Линклар

Швецияда чиқадиган “Independent World Report” журнали муҳаррири ўзбек пахтасини ана шундай тасвирлади ва Европанинг етакчи ширкатларини ана шу "қонли пахта"дан тикилган кийимлар билан савдо қилаëтганликда айблади.

Anti-Slavery International – Қулликка қарши халқаро ташкилот ва Environmental Justice Foundation – Табиат ва адолат жамғармаси “H&M” ва “Inditex” ширкатларини ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатишга анчадан бери чақириб келади.

Аслида маркази Швецияда жойлашган “H&M” ширкати ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати болаларни пахта далаларида мажбуран ишлатаëтгани боис ўзбек пахтасига бойкот жорий этишини эълон қилган эди.

Бироқ Швецияда чиқадиган “Independent World Report” журнали муҳаррири Тасним Халил ўтган йил охирида бу борада журналистик текширув ўтказиб, “H&M” ширкати ўз маҳсулотларини ишлаб чиқишда Бангладешдаги тўқимачилик корхоналарида ўзбек пахтасидан тўқилган газламаларни ишлатаётганини фош этди.

“Қонли пахта” номли мақолада, шунингдек, “Zara” ва “Bershka” дўконларини назорат қилувчи “Inditex” ширкатининг ҳам ўзбек пахтасидан фойдаланишни давом эттираётгани ёзилади.

Маркази Испанияда жойлашган “Inditex” ширкати бу борада Озодлик радиосига юборган ёзма баёнотида ширкатнинг Ўзбекистондан пахтани хом ашё сифатида тўғридан-тўғри сотиб олмаслиги ва шу боис ўзбек пахта саноатига алоқаси йўқлиги ёзилган. Айни пайтда, “Бангладешдаги ҳамкорларимиз билан Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётини тўхтатишини таъминлаш чоралари устида ишламоқдамиз”, дейилади яна баёнотда.

Айтилишича, “Inditex” ширкати Бангладешдаги “Bextex” тўқимачилик корхонасидан ўзбек пахтасидан тўқилган газламаларни сотиб олган.

“Bextex” корхонаси бош менежери Сардор Аҳмад Хон Озодлик радиосига бу маълумотларнинг ҳақиқатдан йироқлигини таъкидлади.

- Йўқ, йўқ¸ биз ўзбек пахтасини ишлатмаймиз, дея матбуотда пайдо бўлган маълумотларни бир оғиз гап билан рад қилишга уринди “Bextex” бош менежери.

“Қонли пахта” мақоласи муаллифи Тансим Халил Озодлик радиоси билан суҳбатда, “H&M” ва “Inditex” ширкатлари ўзбек пахтасидан фойдаланаётганига оид маълумотларни айнан "Bextex”дан олганини айтади.

- Мен Бангладешдаги Bextex ширкатининг икки масъули билан ўзаро суҳбатлашганимда, улар корхонада қайта ишланадиган пахтанинг 40-50 фоизи Ўзбекистондан сотиб олинишини айтишди. Улар шунингдек¸ “Zara” ва “Bershka” ширкатлари ўз мижозлари эканини таъкидлашди. “Zara” ва “Bershka” вакилларига қилган мурожаатимиз¸ ўз ҳамкорларингиздан пахтани қаердан сотиб олишлари ҳақида сўрайсизларми, деган саволимиз жавобсиз қолди. Яъни бу ширкатларни ўзлари сотиб олаётган газламалар қайси пахтадан тўқилаётганига оид савол унчалик қизиқтирмаётганини кўриш мумкин, дейди журналист.

“Қонли пахта” мақоласи чоп этилганидан кейин “H&M” ва “Inditex” ширкатларини ўзбек пахтасидан тикилган кийимларни сотишни тўхтатишга чақирган Қулликка қарши халқаро ташкилот вакили Жоанна Юарт-Жэймс, бу ширкатлардан ҳозирча “пичоққа илинадиган жавоб” бўлмаганини айтади.

- Ҳозиргача “Inditex” бизнинг чақирувларимизга жавоб бергани йўқ. “H&M” ширкатидан жавоб олдик. Бу жавобда “H&M” ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўзбек пахтасини бойкот қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани айтилади, дейди Қулликка қарши халқаро ташкилот вакили.

Шу пайтгача, “Wal-Mart”, “Marks & Spencer”, “TESCO” каби кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган йирик ширкатлар мажбурий болалар меҳнати воситасида териладиган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Бу ширкатлар ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга ўзбек пахтаси аралашиб қолмаслигини таъминловчи тизимни ҳам йўлга қўйган.

“H&M” ва “Inditex” ширкатлари эса, сотиб олинаётган газламаларнинг қандай пахтадан тўқилганини текшириш имконсиз эканини айтиб келмоқда.

“Қонли пахта” мақоласи муаллифи Тасним Халил бугунги глобаллашув жараёнида бундай баҳоналар куракда турмайди, дейди.

- Ўзлари сотиб олаётган пахта Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганини аниқлашнинг имкони йўқ¸ дейдиган чакана савдо ширкатлари, менимча, шунчаки айбловларни қуруқ сўзларда инкор қилиб, масъулиятни ўзларидан соқит қилишга уринмоқда. Чунки бунинг имкони борлигини бошқа ширкатлар, масалан АҚШдаги йирик Wal-Mart ширкати мисолида кўрдик. Бу ширкатлар ўзбек болалари қони эвазига етиштирилган пахтадан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўз дўконларида сотилмаслигини кафолатлаш учун Бангладешдаги ҳамкорларидан газламаларда ишлатилган пахтанинг Ўзбекистондан олинмаганини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишди. Демак¸ бунинг имкони йўқ эмас экан. “Zara” ва “Bershka” дўконларини назорат қиладиган “Inditex” ширкати эса, шунчаки ортиқча бошоғриқдан қутулиш йўлини танламоқда, менимча, дейди “Independent World Report” журнали муҳаррири Тасним Халил.

“Inditex” ширкатининг Озодлик радиосига юборган ёзма баёнотда, Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати муаммосини Табиат ва адолат жамғармаси вакиллари билан муҳокама қилгани ва келажакда ширкат ўз маҳсулотларида болалар меҳнати воситасида етиштирилган пахта ишлатилмаслигини таъминлай оладиган чоралар устида иш олиб борилаётгани ҳам таъкидланади.

Табиат ва адолат жамғармаси ижрочи директори Стив Трент “Inditex” вакиллари билан бу борада маслаҳатлашувлар олиб борилаётганини тасдиқлади.

- “Inditex” вакиллари ҳақиқатн биз билан боғланишди. Биз ҳозирда ўзбек пахтаси улар савдо қиладиган маҳсулотларга аралашиб қолишининг олдини олиш чоралари борасида биргаликда ишламоқдамиз. Ўтмишда “Inditex” билан боғлиқ муаммолар бўлган бўлса-да, ҳозирда бу ширкат Ўзбекистон масаласида тўғри ёндашувни танлашга ният қилган кўринади ва бу ният амалга ошишига умид қилиб қоламиз, дейди Табиат ва адолат жамғармаси ижрочи директори Стив Трент.

“Қонли пахта” мақоласи муаллифи Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати амалда қонундан ташқарида, деб эълон қилинмагунча, ўзбек пахтасини сотиб олишни ўзига эп кўраётган ширкатлар “бу оппоқ пахта болаларнинг қип-қизил қонига ботганини” унутмаслиги лозим, дейди.

- Ўзбекистонда етиштирилиб халқаро бозорда кийим-кечак шаклида сотилаётган ўзбек пахтаси¸ том маънода¸ болалар қонига ботган. Чунки бу мамлакатда мажбуран ишлатилаётган болаларнинг ҳалок бўлаётгани ҳам ҳақиқатдир. Шунинг учун Ўзбекистонда бугун етиштирилаётган оппоқ пахта болалар қонига ботган, десак муболаға бўлмайди, дейди “Independent World Report” журнали муҳаррири Тасним Халил.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG