Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик фуқаро қирғиз чегарачиси ўқидан ҳалок бўлди


Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати расмийси Жўўдар Исақуловнинг Озодликка маълум қилишича, 28 март куни Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Сузоқ туман Найман аҳоли пункти яқинида қирғиз чегарачилари чегарадан Ўзбекистонга ноқонуний ўтмоқчи бўлган аёлни кўриб қолишади ва унга белгиланмаган жойдан ўтиш мумкин эмаслигини айтишади. Бироқ Ўзбекистон фуқароси Тешабоева чегара нарядига талабига бўйсунмайди ва телефон орқали акаларини чақиради. Бироздан сўнг аёлнинг беш нафар қариндоши воқеа жойида пайдо бўлади ва чегарачилар билан улар ўртасида жанжал юзага келади.

- Ўз хавфсизлигини таъминлаш ва жанжални тўхтатиш мақсадида чегарачилардан бири осмонга ўқ узган. Бироқ огоҳлантирувчи ўқ чегарабузарларга таъсир қилмагач, чегарачи қуролни сақлаб қолиш ва муштлашувни тўхтатиш мақсадида қонунбузарларга қарата ўқ узишга мажбур бўлган. Натижада Тешабоев Набижон ва Тешабоев Носиржон жароҳатланган. Улар Сузоқ туман касалхонасига олиб келинган. Ўша куни тахминан соат 22.00 ларда жароҳатланганлардан бири Тешабоев Носиржон ҳушига келмай вафот этди, деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати расмийси Жўўдар Исақулов.

Унинг айтишича, айни пайтда мазкур воқеа юзасидан текширув ишлари кетмоқда. Чегара заставасининг раҳбарлари тергов якунига қадар вақтинча ўз лавозимидан четлатилган.
XS
SM
MD
LG