Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:08

Душанбеда уч газета устидан маҳкама давом этмоқда


30 март куни Душанбенинг Сино туман судида “Азия плюс”, “Озодагон” ва “Фараж” газеталари устидан суд жараёни қайта бошланди.

Мазкур иш юзасидан дастлабки суд жараёни феврал ойи бошларида ўтказилганди. Ўшанда Тожикистон Олий суд судялари Нур Нуров, Улуғбек Маҳмадшоев ва Душанбе шаҳар судяси Фахриддин Додоматовлар ўз даъволаридан қайтмаслигини ва ўзаро муросага рози эмасликларини билдиришган эди.

Ўз навбатида, судланаётган мустақил нашрлар масъуллари ҳам ўзларига қўйилаётган айбни тан олмасликлари ҳақида билдирган эдилар.

Тожикистонда 28 феврал куни бўлиб ўтган парламент сайловлари муносабати билан бу рўзномалар устидан бошланган суд жараёнига 30 мартга қадар танаффус эълон қилинганди.

Орадаги катта танаффусдан сўнг ўз ишини давом эттирган маҳкама жараёнининг дастлабки кунида фақат адвокат Солижон Жўраев билан боғлиқ ҳолат кўриб чиқилди.

Сино туман суд залининг қора курсисида ўтирган адвокат Солижон Жўраев бугунги маҳкама бу мамлакат жорий қонунларига зид ўтказилаётганини таъкидлади.

- Бизни судга берган судялар устидан мен ҳам судга ариза берган эдим. Лекин бизнинг аризамиз ва унда судялар пора олгани хусусида келтирилган далиллар, СД-дисклардаги ёзувлар текширилмади. Аксинча, бизни суд залига чақиришди. Қонун бўйича аввал мен ва судялар ўртасидаги иш кўрилиб, ким жиноят қилгани аниқланиши керак эди. Яъни Сино суди аввал менинг туҳмат қилган-қилмаганим ёки судялар ҳақиқатан пора олган-олмаганини ўрганиб, ундан кейин бу мустақил газеталар билан судялар ўртасидаги даъво аризасини кўриб чиқиш ёки чиқмаслик ҳақида қарор чиқариши лозим эди. Лекин кўриниб турибдики, бугунги маҳкама ҳам ўша судялар фойдасига ишлашмоқда, дейди Солижон Жўраев.

Эслатиб ўтсак, 2009 йилнинг 9 июнида Хўжанд шаҳрида ўтказилган суд жараёни ниҳоясида 31 нафар исфаралик фуқаро 11 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилган эди.

Мазкур иш юзасидан маҳкамага Олий суд судяси Нур Нуров (мустақил рўзномаларни судга берган аризачи судялардан бири - таҳр.) раислик қилганди.

Исфараликлар босқинчилик, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, пул ювиш ва қотиллик каби қатор жиноятларда айбланган эди.

Ўшанда судланганларнинг яқинлари ва адвокатлари суд адолатсиз ҳукум чиқарганидан шикоят қилишган эди.

Тожикистон собиқ Бош прокурори Бобожон Бобохонов эса “агар суд ҳукми ўзгартирилмаса, судя Нуров жиноий жавобгарликка тортилиши зарур”лигини қайд этганди.

Ўз навбатида, судланганларнинг адвокатлари Тожикистон Олий суди судяси чиқарган ҳукм устидан кассацион ариза тайёрлашди.

Шундан сўнг мазкур ариза юзасидан Хўжанд шаҳридаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида Тожикистон Олий суди коллегияси иш бошлади.

Уч кун давомида ёпиқ эшиклар ортида давом этган коллегия суди қароридан кўнгли тўлмаган адвокат (судланганлардан бирининг ҳимоячиси - таҳр.) Солижон Жўраев 14 январ куни Тожикистон президенти, парламенти, Бош прокурори, Омбудсмени ҳамда бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига баёнот билан чиқди.

Адвокат баёнотида айтилишича, “Тожикистон иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги собиқ директори Шерхон Салимзода 31 нафар исфараликка нисбатан асосланмаган жиноий иш қўзғаб, мамлакат Олий судига уларга нисбатан аёвсиз ҳукм чиқариш борасида “буйруқ” берган.

Шунингдек, авдокат Жўраев Хўжандда чиқарилган ҳукм адолатсиз бўлгани хусусида судя Нуров билан ўзаро суҳбати ёзилган СД-дискни тожикистонлик журналистларга тақдим қилган.

СД-дискда ёзилган суҳбат чоғида Нур Нуров ҳақиқатан адолатсиз ҳукм чиқарганини тан олган ва 31 исфаралик фақат “юқори”нинг буйруғи билан қамалганини маълум қилган эди.

Бу баёнот ва матбуот анжумани ортидан Тожикистонда катта ададда чоп этиладиган мустақил рўзномалар “Азия плюс”, “Озодагон” ва “Фараж” саҳифаларида “порахўр судялар” ҳақида мақолалар босилиб чиқди.

Тожикистон Олий суд судялари Нур Нуров ва Улуғбек Маҳмадшоев билан бирга Душанбе шаҳар судяси Фахриддин Додоматовлар бу ёзилганлар ўзларига нисбатан туҳмат эканини иддао қилиб, адвокат Солижон Жўраев ва мустақил нашрларни судга берган эди.

Ўз навбатида, бир қатор обрўли хорижий ташкилотлар бу иш юзасидан Тожикистон ҳукуматига расман мурожат қилиб, мустақил рўзномалар устидан суд жараёни тўхтатилишини сўраган эдилар.

Хорижлик ва маҳаллий таҳлилчилар бу маҳкамани сўз эркинлигини чеклаш ва Тожикистон мустақил матбуотига босим ўлароқ баҳоламоқдалар.

Бироқ расмий ҳукумат мустақил рўзномаларнинг маҳкамага тортилишида ҳеч қандай сиёсий мотив йўқлигини ва судялар ўз ҳуқуқларини ҳимоялаш учун судга мурожаат қилишга ҳақли эканларини такрорлашдан чарчамаётир.

Душанбедаги Сино туман судида адвокат Солижон Жўраев ва яна учта мустақил газета устидан суд жараёни эртага ҳам давом этади.
XS
SM
MD
LG