Линклар

Рауф Парфи вафотига беш йил тўлди

  • Садриддин Ашур

Рауф Парфи 20-аср ўзбек шеъриятининг энг буюк намояндасидир.

Рауф Парфи 20-аср ўзбек шеъриятининг энг буюк намояндасидир.

29 март куни ўзбек адабиётининг забардаст шоири Рауф Парфининг тупроққа қўйилганига 5 йил бўлди. Ўзбек адабиёти беш йилдан буён Рауф Парфисиз яшамоқда. Рауф Парфи ўз халқидан жисман узоқлашаëтган бўлса-да, руҳан аксинча яқинлашмоқда.

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Санжар Содиққа кўра, Рауф Парфи шоир сифатида 1964 йилда халққа танилди. Ўшанда у ёзган “Лайло” шеъри қўшиқ бўлиб республика радиосида қўйилганидан сўнг, у жуда ҳам машҳур бўлиб кетди. Шундан сўнг Рауф Парфи жуда гўзал шеърлар эълон қила бошлади. Бироқ, дейди олим, у республикада узоқ вақтгача катта шоир сифатида тан олинмади. Бунга эса шоир шахсияти сабаб бўлган эди.

- Бунинг ҳар хил сабаблари бор эди. Биринчидан¸ Рауф Парфи бир хилда¸ текис ижод қилмас эди. Бунинг асосий сабаби ҳаëтидаги тартибсизлик эди. У худди Маяковский¸ Сергей Есенин¸ Усмон Носирларга ўхшаб бетартиб ҳаëт кечирар эди. Оилада ҳам кетма кет оилани янгилаш¸ уч марта уйланишда буни кўриш мумкин.

Биринчи китоби чиққанда 900 сўм пул олган. Бу пул уч кунга қолмай тугаган. Бунинг сабаби¸ масалан йўлда бир шоир учраса¸ “Мен гонорар олдим. Кетдик ресторанга” дерди. Шу билан ресторанга бориб у ерда анчаси кетарди. Учраган шоир “Озгина қарзим бор эди. Ëрдам қила олмайсизми?” деса¸ бемалол қўли очиқлик билан пулни бериб юбораверган. Шунақа қилиб совет замонида олинган 900 сўм пул уч кунда тугаган¸ дейди Санжар Содиқ.

Профессорнинг сўзларига кўра, у пайтда гарчи қанчалик талантли шоир ёки ёзувчи бўлмасин, агар унинг коммунистик мезонларга тўғри келадиган “одоб ва ахлоқ”и бўлмаса¸ у ҳеч қачон тан олинмас эди. Рауф Парфи ёзган шеърлар ва улардаги гўзал ташбеҳларни ҳамма ҳам тушунмас эди ва ниҳоят 70-йилларга келиб ёзувчи Асқад Мухтор Рауф Парфини етук шоир бўлиб етишганини тан олди, дейди Санжар Содиқ.

- Асқад Мухтор “Гоҳ эзилиб¸ гоҳ қийналиб унинг шеърларини ўқидим. Охири Рауф Парфи катта шоир бўлиб етишганига иқрор бўлдим” деган маънода ëзган эди. Рауф Парфининг ижоди тан олинишида¸ албатта¸ хориждаги ўзбек адабиëтшунос олими Темур Хўжанинг ҳам хизматлари бор. Озодлик радиосида ишлаган кезлари Темур Хўжа ўз эшиттиришларида Рауф Парфининг ўзига хос услуб эгаси эканлигини биринчилардан бўлиб эътироф этган. Ана шундан кейин Ўзбекистонда ҳам унинг ижодига жиддийроқ эътибор берила бошланган¸ дейди Санжар Содиқ.

Адабиётшунос олим фикрича, “Сабр дарахти” китоби Рауф Парфи шеъриятининг энг юксак чўққисидир.

- Бу китобдаги шеърларда Туркистон мустақиллиги¸ озодлиги ғояси жуда усталик билан¸ жуда катта маҳорат билан ифодаланган эди. Совет замонида у Туркистон мустақиллиги¸ Туркистон озодлиги тўғрисида гапириш йўлларини топа олган эди. Шоирнинг улуғлиги¸ генийлиги мана шунда бўлса керак¸ дейди Санжар Содиқ.

Рауф Парфи бир умр Туркистон соғинчида яшади.
Рауф Парфининг собиқ иттифоқ пайтида ёзган шеърлари замирида унинг халққа¸ эркка бўлган муҳаббати ва ягона Туркистон ғояси ётарди. Ҳаваскор шоир Ёғду ҳам Рауф Парфи билан учрашганда бунга амин бўлганини айтади.

- Рауф ака билан биз 1992 йил бўлса керак учрашганмизда. Бир йиғилишга таклиф қилинган эди. Гаплашдик. Рауф ака кўзлари ҳазин¸ ҳазин аҳволда эдида. Кайфиятлари ҳам йўқроқмиди. Кейин мен ўзимнинг бир-иккита нарсаларимни кўрсатган эдим. Ўқиб кўрди. “Яхши¸ фақат Туркистон ҳақида ëзинг¸ Туркистон ҳақида” деганлари эсимда қолган. Кейин мен уни¸ у одамнинг қалби қанақа эканлигини сезиб қолдим. Қалби худди Чўлпон билан бир хил эканда. Халқимизга бўлган меҳри қалбининг тубидаги бир инсон экан.

Ижодига келадиган бўлсак¸ мен ҳали Рауф Парфига ўхшаган одамни учрата олмадим. Фақта ўша Чўлпондагина сездим Рауф Парфининг услубини ва ҳазинлигини. Кейин Рауф Парфининг характерини¸ Рўзи Чориев деган бир рассом ўтиб кетди¸ жуда кучли рассом эди. Ўша одамнинг бир гапи бор. “Қайси рангни яхши кўрасиз?” десам¸ “Мен сариқ рангни яхши кўраман” деган эди. Сариқ рангнинг турлари кўп бўлар экану¸ ўша сариқ деган ранг Рауф Парфида ҳам ишлатилган. Шеърларидада. Ўша рангни ҳис қилса бўлади. У оддий сариқ ранг эмас ëки бўëқ сифатида эмас. Рауф Парфининг ишлатган сўзлари иссиқлик сифатида таъсир қилади¸ дейди шоирликка орзуманд Ëғду.

Мустақиллик йилларида Рауф Парфининг ижоди янада яшнай бошлади. Бироқ, уйсиз қолган шоирга ҳеч ким жой бермас эди. Ҳукумат аҳлининг ҳам бу қайсар, кўп ҳолатда сархуш юрадиган дарвеш шоирни ёқтирмаслиги табиий эди. Шоирнинг дўстлари бир амаллаб Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги боғидан унга бир хона олиб беришди. Шоир ўша хоначада бир ойча яшади. Шундан сўнг, Ёзувчилар боғининг хўжайини бўлган Амир исмли шахс ҳар куни келиб, Рауф Парфига ё уй учун ижара ҳақи тўлашини ёки бўлмаса чиқиб кетиши ҳақида амр қила бошлади. Камина ҳам ўшанда Рауф Парфини марҳум шоир Асқар Маҳкам билан бир неча бор зиёрат қилган эдик. Ўша тўрт қаватли Ёзувчилар уйининг асосий хоналарини Қашқадарё вилоятидан келган спортчилар эгаллаб олган, ҳар куни тушликда минг хил нозу-неъматлар билан тўла стол атрофида ёш спортчилар оёқларини чалиштириб ўтирардилар. Ўзбекнинг буюк шоири эса бир бурчакда икки бурда бўлка нон билан карам шўрва ичарди. Бироқ шоирга ўша карам шўрва ҳам¸ спортчилардан ортган бир хона ҳам насиб қилмади. Шоирни қувиб солишди. Бу воқеани ўша пайтда Дўрмон боғининг чеккасидаги ижара уйда яшаётган ёзувчи Набижон Боқийнинг хотини, шоира Олима Набизод шундай эслайди.

- Амир ака бир куни¸ эсимда бор ëмғир ëғаëтган пайтида¸ қувди шекиллида. Кейин Наби ака бориб чақириб келди. Ишқилиб Рауф ака билан бирга келишган. Билмадим Рауф ака жуда номусли инсонмиди. Печкали уйимизга жой қилиб “Шу ерда ëтиб қолинг. Эрталабгача бир гап бўлар” десак ҳам “Йўқ” деб кетиб қолган. Уйда қолмаган. Ички уяти бор инсонмиди Рауф ака дейманда. Рауф ака номус ҳақида жуда кўп гапирарди. Шеъриятнинг номуси¸ миллатнинг номуси.

Масалан мен адабиëтдаги номус тушунчасини Рауф аканинг шеърларидан ўрганганман. Номус дегани бу конкрет тушунчаку. Оиласининг номусини сақлаш¸ йигитнинг ор-номуси¸ қизнинг номусини муҳофаза қилиш. Рауф аканинг шеърлари орқали¸ ижоди орқали шеъриятдаги сўзнинг номуси¸ шеъриятнинг номусини англаганман. Шу маънода Рауф Парфининг шеърияти адабиëтни кашф қилишимда¸ сўзни кашф қилишимда катта ëрдам берган¸ дейди шоира Олима Набизод.

Олима Набизод Рауф Парфи ҳақидаги хотираларини ёдга олар экан, шоирнинг сўнгги йилларда ниҳоят қашшоқликда яшагани, бироқ бу қашшоқликдан у мағрурланиб гапиришини таъкидлайди.

- Рауф аканинг жуда ажойиб¸ қизиқ хислати бор эди. Одамлар одатда пули қолмаган бўлса¸ камбағал бўлса¸ камбағаллигидан¸ йўқчилигидан нолиб гапиради. Рауф ака шу йўқчиликни ғурур билан гапирардилар. “Бечораман. Пулим йўқ¸ нон сотиб олишга ҳам пулим йўқ” демас эди. “Пулим йўқ” деб оғзини тўлдириб ғурур билан гапирарди. Рауф ака ажойиб инсон эди. Рауф ака билан танишувим шунақа бўлган¸ дейди Олима Набизод.

Рауф Парфига 1999 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони берилганда¸ у бу унвонни қабул қилгани Оқсаройга бормади. Дўстларининг айтишларича¸ шоир “Менинг халқим очликдан азоб чекаëтган¸ зулмнинг остида эзилаëтган бир пайтда бундай унвонни олишга уяламан¸ номус қиламан” деган.

Рауф Парфи билан бирга яшаб, бирга ижод қилган жуда кўп ижодкорлар мустақиллик йилларида сарой шоирига айланди. Ҳеч қачон қўлини сарой томон чўзмаган Рауф Парфи халқ дардидан узоқлашган бу дўстларини кўрганда кулиб шундай дер экан: “Хўш, дўстим, сомонхонада не гаплар?” Шоирнинг бу ибораси зиёлилар орасида жуда машҳур бўлиб кетган.

Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида масъул лавозимларда ишлаган шоир Хуршид Давроннинг ўз шахсий сайтида Рауф парфининг вафотига бағишлаб ёзган марсиясида ёзганлари, сомонхонадаги емакларга иқрорликдай бўлиб туюлади:

“Рауф Парфи қабри устида туриб виждонан иқрор бўлиш керакки, жуда кўпчилигимиз Рауф Парфига ўхшаб кўзимизни шон-шараф кўр қилгувчи ёғдулардан асрай ололмадик. Рауф Парфига ўхшаб яшашдан ҳам қўрқдик, ҳам истамадик”, деб ёзади Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон “Рауф Парфига гулчамбар” номли мақоласида.

Шоир қабрига гулчамбарлар қўйилди, бироқ бу гуллардан бирортасини у тириклигида кўрмади, деб эслайди шоир умрининг сўнгги лаҳзаларида у билан бирга бўлган ëстиқдоши¸ шоира Сулҳидахоним:

- Шоир ҳақида гапирганда менимча йилларнинг жавоб бериши кичкина нарса. Шоир ҳақида гапирганда фақат асрларга етадиган шоир эди. Ҳақиқий шоирга ҳеч қачон осон йиллар бўлмаган. Ҳамиша курашчан¸ ҳамиша сўзни¸ ҳақиқатни¸ фикрни¸ халқнинг дардини айтмоқчи бўлган шоир учун ҳамиша осон бўлмаган. Бир неча йил доим изтиробда¸ доим аламни¸ доим шеъриятга бўлган илҳомни шундай қучоқлаб бағрига босиб доим нимадир бир ҳақ куйчиси бўлган одамга йиллар азоби у одам учун енгил бўлади ва ҳеч нарса бўлмайди. Англамайди у одам нима қилаëтганини. Мен бу одамни Худо томонидан бизнинг миллатимизга берилган фахр¸ деб биламан¸ мукофот деб биламан.

Қани сочларимдан силаса биров¸
Чуқур кўзларимдан ўпса авайлаб¸
Қаранг юрагимга тушмоқда қуров¸
Ишқ уйи бир оғир бўзлар¸ ҳувиллар.

Кўз олдимда ечилди дарахт¸
Менга ëрди юрагини¸ кўп йил яшадим¸
Томирлари юрагимга боғланган дарахт¸
Юлиб кетди юрагимни¸
Дарахт¸ дарахт¸ дарахтлаб қолдим.

Сулҳидахоним шоир ҳаётининг сўнгги кунларини шундай эслайди.

- Шунда ҳам ëнида китоблар¸ ëнида бир нимадир орзу¸ нимадир истак¸ нимадир қилмоқчи бўлган одам кўзининг олдида чайқалиб туради. Агар айтиш мумкин бўлса¸ “Мен уй қура олмадим. Мен бирор фарзандимни бирор жойга ўқишга кирита олмадим. Мен бирорта одамга бирор нарса совға қила олмадим” деган туйғу бўлмаган. Ҳамиша “мен бир шеър ëзишим керак эди” деган қараш бўлган. Ўзининг ëзган нарсаларидан қониқмаслик туйғуси бўлган. Инсоннинг дунëсини моддий нарсага боғлай олмаганингиздан кейин¸ боғлиқлиги йўқ бўлгандан кейин у одам ҳақида гапириш жуда ҳам оғир¸ ҳам енгил. Оғир томони у одам бутун умрини¸ мен бемалол айтаман¸ шеъриятга берган шоир¸ дейди Сулҳидахоним.

Адабиётшунос Бахтиёр Исабековнинг айтишича, Рауф Парфи адабий меросини ўрганиш ва нашр қилиш ишлари шундайлигича қолди. Шоир вафотидан кейин унинг фақат биттагина китобчаси чоп қилинди. Бахтиёр Исабеков бунга рағбат ҳукуматдан йўқлигини ачиниш билан таъкидлайди.

- Умуман олганда адабиëт миқëсда қаралса¸ Рауф Парфи шундай из қолдириб кетдики¸ мен унинг шогирдлари билан бироз мулоқотда бўлиб турганим учун унинг ишлари¸ Худо хоҳласа¸ давом этаяпти. Гарчи ўзининг ўрни бўлакча бўлса ҳам¸ мен бир-иккита ëшлар билан танишдим. Ҳар ҳолда Рауф Парфининг йўналиши¸ Худо хоҳласа¸ давом этадиганлиги билан беш йиллик соғинчни ўрнини қоплайдиган нарса шу деб биламан. Афсус¸ шу беш йил давомида фақат юқори доирадагиларнинг унга муносабати ўзгаргани йўқ. Умид қиламиз¸ ҳали бу ўзгариб қолар. Ҳар ҳолда ўзбек адабиëтининг жуда катта¸ забардаст вакили бизнинг катталаримиз учун ҳам керак ҳисобланади. Ўтмиш ота-боболар билан Рауф Парфи ҳам яқин ўтмишга айланган бўлса¸ унинг меросини қадрлаш¸ уни улуғлаш учун ҳукумат томонидан ҳам ҳаракатлар бўлади деган умид ҳар ҳолда бор¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG