Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:13

Душанбега тўй қайғу, Тошкентга пикет


Бугун 35 йиллиги нишонланаётган Талко заводининг ускуналари эскириб кетгани туфайли, кузатувчиларга кўра, минтақадаги экологик вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.
Бугун 35 йиллиги нишонланаётган Талко заводининг ускуналари эскириб кетгани туфайли, кузатувчиларга кўра, минтақадаги экологик вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Тожикистонда “Талко” алюминий ишлаб чиқариш заводининг 35 йиллик юбилейи тантанали нишонланаяпти. Айни пайтда Ўзбекистонда бу корхонанинг атроф-муҳитга етказаётган зарарига қарши тарғибот кампанияси ва пикетлар давом этмоқда.

Алюминий ишлаб чиқариш бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаши айтилаётган “Талко” алюминий заводи 1975 йил 31 мартида ишга туширилганди. Бугун эрталабдан Тожикистон давлат телевидение ва радиоларида Талко юбилейига бағишланган махсус дастурлар тақдим этилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур завод чиқиндиларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирига қарши пикетлар давом этаяпти. Ана шундай пикетлардан охиргиси 29 март куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи шаҳрида бўлиб ўтган. Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизматининг хабар қилишича, норозилик намойишида 200 чоғли шўрчилик иштирок этиб, “Душанбе-Конибодом” йўналиши бўйича кетаётган йўловчи поездини пикет қилган.

Шунингдек, СА–NEWS ахборот агентлигининг хабар қилишича, 30 март куни Ўзбекистон қуйи палатаси депутатлари ва Экологлар ҳаракати вакиллари Сурхондарё вилоятининг Динов туман аҳолиси билан учрашиб, уларни Талко алюминий заводига қарши бирлашишга чақирган.

Айни пайтда Талко заводи чиқиндилари юзасидан норозилик Тожикистоннинг ўзида ҳам кучли. Аммо аҳоли бу борада очиқ гапира олмайди. Талко алюминий заводи заҳарли чиқиндиларидан зарар кўрганлардан бири, турсунзодалик Зулфия завод зарарлари ҳақида ошкор гапирган одам маҳаллий расмийлар босимига учраши мумкинлигини айтади.

- Аёлларимиз туғишни истамайди, чунки шу заводнинг таъсиридан кўп болалар ногирон туғилаяпти. Бизда туғиш камайган. Ўзимнинг ошқозоним оғрийди, тишларим тўкилиб кетган, ҳамма тишим сунъий. Болаларимизнинг ҳам, молларимизнинг ҳам тиши тўкилаяпти. Билмайман, бундан кейин қандай яшаймиз, дейди Зулфия.

Исмини айтмаган ўзбекистонлик аёл бу гапларни қувватлар экан, алюминий заводининг, хусусан, ўзбек-тожик чегараси ҳудудида яшаётган аҳоли саломатлиги ва қишлоқ хўжалик экинларига зарари кўпроқ эканини таъкидлади.

- Ҳар йилгидек пахта, мева, дон бўлмайди, бизга алюминий заводнинг таъсири катта-да. Айниқса, чегара зонасига жуда катта. Масалан, эрталаб уйғонсак, туролмаймиз. Оғзимиз заҳар бўлиб турамиз. Узум, зардолу йўқ бизларда, дейди ўзбекистонлик аёл.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг кўпчилик юртдошларини ташвишлантираётган нарса бу завод чиқараётган заҳарли моддалар таъсиридан одамларнинг бепушт бўлиб қолаётганидир.

Гарчи Тожикистон парламенти 2008 йили заҳарли чиқиндиларни қисқартириш бўйича Киот баённомасини тасдиқлаган бўлса-да, айрим норасмий манбаларнинг маълум қилишича, Талко алюминий ишлаб чиқариш заводи замонавий технологияга мослашмаган.

Бу эса, ўз навбатида, минтақа экологиясини заҳарлаб, аҳолининг, хусусан, ёш болалар ва аёлларнинг турли касалликларга чалинишига, қишлоқ хўжалигининг эса батамом фалажланишига сабаб бўлмоқда.

Аммо Талко алюминий заводи ва ундаги технология билан яқиндан танишлигини қайд этган Тожикистон қуйи палатаси депутати Шоди Шабдолов бу гапларда асос йўқлигини таъкидлайди.

- Тожикистондаги алюминий заводи шўролар даврида қайта реконструкция қилиниб, янги технология билан мослаштирилган эди. Яъни бу завод ўша даврда ўрнатилган тозалагич филтрлар билан ҳозир ҳам ишлайди. Ҳали шўролар замонида бу масала икки қўшни республика ўртасида кўтарилган эди. Лекин Москвадан шу соҳа бўйича Тожикистонга келган махсус комисия вакиллари завод стандартларга жавоб беришини маълум қилишган эди, дер экан Тожикистон қуйи палатаси вакили Шоди Шобдолов Япония, Араб амирликлари каби давлат вакиллари мазкур корхонани энг замонавий технология билан жиҳозлашга рағбат билдирганларини ҳам қўшимча қилди.

Парламент қуйи палатаси депутатининг айтишича, Талко фақат Тожикистон ва тожикистонликлар учунгина эмас, балки Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларидаги аҳоли учун ҳам даромад манбаи экан. Шунингдек, жаноб Шабдолов масаланинг бошқа жиҳатларига ҳам урғу бериб ўтди.

- Ўзбекистоннинг ҳам Чирчиқ, Бухоро ва шу каби қатор вилояту шаҳарларида кимёвий заводлар бор. Улардан чиқаётган заҳарли тутунлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, Тожикистонни ҳам заҳарлаётир. Лекин биз на расмий ва на норасмий тарзда қўшнимизнинг бу корхоналарига қарши норозилик билдираётганимиз йўқ, дея таъкидлади Тожикистон Коммунистик партияси раиси, қуйи палата депутати Шабдолов.

Мавзу юзасидан Тожикистон Талко алюминий ишлаб чиқариш заводи масъуллари билан ҳам боғланишга уриндик. Бироқ Талко заводи вакилларидан бири Татянанинг айтишича, “бугун заводда катта байрам, ҳамма зиёфатда бўлиб, эртагача бирорта бошлиқни топиш амримаҳол” экан.
XS
SM
MD
LG