Линклар

logo-print

Миллатчилик Москва портлашларидан сув ичмоқда


29 мартдан Москва метроларини қўриқлаëтган хавфсизлик ходимлари сони кескин оширилди.

29 мартдан Москва метроларини қўриқлаëтган хавфсизлик ходимлари сони кескин оширилди.

Россия хавфсизлик расмийлари Москвадаги метро бекатларида юз берган портлашлардан саноқли соат ўтиб-ўтмай террор хуружларини кавказликлар амалга оширганини даъво қилди. Бундай баëнот эса¸ Россиядаги мусулмонлар ҳолини танг қилмоқда.

29 март Россия матбуотининг хабарига кўра, Москвада “Лубянка” ва “Маданият боғи” метро бекатларида содир этилган портлашлардан сўнг икки ҳижоблик аёл “Павелецкая” бекатидан ўтаётган поезд вагонларидан бирида калтакланган ва вагондан тушириб юборилган.

Айни шундай¸ матбуот “Кунцевская” бекатида бир гуруҳ шахслар томонидан икки нафар кавказликнинг дўппосланганлиги тўғрисида маълумот тарқатди. Айтилишича¸ бир гуруҳ рус миллатига мансуб шахслар икки кавказлик йигитдан сумкасида нима борлигини кўрсатишни талаб қилган. Рад жавобини олгач, кавказликлар дўппосланган. Москва метросидаги бекатлардан саноқли соатлар ўтиб содир бўлган бундай ҳаракатлар Россия расмийлари томонидан алоҳида олинган воқеа¸ деб баҳоланмоқда.

Россия Давлат Думаси қошидаги Хавфсизлик масалалари қўмитаси бошлиғи Владимир Васильевга кўра, Москвадаги портлашлар мамлакат миграция сиёсатига таъсир этмайди. "Россия иқтисоди меҳнат муҳожирларига муҳтож, деган Дума вакили¸террор хуружларини уюштирганларни қидириш баҳонасида сунъий равишда миллатчилик кайфиятини яратиш нотўғри¸ дея қўшимча қилди.

Аммо жаноб Васильев айтганларига зидма-зид¸ мамлакат бўйлаб рус бўлмаганлар¸ хусусан ҳужумлар учун айбланаëтган кавказликларга нисбатан салбий муносабатнинг қайта кучайгани кузатилаëтгандек. Буни Россиядаги Кавказдан бўлмаса-да¸ бошқа "қорамағизлар" ҳам ўз таналарида ҳис қилишмоқда.

Жавлонбек: Ишлаëтган жойимизга у ëқдан бу ëқдан одамлар келади ишлагани. Ўрта осиëликларни милициялар текшираëтган экан¸ қанақадир службалар улар яшаëтган жойларга келибди¸ деган гапларни эшитдик бугун. Кўчаларда¸ платформаларда тутиб текшираëтган экан. Беш-олтитаси келаëтган экан. Илгари текширмас эди. Бугун эрталаб документларини текширибди. Москвага¸ у ëқ бу ëққа бизникилар ҳозир чиқмаяпти. Текшир-текшир қаттиқ экан. Ҳужжати бўлса ҳам чиқмаяпти болалар. “Тинчгина ўтирайлик. Чиқсак¸ бошимизни оғритади” дейишаяпти. Беш-олтита таниш таксистлар бор.

Озодлик: Маҳаллий аҳолининг сизларга бўлган муносабати ўзгармадими?

- Ҳозир мусулмон¸ Кавказдан деганга сал бошқачароқ. Жуда унчалик эмас лекин. Ўртача¸ дейди ўзини Жавлонбек деб таништирган мухлисимиз.

Москвадаги меҳмонхоналардан бирида ишлаëтган ва ўзини ўзбекистонлик Зиё деб таништирган яна бир муҳожир жамоат трансортида ўзи каби рус бўлмаганларга шубҳа билан қараш кучайганини айтади:

- Метро билан бораман¸ метро билан қайтаман. Муносабат ўзгармагану¸ лекин метрода шубҳа уйғонган. Бир-бирига қараш¸ ҳар қалай шубҳа борда. Марказий Осиëдан келганларга¸ Чеченистондан келганларга¸ умуман мусулмон халқига қандайдир шубҳа бор. Одамига қараб тўхтатади. Метрога тушганда¸ сумкаси бўлса¸ албатта¸ текширади. Четдан келганми¸ русми фарқи йўқ¸ дейди Зиë.

Путин ҳукуматига мухолиф бўлган “Солидарность” демократик ҳаракат раҳбари, Россия собиқ Бош вазири Борис Немцов Москвадаги портлашлар ва унинг ортидан бўй кўрсата бошлаган ксенофобия учун Путин ҳукуматини айблайди.

Борис Немцов: Путин ва Медведевнинг террорчиларни йўқ қилиш ваъдаси билан чиқиши миллатчилик эмас. Лекин бу сўзлар бир тийинга қиммат. Террорчиларни йўқ қилиша олмайди, аммо шунинг баҳонасида кўпчилик бегуноҳларни қатағон қилишлари мумкин. Мана бу иш уларнинг қўлидан келади!

Ундан ташқари, ҳукумат ўз кучсизлигини тан олмайди ва содир бўлган воқеаларни маккор чеченларга ҳамда кавказликларга тўнкайди. Москвада ксенофобик кайфиятнинг ўсиши кузатилаётгани ҳам аниқ. Ҳукумат эса бу кайфиятнинг ўсишига, очиқчасига бўлмаса ҳам, хуфиёна кўмаклашмоқда. Сўзсиз, махфий хизматлар ва уларнинг раҳбарияти ксенофобик руҳда ишлашмоқда. Очиқчасига бўлмаса ҳам, милиция ходимлари ҳеч қанақа асоссиз “қорамағизларни” текшириш буйруғини олганликларига ҳам мен аминман.

Путиннинг 10 йиллик бошқаруви шуни кўрсатдики, у мамлакатни қамраб олган терроризмни тўхтата олмайди. Энди эса у айбдорни қидиришга тушди. Ким айбдор? Медведевми? Медведев умуман ҳеч нарсага жавобгар эмас. Оппозициями? Оппозиция сиз биласиз, бизда бостирилган. “Ягона Россиями”? Булар лаганбардорлик билан овора... Ким қолаяпти!? Кавказлик аблаҳлар, албатта! Уларни энди ислом экстремистлари ва ҳоказо деб аташади.

Масалан Қодиров масаласи. Қодиров уларга “Менга ички масалани ҳал этишни ўзимга топширинг. Мен эса сизларга тинч ҳаётни таъминлаб бераман”, деди.

Энди айбдорлар Шимолий Кавказдан топилади. У ерга раҳбар этиб тайинланган Хлопонин яхши бошқарувчи. Лекин у ислом маданиятига ва Кавказдаги маҳаллий муносабатларни яхши тушунмайди. У ижтимоий-иқтисодий бошқарув ваколатларига эга, лекин сиёсий-ҳарбийга эмас. Шу сабабли Путиннинг Кавказдаги сиёсати боши берк кўчага кириб қолди. Сиёсатни ўзгартириш керак. Шимолий Кавказда коррупциялашган бошқарувга зинҳор ва зинҳор таянмаслик керак. У ерда агентура ишларини тўхтатмаслик зарур. Путиннинг махфий органлари шуғулланаётган оппозицияга ташланиш ва бизнесни эгаллаш мақсадидаги рейдерлик ҳаракатларини тўхтатмоғи керак.

Шунинг учун менинг фикримча, Путин – бу чексиз коррупция, Путин – бу бюрократиянинг ўсиши. Путин бу чет элга нисбатан Россиянинг адовати ва душманлиги. Қолаверса, Путин – бу оммавий равишда қатламлашиш, бойларга ва камбағалларга бўлиниш. Шу сабабли биз Путиннинг истеъфосини талаб қилиб чиқдик. Уни тўхтатиш керак. Путин 2012 йил президентликка келиб яна 12 йил мамлакатни бошқармоқчи. У Каримовдан ҳам ўтади, мана кўрасиз. Лекин қачонгача бўлади?! Мен ўзимнинг ва фарзандларимнинг хўрланишини истамайман ва чидашни ҳам хоҳламайман.

Москвадаги портлашлар тўғрисида махфий хизмат ходимлари уч кун олдин хабардор эдилар. Лекин улар терактлар содир бўлишига йўл қўйишди! Юқори милиция ходимлари пул йиғиш билан овора эди, вақти йўқ эди. Портлашлар айни Лубянкада, Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати ёнгинасида содир бўлганлиги улар учун шармандаликку¸ дейди Борис Немцов.

Озодлик: Россияда ксенофобия ва миллатчиликни йўқ қилиш мақсадида ҳукумат, жамият нима қилиши керак?

- Россиянинг ҳар бир раҳбари байналмилалчи бўлиши шарт. Чет элликларга, умуман четга бўлган нафрат ҳиссидан холи бўлиши шарт. Токи давлат сиёсати ўзгармас экан, мамлакатда бу масалалар ҳам очиқлигича қолади¸ деди Россия собиқ Бош Вазири ва ҳозирда мухолифат раҳбари Борис Немцов.

29 март тонгги соат 8 ларда Москвадаги икки метро бекатида амалга оширилган портлашлар оқибатида сўнгги маълумотларга кўра¸ 39 одам халок бўлди, 70 яқин одам жароҳат олди, 30 март куни мамлакатда миллий мотам куни деб эълон қилинди. Россия мутассадиларининг портлашлардан саноқли соат ўтиб-ўтмай хужумлар учун кавказликларни айблагани рус бўлмаганларни россиялик миллатчилар нишонига айлантирган кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG