Линклар

Туркия Эронга қарши санкцияларни қувватламоқчи эмас


Туркия Эронга қарши иқтисодий санкцияларнинг кучайтирилишини қўллаб-қувватламайди.

Бу ҳақда бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон Германия канцлери Ангела Маркел билан Анқарада ўтказган сўзлашувлари давомида баёнот берди.

Эрдўғонга кўра, санкциялар "соғлом йўл эмас" муаммони дипломатик усуллар билан ҳал қилиш лозим.

Канцлер Маркелнинг Туркияга ташрифи давомида Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масала бош масалалардан бири бўлди. Канцлер Анқарани БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эронга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

- Агар Туркия апрель ойида Эрон масаласи юзасидан АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамжиҳатликда овоз берса, биз жуда хурсанд бўлган бўлардик, деди Германия канцлери.

Туркия ҳозирда Хавфсизлик кенгашининг доимий эмас аъзолари таркибидадир.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эрон бўйича резолюцияси АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан таклиф қилинмоқда.

Бош вазир Эрдўғонга кўра, Туркия ҳозирча мазкур масала юзасидан қандай овоз беражагини ҳал қилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG