Линклар

Чегараларни аниқлаш масаласи яна кун тартибида


Қирғиз-ўзбек чегарасининг баҳсли ҳудудларидаги битмас-туганмас можаролар, афтидан, ҳар иккала томоннинг ҳам жонига теккан кўринади.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг баҳсли ҳудудларидаги битмас-туганмас можаролар, афтидан, ҳар иккала томоннинг ҳам жонига теккан кўринади.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш давлатлараро комиссияси апрел ойида ўз ишини қайта тикланиши олдидан қирғиз депутатлари ҳукуматдан чегараларни аниқлаш жараёнини тезроқ якунлашни талаб қила бошладилар.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати расмийлари бу жараён осон кечмаслигини, кейинги беш йил мобайнида Ўзбекистон –Қирғизистон чегараларини аниқлаш жараёнининг якунланиши мушкул эканини айтмоқдалар.

Қирғизистон парламенти депутатлари ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш жараёни 15 йилдан бери ниҳоясига етмаётганидан таажуб билдираяптилар.

- Чегарани аниқлаш учун яна қанча вақт керак бўлади? 15 йилдан бери чегараларнинг аниқланмагани нимани англатади? Бу масалани ҳал қилиш учун сиёсий иродамиз етмаяптими? – деди чегара масаласи муҳокама қилинган парламент йиғинида депутат Каромат Ўрўзова.

Қирғизистон расмийларининг айтишларича, бундан 10 йил аввал бошланган ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш жараёни яна қанчага чўзилиши ҳозирча номаълум.

Бош вазир Дониёр Усенов Ўзбекистон томонининг беш йил давомида мазкур жараёнда иштирок этмай қўйгани чегараларни аниқлаш ишини ортга суриб юборганини айтди.

Бош вазирга кўра, апрел ойидан қайта жонлантириладиган чегараларни аниқлаш иши осон кечмайди. Чегара чизиғининг ҳар бир метри устида тортишувлар бўлади.

- Ҳар бир метр жойни пиёда юриб, харитага туширамиз. Бу иш апрел ойидан бошланади, деди Дониёр Усенов.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Бўлўт Жонузақовнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 100 дан ортиқ баҳсли нуқталар мавжуд.

- Юзга яқин ҳудудлар масаласида тортишувлар бор. Асосан Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги ҳудудлар баҳсли бўлиб турибди. Агар бу масалани сиёсий ирода билан ҳал этмасак, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида низоларга сабаб бўлувчи ҳудудларни болаларимизга мерос қилиб қолдириб кетамиз. Чегара масаласида ҳар икки давлат ҳам муросага келмас экан, низолар сўнмайди, деди Бўлўт Жонузақов.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси 1375 километрни ташкил қилади. Ўн йил мобайнида унинг 994 километрдан кўпроғи аниқланган.

26 март куни Қирғизистон бош вазири Дониёр Усенов фаолияти беш йил олдин тўхтаб қолган ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш давлатлараро комиссияси ўз фаолиятини қайта тиклаганини ва 15 апрелдан бошлаб ишга киришишини эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG