13 ëки +42 07 76 36 8434 рақамларига қўнғироқ қилиб¸ кўрган-кечирганларингизни ҳикоя қилиб беришингиз мумкин. Сизга олдиндан ташаккур!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG