Линклар

Метрони ким портлатди?


Метрополитенда содир бўлган фожеа муносабати билан 30 март Москвада мотам куни, деб эълон қилинди.

Метрополитенда содир бўлган фожеа муносабати билан 30 март Москвада мотам куни, деб эълон қилинди.

Москва метросида икки портлаш амалга оширилган куниёқ бир-бирини инкор этувчи тахминлар билдирилди. Россия расмийлари Кавказдаги гуруҳларни¸ чечен айирмачилари эса махсус хизматларни айбламоқда.

Москва метросининг “Лубянка” ва “Маданият боғи” станцияларида 29 март куни эрталаб амалга оширилган портлашлардан камида 38 киши нобуд бўлди, 60 дан зиёд киши тан жароҳати олди.

- Дастлабки тахминларимизга кўра, мазкур террористик ҳуружларни Шимолий Кавказ билан алоқаси бор террорчи гуруҳлар амалга оширган. Бу версияни асосий версия сифатида кўраяпмиз, деди Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников президент Дмитрий Медведевга ҳисоб бераркан.

Президент Медведев мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлаш учун барча чораларни кўришга, терроризмга қарши курашни кучайтиришга фармойиш берар экан, "Мамлакатимизда террорга қарши кураш йўлида олға босишни давом эттирамиз, террорчиларга қарши курашни ҳеч иккиланмай, охиригача олиб борамиз", деди.

Душанба куни кечга яқин президент Медведев портлаш юз берган Лубянка метросига борди ва ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат рамзи сифатида гул қўйди.

Давлат Думаси депутати, Думанинг Хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Виктор Илюхин ҳам портлашларни Шимолий Кавказ билан боғламоқда.

- Москвадаги портлаш билан Шимолий Кавказдаги воқеалар ўртасида бевосита боғлиқлик бор. Чунки сўнгги пайтларда ФСБ ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Шимолий Кавказда қатор операциялар ўтказди ва улар муваффақият билан якунланди. Ўша амалиётлар чоғида террорчи гуруҳларнинг бир неча бошлиғи ўлдирилди. Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, бандитлар биздан қасд олмоқда, деди Илюхин Озодлик радиоси рус хизматига.

Март ойининг бошидан буён Шимолий Кавказда исёнчиларнинг икки лидери ўлдирилди.

Улардан бири 24 март куни Нальчик шаҳрида ўлдирилган Амир Сайфуллоҳ сифатида танилган Анзор Астемиров, иккинчиси 7 март куни ўлдирилган Саид Бурятскийлардир.

Астемиров Доку Умаров ва Амир Магаслардан кейин учинчи турувчи лидер, Саид Бурятский эса, Шамил Басаев тузган гуруҳни қайта тиклаган шахс эди.

Портлашлар учун масъулиятни ҳозирча бирон бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Чечен сепаратчилари тез-тез фойдаланиб турадиган “Кавказ-центр” сайти кеча эълон қилган бир мақолада портлашлар ортида Россия махсус хизматлари турибди, деган фикр келтирилган. Имзосиз эълон қилинган мақолада ёзилишича, Россия бўйлаб жорий ҳукуматдан норозилик кучайиб бормоқда ва режим ҳокимият тепасида узоқроқ қолиш учун ҳар нарсага боришга тайёр. "Аноним терроризм" Путин режимининг хос жиҳатларидан бирига айланиб қолган, дейилади мақолада.

Москвадаги “Панорама” тадқиқот маркази таҳлилчиси Владимир Прибиловский Озодлик билан суҳбат чоғида агар масъулиятни бирон гуруҳ зиммасига олган чоғида ҳам, бундай баёнотни жиддий қабул қилиб бўлмайди, деган фикр билдирди.

- Кимдир масъулиятни ўзига оладими-йўқми – буниям кўрармиз. Лекин олган тақдирда ҳам бундай баёнот бирор нарсани исботлай олмайди. Масъулиятни портлашни чиндан уюштирганлар ҳам, фурсатдан ном чиқариш учун фойдаланиб қолмоқчилар ҳам олиши мумкин, деди Владимир Прибиловский.

Бош вазир Владимир Путин 29 март кунги портлашлар ортида турганлар топилади ва йўқ қилинади, деди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG