Линклар

БМТ Бош котиб бугун Марказий Осиё сафарини бошлайди


Халқаро Human Rights Watch ташкилоти БМТ Бош котиби Бан Ги Муннинг Марказий Осиё мамлакатларига сафари арафасида минтақа ҳукуматларига талабларини эълон қилди.

Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими директори муовини Рейчел Денберга кўра, талаблар рўйхати битилган мактуб БМТ Бош котибига йўлланган.

Озодлик радиоси туркман хизмати саволларига жавоб берар экан, HRW вакили Ўзбекистондаги вазиятга тўхталиб, жумладан мана бундай деди:

- Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонда вазият оғир, репрессиялар жуда кучайган. Биз Бош котиб жанобларини адолатсиз озодликдан маҳрум қилинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини, журналистларни, диссидентларни зудлик билан ҳеч қандай шартларсиз озодликка чиқариш учун босим ўтказишга чақирдик.

БМТ Бош котиби Бан Ги Муннинг Марказий Осиё мамлакатларига сафари бугун, 31 март куни бошланади.

Марказий Осиëга биринчи сафар билан келаëтган БМТ Бош котиби минтақанинг бешала пойтахтига боради ва бу ерда қуролсизланиш¸ ядровий қуроллар тарқалмаслиги¸ атроф-муҳит масалалари¸ сув тақсимоти¸ ëнилғи ва иқлим ўзгариши каби муаммоларни муҳокама қилади.

Илк сўзлашувларини 1-2 апрел кунлари Туркманистон пойтахтида бошлайдиган Бан Ги Мун бу ерда президент Қурбонқули Бердимуҳамедов билан учрашади ва БМТ нинг превентив дипломатия бўйича минтақавий марказига ташриф буюради.

4 апрель, якшанба куни эса Бан Ги Муннинг Тошкентда президент Ислом Каримов билан учрашиши¸ 5 апрелда эса Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети талабалари олдида маъруза қилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG