Линклар

Бухоролик талабаларга чуқур қаздирилмоқда


Бухоролик расмийлар талабалар қазиган чуқурларга мана шундай улкан дарахтларни кўчирмоқчи бўлаётган эсалар, уларнинг икки метрли чуқур қазиш ҳақидаги буйруғини тушуниш мумкин.

Бухоролик расмийлар талабалар қазиган чуқурларга мана шундай улкан дарахтларни кўчирмоқчи бўлаётган эсалар, уларнинг икки метрли чуқур қазиш ҳақидаги буйруғини тушуниш мумкин.

Ўзбекистонда талабалар расмийлар томонидан кузда пахта теримига, баҳорда эса шанбалигу кўчат ўтказиш каби пул тўланмайдиган ишларга жалб қилинади. Бухородаги олийгоҳ ва коллеж талабалари шу кунда ўтқазилажак ниҳоллар учун чуқур қазишга мажбур қилинмоқда.

Бухоро шаҳрига кираверишдаги сунъий ҳовуз, маҳаллий халқ тили билан айтганда, “Комсомол кўли” ҳудудида янги маъмурий мажмуа қурилиши анчадан буён давом этмоқда.

Мазкур ҳудудда, маҳаллий расмийлар режасига кўра, хокимликлар ва давлат ташкилотлари жойлашиши керак.

Айни пайтда ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида шаҳардаги уч олийгоҳ ва коллеж талабалари бир неча кундан буён кўчат учун чуқур қазишга олиб чиқилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Бухоро олийгоҳларидан бирида таҳсил олувчи толиба гапириб берди.

Бухоролик толиба: Бизнинг факультетдаги йигитларни уч кунга олиб чиққан. Бўйига икки метрли чуқур қазиш керак экан ҳар бир одам. Талабалар навбат билан ишлаяпти. Масалан, бизнинг факультет уч кун ишласа, ундан кейин бошқа факультет ишлайди.

Озодлик: Фақат йигитларми?

Бухоролик толиба: Ҳа, фақат йигитлар. Эшитишимча, ростми-ёлғонми, кўчат олиб келармиш қаердандир. Ўша кўчатлар учун чуқур бўлиши керак экан. Ўша қазилган жойга кўчат ўтказилар экан.

Биз Бухоро вилоят ҳокимлигига қўнғироқ қилиб, ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи бўлими ходимидан: “Чиндан ҳам кўчат ўтказиш ишлари бошландими?” деб сўрадик.

- Бошланди, бошланди. Кимсиз, кечирасиз?

- Озодлик радиосидан Басираман.

- Сиз факсингизни ё бирор нимани қолдиринг. Биз батафсил сизга маълумот берамиз.Оғзаки бу нима эмас, дея гапни қисқа қилди Бухоро вилоят ҳокимлигининг ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи бўлими ходими.

Ҳокимлик расмийси билан бўлган суҳбатимиз узилиб қолгани учун биз у кишига: “Бўйи икки метру эни бир метр бўлган чуқур қазиш нимага керак?”, “Бунақа катта чуқурларга қанақа баҳайбат ниҳоллар ўтқазилади?” каби саволларимизни беролмай қолдик. Бу саволларга жўяли жавоб олиш учун қилган бошқа уринишларимиз ҳам самара бермади. Бухоролик суҳбатдошларимиздан бири: “Балки аввал бу чуқурлар қум билан тўлдирилиб, кейин кўчат ўтқазилар”, дея ўз тахмини билан ўртоқлашди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган талабалар 29 март куни тушга қадар Бухорода шивалаб ёмғир ёққанига қарамай, чуқур қазиш учун олиб чиқилганларини, ёмғир кучайиб кетганидан кейингина уларга кетишга рухсат берилганини айтишди.

Бухоро касб-ҳунар коллежларининг бирида ишловчи ўқитувчига кўра, кўчатлар учун чуқур қазишга талабаларни олиб чиқиш шахсан Бухоро вилоят ҳокими Самойиддин Хусеновнинг буйруғи билан амалга оширилмоқда.

- Буйига 2 метрли ва энига 1 метрли чуқур қазиётган талабалар бир ой давомида ишлашади, деди бухоролик ўқитувчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG