Линклар

159 болалари - "Бу болаларнинг болалиги ўғирланган"

  • Абдулла Искандар

Андижон фожеасидан кейин Ўзбекистондан кетишга мажбур бўлган қочқинларнинг ҳаммаси ҳам фарзандларини ўзи билан хорижга олиб чиқиб кетолгани йўқ.

Андижон фожеасидан кейин Ўзбекистондан кетишга мажбур бўлган қочқинларнинг ҳаммаси ҳам фарзандларини ўзи билан хорижга олиб чиқиб кетолгани йўқ.

Туркумнинг янги мақоласига 2004 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Конституцияга тажовуз қилиш"га оид 159-моддаси билан айбланиб, ҳануз қамоқда қолаëтган андижонлик 23 тадбиркордан бирининг тўрт фарзандини қаҳрамон қилдик.

Каттаси 14¸ кичкинаси 8 ëшда бўлган бу фарзандлар ҳозир Андижонда. Уларнинг отаси Қаршидаги қизил зона қамоқхонасида. Болаларнинг онаси эса Германияда қочқин мақомида.

Отаси қамоқда¸ онаси қочқинликда бўлгани боис Андижондаги қариндошлар қўлида қолаëтган бу болаларнинг исмларини айтмасликни маъқул кўрдик.

Бу болалардан энг кичиги 2005 йил 13 май куни ўз туғилган кунини нишонлаш умидида эди. "Шаҳарга президент келармиш" деган гап чиққанида, бу болаларнинг онаси Муаззам ўз турмуш ўртоғини қамоқдан озод қилинишини талаб қиламан деб уйдан чиққанида¸ бу айрилиқ беш йилга чўзилади, деб ўйламади.

Муаззамхон: Ўша куни қизимнинг туғилган куни эди. Иккитаси ўғил¸ иккитаси қиз. 13 май куни туғилган куни эди. “Мана сизнинг туғилган кунингизга, Худо хоҳласа, яхши хабарлар билан келаман дадангиз тўғрисида” деб хурсанд бўлиб чиқиб кетган эдим. (йиғлаб) Мана ҳозир ўша қизим 8 ëшга кириб¸ 2-синфда ўқияпти.

Озодлик: Муаззамхон¸ сизнинг кимингиз қамоқда Ўзбекистонда?

Муаззамхон: Менинг турмуш ўртоғим қамоқда. Акаларим¸ поччам ҳаммаси турмада. Эркаклар қолмаган эшигимизда. Ҳаммаси 159 билан қамалишган.

Озодлик: Болаларчи, болалар?

- Болаларимга менинг қайнсинглим уйимизга чиқиб ўтириб қараяпти. Тўртта болам қолиб кетган Андижонда. Унинг ҳам уч нафар боласи бор. Ҳозир унинг ҳам беш нафар боласи бор. Менинг болаларим тўртта. Тўққиз нафар бола билан менинг эшигимда ўтирибди. Унинг ҳам хўжайини 159 билан қамалган¸ дейди Муаззамхон.


Сен унда зор, мен бунда зор

Эри 159-модда билан айбланган 33 ëшли Муаззамхон, мана беш йилдирки, болалари дийдорига зор. Фақат телефонда гаплашади. Муаззамхон Германияда¸ болалар Андижонда. Бу суҳбатдаги ғам-ғуссанинг оғирлигидан ўртадаги 7000 километрлик сим узилмаганига ҳайронман¸ дейди Муаззамхон.

- (хўрлиги келиб йиғлаб) Юракларимиз эзилади. Ë биз кета олмасак¸ ë дадаси у ëқдан кела олмаса. Дадаси ҳам ҳар доим уларни кўриб юраги эзилади. Ëш болалар. Кичкина қизим ҳам дадасини кўриб келгандан кейин гапира олмайди. Ëш болалар ҳозир ўйнаб юрадиган вақтини ғам-ташвиш билан ўтказаяпти¸ дейди Муаззамхон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, отаси қамоққа олингани болаларга қаттиқ зарба бўлди.

- Улар дадасига роса ўрганган эди. Дадаси ҳар доим соат 7-8 ларда ишдан келарди. Ишдан келгунча ҳаммаси қаëқда бўлса ҳам¸ ўйнаб юрадими¸ бошқа бўладими¸ ҳаммаси уйда кийинишиб¸ дадасининг келишини кутишиб ўтиришарди. Дарсларини ҳам тайëр қилишиб¸ “Дадам келишига дарсларимизни кўрсатамиз” деб ўтиришарди. Дадаси қамалиб қолгандан кейин мен бошида улар нима бўлмасин деб “Даданглар узоқроққа ишлагани кетган. Яқинда келади” деб ўтирардим. Кейин уни ҳам узоққа кўп нима қила олмадим. Болаларим роса қийналишиб¸ ичикиб кетишди. Кичкина қизим роса ичикиб¸ ëмон оғриб қолган. (йиғлаб) Беш ëшли қизим ҳам дадасига роса ўрганган эди. Уни ҳам кейин мактабга бердим. Мактабга ҳам боргиси келмай¸ мактабдан чиқиб: “Мен ўқимайман, ойижон” деяверарди. “Дадам келса¸ дадам олиб чиқади мактабга” деб катта ўғлим ҳам ëмонлик қилиб¸ роса тушкунликка тушиб қолган. “Кўчада одамлар менга ҳар хил гап гапираяпти. Дадам қачон келади?” деб сўрар эди¸ дейди Муаззамхон.


Алдов ичидаги болалик


1997 йили Роберт Беннини суратга олган “Ҳаëт гўзал” филми қаҳрамони қамоқхонада ўз фарзандини доимо алдашга мажбур бўлади.

Суҳбатдошимиз Муаззам ҳам ўз фарзандларини ҳар куни алдаб овутар эди. Кечқурунлари болаларига гўëки отаси ëзди деб кўрсатиш учун соғинчли саломхатлар битар эди.

- Кейин уларга “Даданглар яқинда келади. Мана хат ëзиб юборибди” деб, мен уларга улар мактабдалиги вақтида дадасининг номидан хат ëзиб қўяр эдим. “Мен дадангларман. Сизларга ўйинчоқлар¸ яхши нарсалар олиб бораман. Яхши ўқинглар мактабларда. Қийналиб диққат бўлманглар. Ўйнаб кулиб юринглар” деб ҳар куни хат ëзар эдим. Болаларнинг ҳам ичи ëзилсин, дердим. Буларнинг ҳам ичидаги нималар чиқиб кетсин деб: “Сизлар ҳам дадангларга хат ëзинглар. Дадангларга жўнатвораман”, дер эдим. Улар ҳар куни ўтиришиб “Тезроқ овқат еяйлик, дадамизга хат ëзамиз”, деб шошилишарди. Кейин ўтиришиб хат ëзишарди. Кейин мен уларни олиб тўплаб қўярдим¸ яна жавоб ëздилар деб уларга берардим. Ана шунақа қилиб битта сумкага кўпгина хатлар тўплаган эдик.

Бизлар бу ëққа чиққанимиздан кейин уйларимизни тинтув қилгани кирганда¸ хатларни ҳам ашëвий далил сифатида олиб чиқиб кетишибди. Бошида “Турмадан хат чиққан экан”, деб сўрашди. Буларни мен ўзим болаларимга ëзган эдим. Болаларимнинг кўнгли кўтарилсин, деганманда. Улар ўша хатларни ўқишиб¸ сал ўзларига келиб¸ ўзларига ўхшаб қолишарди. Кичкинасига ҳар куни эрта билан уйғотиб ўқиб берардим. Ўша билан ўзим мактабга олиб чиқиб¸ ëнида ўтириб шунақа бўлганмиз. Болаларим роса ичикиб¸ оғришиб кетишган. Улар дадасига жуда ўрганган эди-да. Ҳар куни ишдан келишини байрам қилиб кутиб олишарди. (йиғлаб) Болаларим ичикишиб¸ оғришиб¸ роса ëмон бўлишган. Озиб кетишган. Ҳозир у кунларни эсласам¸ роса ëмон қийналиб кетаман¸ дейди ўзини йиғидан тўхтата олмаган Муаззахон.


Ўғирланган болалик


159 болалари. Бу калима Каримов даври яратган энг даҳшатли жумла. Муаззамнинг 14 яшар ўғли укаларини етаклаб Қаршидаги қамоқхонага “свидание”га боради. Қамоқдан отасини кўриб келгач¸ Германиядаги онаси билан телефонда гаплашади. Отанинг саломини онага етказади. Бу болаларнинг болалиги ўғирланган¸ дейди Муаззам.

Муаззамхон: Болаларим ëш. Энг каттаси ҳозир 14 ëшда. Кичкинаси 8 ëшда. Дадаси турмада¸ мен бу ëқда ўтиришибди. (йиғлаб) Кичкина болам гапирса¸ юрагим эзилиб кетади. Ҳозир қайнсинглим қараб ўтирган тўққиз нафар болаларнинг ичида энг каттаси 14 яшар. Қайнсинглим ҳам турмага боради. Унинг ҳам юраги нозик бўлиб қолган. Бозор-ўчар¸ ҳамма нарса 14 яшар боламга қолган. Ундан кичкинаси 13 яшар. Ҳамма нарса ўша иккаласига қолган. Ҳозир гаплашсам¸ роса ичим қийналиб кетади-да. Ҳозир уларнинг ўйнаб-кулиб юрадиган болалик даври. Шунақа пайтда улар уй-рўзғорларни бўйнига олишиб¸ иш қилишиб ўтиришибди. Мактабдан бўш вақтида ҳунар ўрганаяпти. Ўйнаб-кулиб юрадиган вақтида уларнинг бошига анча ишлар тушиб ўтиришибди. Дадасини кўргани турмага боришади. Дадасини кўриб келишиб¸ эзилишади. Ўша куни гапириша олмайди. Яхши-яхши сўраб қўйди дейди, холос. Бошқа гап гапира олмайди. Кейин секин-секин гапириб беради. (йиғлаб) Ëш гўдаклар ҳаëтнинг қийинчиликларини кўриб эзилиб қолишган. Ҳаëтнинг ўйнаб-куладиган даврида ҳаëтнинг қийинчиликларини кўриб катта бўлишаяпти. Сиëсат¸ қийинчиликлар уларнинг болалигини ўғирлаб қўйган.

Озодлик: Турмуш ўртоғингиз қайси қамоқхонада?

Муаззамхон: Қаршида ҳозир.

Озодлик: Қаршидаги Шайхали қамоқхонасидами?

Муаззамхон: Номларини билмайман.

Озодлик: Болаларингиз охирги марта қачон бориб келишди?

Муаззамхон: Апрелда уч ой бўлади. Апрелда яна боришади. Ҳар уч ойда боришади. Апрелда уч ой бўлади. Шунда боришади.

Озодлик: Атрофдаги маҳалла комиссияси борми¸ милициями болаларингизни текшириб¸ сўроқ-савол қилиб турадими?

Муаззамхон: Ҳар 15-20 кунда синглимни чақиришиб¸ “Ҳаммаси уйдами? Бир ëққа кетиб қолмасин” деб тилхат ëздириб олишаркан. Шунақа суҳбатдан ўтиб тилхат ëзиб чиқаркан. “Мен тўққиз нафар болага қараяпман. Булар ҳеч қаëққа кетиб қолмайди, жавобгарман” деб синглим жавобгарлигини олган.

Озодлик: Турмуш ўртоғингиз қачон қамалган?

Муаззамхон: 2004 йилда қамалган.

Озодлик: Ўша 23 тадбиркордан биттаси бўлса керакда-а?

Муаззамхон: Ҳа.

Озодлик: Қамоқхонага олиб кетган пайтда болаларингиз неча ëшда эди?

- Каттам ҳозир 14 ëшда бўлса¸ 9 ëшда эди¸ дейди Муаззамхон.

Муаззамнинг эри 159-модда билан қамалганидан кейин хаëт бирдан ўзгарди. Қуëш чарақламай¸ юлдуз ярақамай қолди. Кичкина болалар бирдан улғайгандай бўлишди. Улар қалбида алам ва ўч туйғуси борми ë йўқми бу ҳануз яширин қолмоқда¸ дейди беш йилдан бери болаларини кўрмаган андижонлик Муаззам.

Муаззамхон: Улар ҳам ҳамма нарсанинг яхши бўлишини¸ адолатли бўлишини хоҳлашади. Улар ҳали кичкина. Лекин улар катта одамдай фикр юритадиган¸ катта одамдай гапирадиган бўлиб қолишган. Катта ўғлим "ойижоним қийналади" деб, укаларига: “Ойижон телефон қилса¸ йиғламайлик. Ойижонимга чиройли гапириб¸ бир-биримизни мақтайлик” деб ўргатар экан.

Озодлик: Болаларингизни бу ëққа олиб келишни сўрамадингизми? Масалан, Қизил Хоч ëки бошқа ташкилотлар олиб келиб бериши мумкин.

Муаззамхон: Ҳозир у болаларим дадасидан хабар олиб туради. Мен уларни бу ерга олиб келсам¸ дадасига ҳам қийин бўлиб қолади. Улар ҳар доим тилхат ëзиб ўтиришади. Улар чиқиша олмайди ҳам. Улар дадасини бориб кўришади. Болалари борлиги учун деб битта катта одамни қабул қилади. Бошқа қариндошларни суткаликка ҳам қабул қилмас экан.

Озодлик: Ëш бошингизга шунча ғам-алам кўрибсиз.

- Кўрмайсизми¸ мен ҳам уйда энг кичкина қиз эдим. Эркалаб катта бўлган эдим. “Болаларим бўлса¸ доим уларнинг кўзига қараб¸ уларнинг айтганини қилиб¸ нимани хоҳласа¸ шунга шароит қилиб бераман” деб катта бўлган эдим. Мана энди бошимизда шунча ишлар бор экан. Бу кунларнинг ҳам охири бордир. Худога солдик энди. Худойимнинг ўзи яхши кунларни кўрсатсин¸ дейди Муаззамхон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG