Линклар

logo-print

Жаҳон лидерлари Москвадаги портлашларни қораламоқда


Халқаро ҳамжамият Москва метро станцияларида содир этилган кўпорувчилик амалиётларини кескин қораламоқда.

"Катта саккизлик" давлатлари ташқи ишлар вазирлари душанба куни Москва метросида амалга оширилган портлашларни кескин қоралади.

Канаданинг Гатино шаҳрида бўлиб ўтган икки кунлик учрашувда вазирлар қабул қилган баёнотда қурбон бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирилган.

АҚШ президенти Барак Обама Москва портлашлари қурбонлари оила-аъзоларига таъзия билдириб, терроризмга қарши курашишда Америка халқи россияликлар билан бирга эканини билдирди.

Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо ҳам Россия раҳбариятига ҳамдардлик билдирди.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен “бегуноҳ фуқароларга қарши уюштирилган бу каби ҳужумларни ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди”, дея таъкидлаб, халқаро альянс Россия билан биргаликда терроризмга қарши кураш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқ қолажагини билдирди.

Айни пайтда Франция президенти Николя Саркози ҳам метро станцияларидаги портлашларни кескин қоралаб, Россия раҳбариятига расмий Париж номидан ҳамдардлик билдирди.


Метронинг Лубянка ва Парк культури станцияларида 29 март куни эрталаб амалга оширилган портлашлардан камида 38 киши нобуд бўлди, 60 дан зиёд киши тан жароҳати олди.
XS
SM
MD
LG