Линклар

Бордюжа Москва ва Бишкек орасига совуқлик тушганини инкор қилди


КХШТ Николай Бордюжа фикрича, Россия матбуотида Қирғизистонга қарши кампания бошланди, деган гап ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.

КХШТ Николай Бордюжа фикрича, Россия матбуотида Қирғизистонга қарши кампания бошланди, деган гап ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бишкекка келган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа Қирғизистон–Россия муносабатларида совуқчилик бошлангани ҳақидаги башоратлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги хусусида баёнот берди.

Николай Бордюжа билан 29 март куни Бишкекда ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Элмурза Сотиболдиев раҳбарлигидаги расмийлар ҳамда сиёсатшунослар иштирок этган.

Учрашувда Марказий Осиёдаги хавфсизлик вазияти муҳокама қилингани айтилмоқда. Бундан бошқа маълумотлар эса ошкор қилинмаяпти.

Учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида ҳам Николай Бордюжа ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинган масалалар тўғрисида гапирмади.

Лекин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби матбуот анжумани чоғида Қирғизистон-Россия муносабатлари масаласига алоҳида урғу берди.

- Қирғизистон ва Россия раҳбарияти ўртасида муносабатлар совуқлашмаган. Мен бу ҳақда расман баёнот бераман. Россия матбуотида Қирғизистонга қарши кампания бошланди, деган гап ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Рус матбуотида Қирғизистон ҳақида айрим танқидий мақолаларнинг берилиши эса сўз эркинлиги ифодасидир, деди Николай Бордюжа.

Қирғизистон–Россия муносабатларининг совуқлашгани ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида бир неча ой олдин пайдо бўлган эди.

Айрим сиёсатчилар ва сиёсатшунослар фикрича, Кремл расмийларининг Қирғизистонга ваъда қилинган 2 миллиард долларлик кредитнинг бир қисмини беришдан бош тортгани, Россия расмийлари томонидан қирғиз ҳукумати берилган кредитларни ноқонуний ўзлаштиргани танқид қилингани, Қирғизистон жанубида очилиши режалаштирилган рус ҳарбий базасининг жойлашуви борасида Кремл ва Бишкек расмийларининг ўзаро келиша олмаётгани икки давлат ўртасида совуқлик пайдо бўлгани тўғрисидаги тахминларга асос бўлган эди.

Бундан ташқари, Қирғизистон шимолида ва жанубида иккита АҚШ ҳарбий ўқув базасининг очилиши бу тахминларнинг кучайишига сабаб бўлганди.

Николай Бордюжанинг айтишича, ўтган йили ноябр ойида Қирғизистон жанубида ташкил этилиши режалаштирилган Россия ҳарбий базаси албатта очилади.

- Ўтган йили президентлар бу борада келишувга эришган эдилар. Келишувга кўра, Қирғизистонда Россия ҳарбий базаси ва Россия ҳарбий машғулот базаси очилади. Бу шартномадан ҳеч ким бош тортмаган ва у албатта амалга ошади, деди Николай Бордюжа.

Унинг айтишича, Қирғизистон жанубида яна бир рус ҳарбий базасининг очилиши мамлакат шимолидаги Қант шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий ҳаво базасининг қисқартирилишига асос бўла олмайди.

Бироқ Коллектив хавсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжанинг бундай баёнотлари Қирғизистон-Россия муносабатлари совуқлашди, деган фикрни батамом йўқ қила олмади.

Сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев фикрича, Бордюжанинг баёнотлари ишончсиздир.

- Муносабатлар совуқлашган пайтда ҳам расмийлар буни тан олмайдилар. Иккинчидан эса, Бордюжа Россия Ташқи ишлар вазири ёки Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича вакили эмас. Шунинг учун ҳам унинг бу борадаги баёнотлари шунчаки бир гап, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Сиёсатшунос фикрича, Россия томони Қирғизистон жанубида очилиши режалаштирилган ҳарбий база ва ҳарбий машғулот маркази қурилишини пайсалга солиб келмоқда.

- Бунга Россия томонининг маблағ ажратмаётгани, аниқроғи, маблағ ажратгиси келмаётгани сабаб бўлмоқда. АҚШ эса бу вазиятдан фойдаланмоқда, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Айтиб ўтиш лозимки, бир неча ҳафта олдин Қирғизистон жанубида АҚШ ҳарбий ўқув базаси ташкил этилиши ва АҚШ бу мақсад учун 5,5 миллион доллар маблағ ажратгани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG