Линклар

Портлашларда Кавказ жанггарилари айбланди


Москвадаги портлашлар ортидан Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакат бўйлаб барча транспорт воситаларида хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида топшириқ берди.

Россия раҳбари, шунингдек, ҳукуматга портлашда тан жароҳати олган фуқаролар ва ҳужум қурбонлари оила-аъзоларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тўғрисида топшириқ берди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати тарқатган хабарга кўра, метро станцияларидаги портлашлар икки худкуш аёл томонидан содир этилган. Бундан ташқари худкуш аёлларга кўмаклашгани тахмин қилинаётган икки аёлга қидирув эълон қилинди.

- Биздаги дастлабки маълумотларга кўра, ушбу қўпорувчилик амалиётлари Шимолий Кавказга алоқаси бўлган террорчи гуруҳлар томонидан содир этилган. Биз буни асосий версия деб ҳисобламоқдамиз, деди Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников.

Россия Бош вазири Владимир Путин бугунги ҳужумлар ортида турган шахсларнинг барчаси топилиб, жазога тортилажагини таъкидлади.

Бугун маҳаллий вақт билан тонгги соат 8 атрофида Москва метросининг “Лубянка” ва “Маданият боғи” бекатларида кетма-кет иккита портлаш содир этилди ва дастлабки ҳисоб-китобларга кўра¸ портлашларда 38 киши нобуд бўлди, 70дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олди.

Айни пайтда кўпорувчилик амалиётлари содир этилган метро станцияларида Россия хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Россия прокуратурасининг махсус комиссияси тергов ишлари олиб бормоқда. Бугунги портлашлар юзасидан террорчилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур портлашлар муносабати билан 30 март Россияда миллий мотам куни деб эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG