Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:53

Сут¸ қатиқ¸ қаймоқ... камайди


Корхоналарда ишлаб чиқилган сут маҳсулотларига қурби етмаган кўпгина ўзбекистонликлар¸ бу маҳсулотларни кўчадаги сотувчилардан олмоқда.
Корхоналарда ишлаб чиқилган сут маҳсулотларига қурби етмаган кўпгина ўзбекистонликлар¸ бу маҳсулотларни кўчадаги сотувчилардан олмоқда.

“Вимм-Билл-Данн" сут маҳсулотлари корхонаси ўтган йил декабридан буён ишламаяпти. Ўзбекистоннинг сут-қатиқ бозорида ўзига яраша мавқега эга бўлган ушбу корхона фаолиятининг тўхтатилиши бозордаги ўйинчилар сонини сийраклаштирди.

Ўзбекистон сут-қатиқ бозорида икки йирик ташкилот - Швейцариянинг “Нестле” компанияси ва Россиянинг “Вимм-Билл-Данн" қўшма корхоналари асосий ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар томонидан бир қанча кичик фирмаларда ҳам сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ушбу корхона ва фирмаларнинг ҳар бирининг ўзбек бозорида ўзига яраша ўрни ва харидорлари топилади.

Тошкентлик Наргиза фарзандларини фақат “Нестле” компанияси маҳсулотлари билан боқиши ҳақида гапиради.

- Анчадан бери болаларимга "Нестле"сутидан олиб бераман. "Нестле" сутини Ўзбекистонда энг яхшиси деб ҳисоблайман. Мазаси ҳам яхши, пиширмаса ҳам бўлади, бир-икки кун туради, дейди тошкентлик аёл.

Қибрайлик Дилбар опа эса “Вимм-Билл-Данн" маҳсулотларини афзал билади.

- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганлари яхшимас. Уларда керакли витаминлар етишмайди. Шунинг учун Россияда ишлаб чиқарилганидан оламиз. “Вимм-Билл-Данн” бу Россиянинг корхонаси. Тошкентда заводи очилган, дўконларда маҳсулотлари сотилади. “Веселый молочник” деганини сотиб оламиз, дейди суҳбатдош.

Янгийўллик суҳбатдош эса фақат маҳаллий фирмаларда ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларини ишончли деб билишини айтади.

- Мен "Нестле"никини ишлатмайман. Унинг ичида лактогени бор. Тўғриси қўрқаман. Лактогендан заҳарланиш бўлганини эшитганман. Мен буни каша чиқарадиган компаниясини ëпилиб кетганини эшитганман. "Нестле"ни ҳеч қандай маҳсулотини болаларимга бермайман. Шунинг учун фақат маҳаллий фирмалардан сотиб оламан, дейди янгийўллик аёл.

Юнусободда яшовчи Саломат опа ҳам фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларини истеъмол қилишини айтади.

- Ўзбегим сути дегани бор, кейин иккинчиси Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Ҳасан молпром” деган фирманинг қаймоқларини харид қиламиз, дейди юнусободлик аёл.

Аксар суҳбатдошларимиз эса фирма маҳсулотлари қимматлиги боис сифатсиз бўлса-да¸ кўчадаги сут-қатиқчилардан харид қилишга мажбурликларини айтишади.

- Энди бозордагилар¸ менимча¸ Қўйлиққа Тошкен вилоятидан оптом олиб келади. Булар ўша ердан бориб олиб¸ домларнинг атрофида айланиб юриб сотади. Бозорларда баклашкаларга қуйиб сотади. Эрталаб ҳам уйга олиб келиб сотади. Бозорга чиқсангиз¸ кечгача сут¸ қатиқ бор. Сифати жуда яхши деб бўлмайди. Барибир ëғи олинган. Ёғсиз унинг устига сув ҳам қўшишади. Магазиндагилар ортиқча қиммат қилиб юборган. Масалан¸ бир литр сут ҳозир 2500 сўм дўконда, бозордан буни анча арзон олиш мумкин, дейди тошкентлик йигит.

1975 йил ишга туширилган “Тошкентсут” корхонаси 2004 йилга қадар Ўзбекистон сут-қатиқ бозорида асосий ишлаб чиқарувчи ҳисобланган.

Таҳлилчиларга кўра, Швейцариянинг “Нестле” компанияси Ўзбекистонга кириб келгач, “Тошкентсут” рақобатга дош бера олмай инқирозга юз тутди.

“Нестле” мамлакат ички бозорнинг асосий қисмини эгаллаб, вилоятларда кўплаб шаҳобчалар очди ва аҳолидан арзон нархда сут сотиб олишни йўлга қўйди.

2005 йили “Тошкентсут” корхонаси ўрнида Россия-Ўзбекистон “Вимм-Билл-Данн" қўшма корхонаси ташкил қилинди.

Бир кунда 300 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга ушбу корхона 31 хил турдаги сут маҳсулотларини ўзбекистонликлар дастурхонига тақдим қилиб келаётганди.

“Вимм-Билл-Данн" қўшма корхонасида масъулларидан бирининг Озодликка билдиришича, ўтган йили август ойида ташкилотда прокуратура текшируви бошлаган¸ декабр ойига келиб эса ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилган.

- Ҳозирги пайтда бизларда текшириш кетаяпти. Бу ҳақиқат. Декабр ойидан бери бизлар ишламаяпмиз. Мақсадини мен билмадим. Текшириш кетаяптида ҳозир. Текшириш ва тергов кетаëтган пайтда фаолият тўхтатиб турилади¸ дейди қўшма корхонанинг масъул ходимларидан бири.

Ушбу юзадан қўшимча маълумот олиш мақсадида “Вимм-Билл-Данн" корхонасининг Россиядаги бош офисга мурожаат қилганимизда, улар Тошкентдаги корхона фаолияти вақтинча тўхтатилганини, унинг бутунлай ёпилиши борасида ҳеч қандай гап-сўз йўқлигини билдиришди холос.
XS
SM
MD
LG