Линклар

logo-print

“БМТ бош котиби Бан Ки Муннинг жорий ҳафтага режаланган Марказий Осиё сафари Ўзбекистон олдига вазиятни ўзгартириш шартлиги юзасидан масалани кўндаланг қўйиш учун жуда қулай баҳона ўлароқ хизмат қилиши керак”.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ана шундай баёнот билан чиқди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Марказий Осиё мамлакатларига сафари 31 март куни бошланиши кутилмоқда. Бош котибнинг Туркманистондан бошланажак минтақавий сафари Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда давом этади.

“Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини тезкорлик билан бажариши шарт, Тошкентнинг халқаро ҳамкорлари эса буни икки томонлама ўтказиладиган мулоқотлар кун тартибидаги устивор масала сифатида киритишлари лозим”, дейилади ҲРУ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошларида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 18 мустақил экспертдан иборат қўмитаси Ўзбекистон томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро пактнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботни кўриб чиқиш муносабати билан бу мамлакатдаги вазиятга баҳо берганди.

Ҳисоботнинг кўриб чиқилиши ўзбек расмийлари делегацияси билан юзма-юз мулоқот шаклида ўтказилганди. Уч ҳафталик сессия якунланганидан сўнг – 25 март куни БМТ қўмитаси якуний хулосалари ва тавсияларини эълон қилди.

Қўмита биринчи навбатда Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг таъқиб қилиниши, қийноқлар амалиётининг давом этаётгани, ҳибсга олинганларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлинаётгани, шунингдек, 2005 йилда Андижонда аксарияти қуролсиз бўлган намойишчиларнинг ўққа тутилгани учун жавобгарлик ҳали-ҳануз таъминланмагани борасида ташвиш билдирган.

БМТ қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматига бу муаммоларни ҳал этиш учун кўрилган чоралар ҳақида жорий йил давомида ҳисобот беришни таклиф қилди.

Фуқаролик жамиятига қарши қатағонлар бўйича қўмита “қатор мустақил нодавлат ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг озодликдан маҳрум қилиниши, уларга бўлган ҳужумлар, босимлар ёки қўрқитишлар” юзасидан хавотир изҳор қилди.

БМТ қўмитаси расмий Тошкентни Ўзбекистонда фаолият юритаётган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ўз фикрини эркин изҳор қилиш ҳуқуқи билан таъминлашга, халқаро ташкилотлар ва НҲТ вакилларига эса мамлакатга эркин кириш ва ишлаш имкониятини яратишга чақирди.

Шунингдек, қўмита ўзбек расмийларини журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан таҳдид, босим ва ҳужумлар бўйича тезкор, самарадор ва холис текширувларни таъминлашга чақириб, мамлакат ҳукуматига бундай нохуш ҳодисалар бўйича барча айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан батафсил маълумот тақдим этишни таклиф қилди.

БМТ қўмитаси ҳисоботида Ўзбекистонда эътиқод ва виждон эркинлигини чеклаш, ҳибсга олинганларнинг айрим ҳолларда адвокати билан учраша олмаётгани, қайта лицензия бериш баҳонасида адвокатлар расмийлар томонидан асоссиз назорат қилинаётгани, сиёсий фаоллик ўта чекланаётгани, аёлларга нисбатан зўравонлик каби жиддий муаммолар ҳам зикр этилган ҳамда ҳукматга бу муаммолар ҳал қилиш бўйича зудлик билан қатор чораларни кўриш таклиф қилинган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакилларига кўра, БМТ қўмитаси хулосаси инсон ҳуқуқлари соҳасида Тошкентга кечиктирмай жиддий ва давомий босим ўтказиш зарурлигини кўрсатди.

- БМТ инсон ҳаклари қўмитаси Ўзбекистондаги вазиятни қабул қилиб бўлмадиган аҳвол ўлароқ баҳолади ва ислоҳотлар учун “йўл харитаси”ни таклиф қилди. Эндиликда Тошкентнинг халқаро ҳамкорлари бу мамлакат ҳукумати вазиятни ўнглаш учун барча зарурий чораларни кўришини назорат қилиб туриши лозим, деди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнер.
XS
SM
MD
LG